Вертер сояси: Айтинг-чи, сиз чоҳга итарувчимисиз ёки қутқарувчи?
Ҳа, ҳаёт гўзал
Бундан 15 йил олдин “Ҳаёт гўзал” деган телекўрсатувга таклиф қилишган. Ўзингиз ва ички туйғуларингиз ҳақида очиқ гапириш деярли табу бўлган даврлар эди. Бўлиб ҳам ўз жонига суиқасд мавзуси... ва шу ҳолатдан қандай чиқиб ҳаётга қайтганимни гапириб беришим керак эди. У пайтлари кўпчилик учун депрессия сўзининг ўзи ҳам ҳатто номаълум бўлган. Ҳозиргача бир синфдошим ўша кўрсатувда айтган гапларимга ҳайрон қолади ва ҳар сафар кўрганида саволини қайтаради: “Нега ўша кўрсатувда ҳаёт қоронғу кўринган, яшагим келмаган деган эдинг?”.
Мен эса ҳар сафар жим қоламан. Чунки депрессияни билмаган одамга уни тушунтириш — рангни кўрмаганга рангни таърифлашдек.
Ўша кунларни эсласам... кўнглимга қил ҳам сиғмаган, ҳамма жой жуда қоронғу кўринган. Юрагим бесаранжом, қўрқув ва таҳлика ҳолу жонимга қўймаган, яшагим келмаган, аммо шу хаёл меники эмаслигини ҳам билардим. Чунки инсон яшашни исташи керак. Нега мен яшашни хоҳламаганман? Ахир муаммолар ҳаммада ҳам бўлади-ку…
Биринчи июнь куни, қизим ҳали гўдак пайти, болалар байрамидан қайтарканман, ичимда илк бор қувончни ҳис қилмаганимни пайқадим. Эрталаб эса осмонга қараб, уни булутли деб ўйладим. Атрофимдагилар эса ҳайрон: “Қуёш чарақлаб турибди-ку”, дейишди. Ўша куни илк марта қалбимдан бир бегона фикр ўтди: ҳаёт мазмунсиз… яшагим келмайди. 29 ёшимгача бундай фикрни ҳатто тасаввур ҳам қилмаганман. Кейин қўрқувлар бошланди. Сабабсиз безовталик, уйқусизлик, кўз ёшлар. Ва энг оғриқлиси — ҳаётга бўлган қизиқишнинг сўниб бориши. Мен ўзимни тушунмасдим. Нима бўлди менга? Қувончларим қаерга кетди? Орзуларим-чи?
Кимнингдир маслаҳати билан невропатологга бордим. Илк бор “стресс” деган сўзни ўшанда эшитдим. Шифокор дори ёзиб бераркан, ичимда шубҳа пайдо бўлди: наҳотки дорилар ҳаётга бўлган қизиқишни қайтарса?
Кейин қўлимга тасодифан психологияга оид китоб тушиб қолди. Ўша китобда илк марта “депрессия” деган сўзни ўқидим: йиғлоқилик, тушкунлик, бефарқлик. Ҳатто ўз жонига суиқасд ҳақида фикрлар… Китобда яна бир гап бор эди: бу ҳолат ўтиб кетади.
Бу гап менга умид бўлмади, ишонч ҳам эмас. Шунчаки қалбимнинг бир чеккасига жойлашган фикр бўлиб қолди.
Ҳар кеча “эртага ҳаммаси бошқача бўлади”, деб ухлардим. Эрталаб эса яна ўша ҳолат — қора хаёллар, ички бесаранжомлик, изоҳлаб бўлмайдиган қалб оғриғи. Буни тушунтириш қийин. Бу ҳолатдаги инсоннинг ҳар бир сонияси азобли қалб оғриғи билан ўтади. Ҳаётдан маъно излайсан, аммо у йўқдек, чунки қувонч, умид, қизиқишлар тугаган жойда маъно ҳам йўқоларкан...
Мияга ўрнашиб олган, қочиб бўлмайдиган фикрлардан қутулишни истайсан. Худди қалбингда оғир юкни кўтариб юргандек бўласан. Ҳамма нарсадан қочса бўлар, лекин ўзликдан қочиб бўлмайди...
Кейин узоқ даволанишлар, қадамба-қадам ҳаётга қайтиш… Ва бир кун келиб, ҳаёт яна аста-секин рангларини қайтарди.
Ҳозир ўйлайман: депрессияни англаб, ундан чиқиб кетган, қайтадан ҳаётни тиклаган мендек одамлар қанча экан? Ҳаётни депрессиядан кейин бошқача, лекин янада онглироқ яшаётганлар-чи… Фарзандларини катта қилаётганлар, ишлаб одамлар орасига қўшилганлар, ижодкор бўлса ижодини давом эттираётганлар… биз уларни кўпинча билмаймиз, аммо агар шу ҳолатга дуч келган одам фожеали йўлни танласа-чи?
Ёш шоирнинг ўлими...
Яқинда ёш шоирнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. У мен чуқур депрессияни, тушкунликни бошдан кечирган ёшда экан... Кетма-кет шеърлар, марсиялар, жамиятни айбловчи ҳиссиётли постлар ёзилди. Кап-катта одамлар, таниқли ижодкорлар билиб-билмай бу фожиани романтизация қилиб, уни “гўзал бир якун”дек тасвирлай бошлашди. Аммо биз бир нарсани унутяпмиз, ўлимни улуғлаш — чоҳ ёқасида турган бошқа заиф қалбларни пастга итариб юбориш билан баробардир. “Шоир нега ўзини осди?”, “Нега у дунёга шошар шоирлар” каби хабарларга жуда кўпчилик шоир эътиборсиз қолгани, эшитилмагани учун бу дунёдан кетди, деб изоҳлар ёзишган. Ҳатто бир журналист депрессиядан азият чекиб ўз жонига қасд қилган машҳурларнинг рўйхатини санаган, яна бир ҳамкасбимиз эса ёш кетган ижодкорларнинг йилларигача кўрсатиб ўтган. Яна биров профессионал психологлар етишмаслиги сабаб ёшлар орасида ўз жонига қасд қилишлар кўпайганини ёзғирмоқда... Қизиғи, шоир бола бирон марта психологга учраганмикан? Аслида ўз жонига суиқасд ҳақидаги фикрли одамлар психолог эмас психиатрга учраши керак...
Яна бир ижодкор унга атаб шеър ёзади, шеърнинг қўрқинчлилигини қаранг: “нега у дунёга шошар шоирлар, жаннатдан хушхабар келармикан ё...” Мана шу икки қатор мисранинг ўзи қанчалик хавфли экани бир илмий иш қилишга арзийди. Бундай талқинлар, истамасак-да нотўғри тасаввур уйғотиши мумкин, яъни азобни ижод манбаига, тарк этилишни улуғлашга, фожеа эса романтика деган фикр шаклланади.
Вертер ва Папагено: Сўзнинг ўлдириш ва қутқариш қудрати
Ёш шоирнинг ўлимини романтиклаштириш, у ҳақда хабарларни кўпайтириш худди шундай кайфиятда юрган ёшларга нима беради, деган саволни ҳар бир ижтимоий тармоқ фойдаланувчиси ўйлаб кўриши керак. Психологияда “Вертер эффекти” деган тушунча бор. Бу бирор машҳур инсоннинг ўз жонига қасд қилиши оммавий ахборот воситаларида ҳиссиёт билан, тафсилотларигача ёритилса, бошқа одамлар орасида ҳам шу ишни такрорлаш кўпайишидир. “Вертер эффекти” тушунчаси 1774 йилда Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” асари нашр этилгандан сўнг пайдо бўлган. Асар қаҳрамони севгиси рад этилгач, ўзини ўлдиради. Китоб дунё юзини кўргач, Европа бўйлаб ёшлар орасида худди Вертердек кийиниб, худди у каби қурол билан ҳаётга нуқта қўйиш тўлқини бошланади. Ўша асардан сўнг Европада юз берган ўлимлар занжири бугун ижтимоий тармоқлардаги “лайк”лар ва “репост”лар шаклида қайталанмоқда.
Биз “Шоир нега ўзини осди?”, “Бу дунё унга торлик қилди”, деб ёзаётганимизда, аслида навбатдаги фожиа учун сценарий ёзаётган бўламиз.
Ўз жонига суиқасд қилган одамнинг суратларини маҳзун мусиқалар, таъсирли шеърлар ёки “гўзал” фонлар билан улашишиши эса фожиани даҳшатли воқеа эмас, балки “нафис ва юксак ечим” сифатида кўрсатиб қўяди. Ўлимни “эркинликка чиқиш” ёки “дунёга протест (норозилик)” деб талқин қилиш, руҳий қийинчиликни бошдан кечираётган бошқа ёшлар учун нотўғри туртки бўлади. Аслида эса тушкунлик фақат шоирларнинг ҳисси эмас, уни оддий чўпон, мактаб ўқувчиси, журналист, футболист, актёр ҳам бошдан кечириши мумкин. Депрессия романтика эмас, оғриқли руҳий ҳолат. Ва у билан курашиш мумкин, ундан чиқиш мумкин, у билан яшаш мумкин.
Шу ҳолатни бошдан кечирган, лекин яшашни танлаган одамлар ҳам бор. Масалан, қўшиқчи Деми Ловато, у узоқ йиллар депрессия, биполяр бузилиш ҳақида очиқ гапириб келади ва ҳозир ҳам ижод қилади, яшайди, терапияни яширмайди.
Ёзувчи ва шоир Мэтт Хейгнинг ҳаётидаги оғир даврлар унинг шахсий кураш тажрибаси билан боғлиқ. У 24 ёшида оғир клиник депрессия ва паник ҳужумлардан азият чеккан, ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳақида ҳам ўйлаган.
Бироқ вақт ўтиши билан у бу ҳолатдан чиқиш йўлини топа олди. Хейг ҳаётга бўлган муносабатини ўзгартирди, диққатини фақат ички кечинмаларига қаратмасдан, атрофдаги ҳаётга ҳам назар сола бошлади. Унинг айтишича, инсоннинг фикри фақат ўз боши ичида айланиб қолмаслиги керак.
Шу тажриба асосида у “Яшаш учун сабаблар” номли автобиографик китобини ёзди. Бу асарда у ўзининг руҳий инқироздан, тушкунликдан чиқиш йўлини очиқ баён қилади ва ментал муаммолар билан курашаётганлар учун амалий маслаҳатлар беради.

Фото: Livemaster.by
Интернет ривожланган, саволга жавоб топиш осон бўлган замонда бу ҳолат билан курашиш ва чиқиб кетиш янада осонроқ, бўлиб ҳам ўқимишли, китоблар билан ошно инсон учун...
АҚШнинг 16 президенти Абраам Линкольн йиллаб оғир депрессия билан курашган, аммо таслим бўлмаган.
Ёзувчи Жоан Роулинг “Гарри Поттер”ни ёзишдан олдин ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаган, лекин депрессиясини “Дементорлар” образига кўчириб, ундан ғолиб чиққан.
Яъни бизда яна битта йўл бор... “Папагено эффекти” термини Моцартнинг “Сеҳрли най” операсидаги Папагено образи билан боғлиқ. У ҳам ҳаётдан тўйиб, ўзини осгани дарахт қидиради. Лекин сеҳрли руҳлар унга бошқа йўл борлигини, яшаш ва курашиш кераклигини уқтириб, уни фикридан қайтаришади.
Бу эффектнинг нақадар кучли эканини Вена метроси тарихи исботлаган. 1980 йилларда Вена метросида ўз жонига қасд қилиш ҳолатлари кескин кўпаяди. Журналистлар бу воқеаларни барча тафсилотлари ва “романтик” маҳзунлиги билан ёрита бошлашгач, ўлимлар сони янада ортади.
Олимлар ва психологлар ОАВ билан келишиб, бундай воқеаларни батафсил ёритишни тўхтатишни ва бунинг ўрнига психологик ёрдам берувчи ташкилотлар, инқироздан чиқиб кетган инсонлар ҳақида мақолалар чиқаришни сўрашган. Натижада, метро поезди тагига ташлаш ҳолатлари 80 фоизга камайган. Бу илм-фанда Папагено эффектининг энг катта исботи ҳисобланади.
Силвия Плат, Эрнест Хемингуэй каби ижодкорларнинг тақдирини фақат “фожиавий гўзаллик” сифатида эмас, балки даволанмаган руҳий оғриқнинг аччиқ натижаси сифатида кўрсатиш лозим. Зеро, ўлим ҳақидаги гўзал сўзлар заҳарланган қандга ўхшайди. Шу боис бизнинг вазифамиз ўз жонига қасдлашганларни эмас, ўлим ёқасидан қайтган ва яшашда давом этаётган одамлар ҳақида кўпроқ бонг уриш.
Депрессия ичида юрган пайтларимда ҳеч қачон бир кун келиб ҳаётни севаман, деб ўйламаганман. Ҳатто “Ҳаёт гўзал” кўрсатувида ўз ҳикоямни айтиб бераман, деган хаёл ҳам мендан жуда йироқ эди.
Ўша кунларда яна бир нарсани тасаввур қила олмасдим: ҳали ёшига ҳам етмаган ва уч ёшли фарзандларим каттаради, уларнинг ютуқларини кўраман... Онамнинг мен ҳақимда хавотир олган кунлари ўтиб кетади, кейин у менинг ютуқларимни кўриб қувонади. Ўша пайт менда фақат битта ҳис бор эди: яшагим келмасди. Тамом.
Аммо вақт ўтди, англаганим тушкунлик бу якун эмас, у ўтиши мумкин бўлган ҳолат. Инсон яна қайтадан ҳис қила олади. Яна ҳаётни қайтадан сева олади. Яна қайтадан яшашни истайди. Бугун мен ўша кунларга қараб битта нарса дейман: шу ҳақиқатни билган куним учун миннатдорман.
Албатта муаммонинг ечими бор...
Руҳият жуда катта жумбоқ. Бу ҳолатнинг ҳар дақиқаси қанчалар азоб билан ўтишини фақат уни бошидан ўтказган одам билади. Ўшанда мен китобдаги “бу ўткинчи ҳолат” деган бир жумлани ушлаб олдим. У менга умид эмас, лекин кут деган ички сукутни берган. Ва вақт ўтиб аста-секин ҳаёт бошқача кўрина бошлади.
Шунда мен битта ҳақиқатни тушундим: инсон қайтадан яшашни ўрганиши мумкин. Ўлим якун, депрессия эса жараён. Жараён тугайди, инсон яна қайтадан яшай бошлайди, ҳаёт давом этади...
Агар тушкунликнинг сабабларини тушунмаганимда, эҳтимол мен ҳам ўша сукунат ичида қолиб кетишим мумкин эди. Лекин мен омон қолдим. Ва фақат омон қолмадим ҳаётни қайтадан бошладим. Ёки бўлмаса хиёнатдан азият чекиб тушкунликка тушган, ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган, аммо шифокорлар ёрдамида оёққа турган оддий ўқитувчи аёлни биламан, бугун профессор даражасига етган, фарзандларини хорижда ўқитмоқда. Яна ўзим гувоҳи бўлганим, шифокорга бошлаб борганим, оиласидан ажрашгач тушкунликка тушиб оғир ҳолатда қолган уста йигит икки фарзанднинг отаси, аввалгидан анча қувноқроқ ва оилапарварроқ... Биз Папагено эффектининг тирик мисолларимиз. Бизнинг ҳикояларимиз кимгадир нажот бўлиши керак.
Энди ўзингизга савол беринг: ижтимоий тармоқлардаги постинггиз билан сиз кимсиз? Ўлимни гўзаллаштириб, суиқасдчиларни кўпайтиришга ҳисса қўшаётган Вертермисиз ёки курашишни ўргатиб, кимнингдир ҳаётини сақлаб қолувчи Папагеноми?
Айтинг-чи, сиз чоҳга итарувчимисиз ёки қутқарувчи?
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter