Яшалмаган лаҳзалар архиви...
Тоғ чўққиси. Шамолнинг майин шитирлаши, асрий арчаларнинг ифори ва уфққа бош қўяётган қуёшнинг сокинлик бахш этувчи шафақи. Бу ерга инсон шаҳар шовқинидан қочиш, руҳан тинчланиш ва табиат улуғворлиги қаршисида сукут сақлаш учун келади. Одатда шундай бўлиши керак эди...
Аммо бу сукунатни ҳис қилаётганлар унчалик кўп эмас. Аксарият одамлар телефон экранига тикилган: кимдир видео олмоқда, яна кимдир эса энг яхши ракурсни қидирмоқда, бутун диққат-эътибори идеал ёруғлик, селфига тушишга қаратилган. Шу онда бир савол туғилади, хотира яратиш билан шу қадар банд бўлиб кетмадикми, лаҳзанинг ўзини яшашни унутиб қўймадикми?
Кўпчилик ҳар бир қадамимни “ҳозир расмга олиб қўйсам, кейин эслаб юраман”, деб ўйлайди. Аслида эса бунинг тескариси содир бўлади.
“Камера сурати эффекти” нима дейди?
Фэрфилд университети (АҚШ) профессори Линда Хенкел бу борада махсус тадқиқот ўтказган. У талабаларни музейга олиб бориб, экспонатларнинг бир қисмини шунчаки томоша қилишни, қолган қисмини эса расмга олишни буюрган. Кичик бир тажриба катта ҳақиқатни очди: талабалар расмга олган буюмларини, шунчаки кўз билан томоша қилган буюмларига қараганда анча ёмонроқ ва камроқ деталлар билан эслаб қолишган.
Профессор буни “Камера сурати эффекти” (Photo-taking impairment effect) деб атади. Миямиз агар у ёнимиздаги қурилма воқеани ёзиб олаётганини сезса, “менинг эслаб қолишимга ҳожат йўқ, архив мавжуд” деб ҳисоблайди ва диққатни ўчиради. Яъни, табиат қўйнида телефонни кўтарган лаҳзамиздаёқ мия ўша гўзалликни хотирамизга муҳрлашдан тўхтайди. Оддий қилиб айтганда, инсон мияси баъзан “бу маълумотни сақлаб ўтиришим шарт эмас, ахир телефонда сақланиб қолди-ку” дегандек ишлайди.
“Кўринмас горилла” тажрибаси
Иллинойс университети психологи Даниэль Саймонс ҳамда Кристофер Шабрис ҳамкорлигидаги “Кўринмас горилла” тажрибаси билан инсон диққати қанчалик чекланганлигини исботлаган.
Олимлар иштирокчиларга оқ ва қора футболкадаги одамлар баскетбол тўпини бир-бирига қанча кўп узатаётганини санашни айтишган. Видео ўртасида экрандан костюм кийган одам (горилла) ўтиб кетади, аммо иштирокчиларнинг деярли ярми уни умуман пайқамаган. Бу инсон миясининг “диққат кўрлиги” феноменини исботлайди, ақл маълум бир вазифага (тўпни санашга) қаттиқ чалғиганда, бошқа кутилмаган ҳодисаларни кўрмай қолади. Тадқиқот экранга тикилганимизда, миямиз “когнитив туннел” га тушиб қолишини, биз фақат кадр ичидаги дунёни кўришимизни, унинг ташқарисидаги реаллик (қушлар сайраши, шамол шивири, тоғ ҳавоси) камида 80% га блокланишини ўрганди. Хуллас, сиз тоғда бўла туриб, аслида тоғ, табиатни ҳис қилмайсиз.
Буни ҳар ким ўз ҳаётидан ҳам сезган бўлса керак. Баъзан саёҳатдан қайтгач, телефонда ўнлаб суратлар бўлади, аммо ўша пайтдаги шамол, қушларнинг овози ёки қалбингизда уйғонган туйғуларни эслаш қийинлашади.
Бу ерда яна бир тузоқ бор: биз табиат қўйнида чиройли суратга тушаётганимизда, ички дунёмизда мутлақо бошқа жараён кетади. Биз ўзимизни эркин қўйиб, гўзалликдан завқланиш ўрнига, “кадр ичида қандай кўриняпман?”, деган ташвиш билан банд бўламиз. Қоматни, сочни тўғирлаш, юзга сохта табассум югуртириш асосий ишимиз бўлиб қолади.
Ҳиссиётлар эмас, сунъий қиёфа....
Гарвард университети тадқиқотчилари бу ҳолатни ўрганиб, қизиқ бир хулосага келишди: Инсон воқеани тасвирга олиш ёки селфига тушишга фокусланган пайтда, унинг ички туйғулари “синтетик” (сунъий) кўринишга ўтади.
Бу дегани, кейинчалик, йиллар ўтиб ўша архивланган суратга қараганингизда, хотирангизда табиатнинг улуғворлиги ёки ўша лаҳзадаги ҳақиқий ички хотиржамлик уйғонмайди. Сиз фақат ўша кадрни олиш учун қанчалик ҳаракат қилганингиз, шамол сочингизни тўзғитганидан жиғибийрон бўлганингиз ёки суратни ижтимоий тармоққа қўйгандан кейин қанча лайк тўплаганингизни эслайсиз, холос. Демак телефон бизга энг кераги бўлган туйғуларни сақлаб бермайди.
Бир қарашда бу оддий одатдек туюлади. Ахир суратга тушиш ёки видео олишнинг нимаси ёмон? Муаммо суратда эмас, муаммо шундаки, баъзан биз ҳар қадамимизни камерага муҳрлаётганимизда воқеликни бевосита эмас, экран орқали қабул қила бошлаймиз.
Технология инсон хотирасини бойитиш учун яратилган эди, аммо аста-секин хотиранинг ўрнини эгаллай бошлади. Телефонларимизда кўплаб фотосуратлар бор, бироқ уларнинг қанчасини бир йилдан кейин қайта очиб кўрамиз? Қанчаси биз учун ҳақиқий хотира, ахир суратга тушириш хотирани сақлашга ёрдам бериши керак эмасми?
Фожиагача бир қадам...
Аммо лаҳзани йўқотиш — муаммонинг фақат фалсафий томони. Бу одат жамиятда тиббий хавфга, ҳатто фожиаларга айланиб улгурди. Инсонда чиройли кадр ва виртуал мақтов (лайклар) олиш иштиёқи хавфни ҳис қилиш инстинктини сўндириб қўймоқда.
Бу борада ўтказилган глобал тадқиқотлар даҳшатли статистикани кўрсатади. Масалан, Нью-Дели тиббиёт фанлари институти олимларининг таҳлилларига кўра, дунёда селфига тушаман деб ҳалок бўлганлар сони акула ҳужумидан ўлганлар сонидан бир неча баравар кўпдир. Одамлар чиройли сурат учун жарлик ёқасига келади, баланд шаршаралар тепасида мувозанатни йўқотади ёки ҳаракатланувчи транспорт яқинида экранга тикилиб қолади.
Бу тиббиётда “Селфи-дисморфия ва рақамли кўрлик”нинг энг хавфли босқичи ҳисобланади: инсон ўзини экранда кўриб тургани учун, оёғи остидаги реал хавфни, сирпанчиқ тошни ёки тубсизликни илғамай қолиши мумкин экан.
Бу мақола орқали биз суратга олишни қораламоқчи ёки хавфли демоқчи эмасмиз. Аммо гўзал онларни фақат “сақлаб қўйиш” учунгина суратга олиб, завқланиш билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Энг гўзал, энг самимий хотиралар телефонда эмас, инсоннинг қалби ва шуурида муҳрланади. Биз телефон объективини созлаш, ёруғликни тўғрилаш ва чиройли ракурс излаш билан овора бўлиб, атрофимиздаги тирик дунёни, яқинларимизнинг асл табассумини ва табиатнинг бетакрор жозибасини ўтказиб юбормоқдамиз. Гоҳида дунёни экран орқали кузатишни тўхтатиб, камерани ўчириб, шунчаки борлиқдан чин дилдан завқланиш завқи бошқача бўлса керак-а?
Ва ўзингизга савол беринг: шу пайтгача қанча лаҳзаларни суратга олдингиз ва қанча лаҳзаларни чинакамига яшашга улгурдингиз?
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter