Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Зокиржон Машрабов қаттиқ чарчади, аммо кайфияти чоғ...

Зокиржон Машрабов қаттиқ чарчади, аммо кайфияти чоғ...

Зокиржон Машрабов.

Фото: Xabar.uz

Мамлакатимизда шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни кенг нишонланди.

Буюк аждодимиз туғилган сана айниқса Андижонда алоҳида иштиёқ ва кўтаринкилик билан ўтказилиши маълум. Негаки, Андижон – Бобур ҳазратлари таваллуд топган табаррук маскан ҳисобланади. Қолаверса, бу ерда ашаддий бобурпараст, фидойи маърифатпарвар Зокиржон ҳожи Машрабов раҳбарлигида Бобур номли халқаро жамоат фонди фаолият юритади. Мазкур жамоат фондига бетакрор шоир ва саркарданинг муборак номи шунчаки қўйилган эмас.

Ташкил этилганига салкам ўттиз йил бўлибдики, жамоат фонди нафақат Бобур Мирзонинг ибратли ҳаёти ва ҳукмдорлик фаолияти, ноёб адабий мероси, ул зот қадами етган табаррук жойларга ташриф буюриш, ўта ноёб қўлёзмаларни ўрганиш, илмий аҳамиятга эга китобларни келтириш, балки халқимизнинг ўнлаб бошқа атоқли шоирлари, олимлари шахси билан боғлиқ қадамжоларни обод қилиш борасида беқиёс ва ибратли ишларни амалга ошириб келмоқда.

Фото: Xabar.uz

Фонд ҳузуридаги Бобур халқаро илмий экспедицияси томонидан элликдан ортиқ хорижий мамлакатларга уюштирилган ўттизга яқин сафарлар давомида наинки буюк ва адолатли ҳукмдорнинг авлодлари, балки Беруний, ибн Сино, Навоий, Лутфий, Машраб ва бошқалар аждодларимиз мангу ором топган манзиллари ободонлаштирилди, Андижондаги «Бобур ва жаҳон маданияти» экспозициясига 700 дан ортиқ нодир ҳужжатлар, қўлёзмалар келтирилди. Улар асосида фонд ҳомийлигида элликдан ортиқ турли жанрдаги китоблар нашр этилди.

Биргина ўтган йилнинг ўзида «Бобурнома» (кирилл ва лотин имлосида, бошқа тилларда ўнга яқин нашри), «Бобур энциклопедияси» (иккинчи нашри – учинчи ҳамда инглиз ва рус тилидаги нашрлари тайёрланмоқда), «Бобур ва Бобурийлар библиографияси» каби салмоқли асарлар чоп этилди. Шунингдек, «Заҳириддин Муҳаммад Бобур. Бобурийлар. Энциклопедик, илмий ва илмий-оммабоп материаллар тўплами” номли тўрт жилддан иборат китоб (Россия Фанлар Академиясининг Туркология институти билан ҳамкорликда), «Бори элға яхшилиқ қилғил», «Бобурийлардан бири», «Кўҳинур – Бобурнинг олмоси», «Рисолаи Бобурийя», «Таърихларда темурийлар сиймоси» каби асарлар ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Шу ва шу каби машаққатли, аммо жуда хайрли ишларга уйғун равишда фонд мутасаддилари йил давомида Бобур Мирзо таваллуди санасига изчил тараддуд кўриб келади. Тайёргарлик жараёни қандай кечиши айтишга ёки ёзишгагина осон. Шу боис айни сана муносабати билан ўтадиган машваратлар хўжакўрсин учун ташкил қилинадиган тадбирларга ўхшаб, эртасигаёқ ҳамманинг ёдидан кўтарилмайди. Шундай бўлиши ҳам керак. Чунки Бобур ҳазратларининг умр йўли ва қолдирган улкан маданий-маърифий мерослар фақат маълум саналардагина ёдга олинадиган тарихнинг бир парчаси эмас.

Фото: Xabar.uz

Бу гал ҳам шундай бўлди. Бобур ҳазратлари таваллуд топган сана муносабати билан ташкил этилган тадбирлар Андижон шаҳридаги «Бобур ҳиёбони»дан бошланди. Эрта тонгда шоҳ ва шоирга ўрнатилган муҳташам ҳайкал пойига гуллар қўйилди. Вилоят мутасаддилари, фонд раҳбарияти, кенг жамоатчилик ва хориждан ташриф буюрган бобуршунослар иштирок этган мазкур тадбирда дилбар шоир ва жаҳонгирнинг адабий меросининг жаҳоншумул аҳамияти ҳақида сўз борди, шоир ғазалларига басталанган тароналар янгради, кўргазмали чиқишлар намойиш этилди.

Фото: Xabar.uz

Асосий тадбир эса «Боғи Бобур мажмуаси»да ўтди. Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган илмий-амалий анжуманнинг бу галгисида ҳам аввалига амалга оширилган ишлар, фонднинг халқаро даражадаги фаолияти сарҳисоб қилинди, шунингдек, яқин келажакдаги режалар хусусида ахборот берилди. Сўнг маҳаллий ва хорижий бобуршунос олимларнинг илмий маърузалари тингланди. Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, АҚШ ва қўшни давлатлардан ташриф буюрган меҳмонлар билан ўзаро илмий ҳамкорликка оид масалалар муҳокама қилинди. Буюк аждодимиз адабий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда катта заҳмат чеккан олим, адиб, санъаткорлар Бобур номидаги халқаро мукофот, шунингдек, фонднинг Фахрий Ёрлиғи ҳамда қимматбаҳо совғалар билан сийланди.

Фото: Xabar.uz

...Мухтасар хабарга бугун ўтган тадбирларнинг «бор бўйи басти»ни сиғдириш қийин, албатта. Юзга яқин маҳаллий, узоқ ва яқин хориждан келган меҳмонларни кутиш ва кузатишнинг ўзи унча-мунча жамоа аъзолари тинкасини қуритади. Шу жараёнда катта илми-амалий анжуман ҳам ўтказилишини тасаввур қилаверинг!

Хуллас, бугун кечга бориб мезбонлар елкасидан тоғ ағдарилди. Муҳими, режадаги тадбирлар муваффақиятли ўтди.

Чарчоқ? Албатта, бор: чарчамасликнинг иложи йўқ. Бироқ фонд раҳбари Зокиржон Машрабовнинг кайфияти чоғ. Фонд ходимларининг айтишича, ҳар йилнинг 15 февраль санасида Бобур Мирзо яна бир ёшга улғаяди, аммо шу санани муносиб ўтказиш жараёнида фонд раҳбари камида бир ёшга ёшарар экан...

Бу гап бироз эриш туюлиши мумкин, илло унда муболаға йўқ.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг