Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Испания Исроилга нисбатан кескин дипломатик чора қўллади

Испания Исроилга нисбатан кескин дипломатик чора қўллади

Испания ҳукумати қиролликнинг Исроилдаги элчиси Ану Саломонни ишдан бўшатди. Шу тариқа Мадрид Тель-Авивдаги ваколатхонаси мақомини элчиликдан муваққат вакилликка туширди.

Испания ҳукумати Исроил билан муносабатлар ёмонлашуви фонида ўз элчиси Ану Саломон 2025 йил сентябрь ойида Мадридга чақириб олган эди. Унинг ишдан бўшатилиши Исроилда испан элчиси расман мавжуд эмаслигини билдиради.

Испания 2024 йил май ойида Фаластин давлатини тан олгач, Исроил ўз элчиси Родика Радиан-Гордонни Мадридга маслаҳатлашув учун чақириб олган эди. Бинямин Нетаняҳу маъмурияти ўшандан буён Мадридга элчи юбормаган. Мадриддаги элчихонани муваққат ишлар бўйича вакил бошқариб келмоқда.

Испания Исроилнинг халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларини очиқ танқид қилаётган Ғарбдаги кам сонли давлатлардан биридир.

Жумладан, мамлакат бош вазири Педро Санчес Исроилнинг Ғазо секторида ўн минглаб тинч аҳоли вакилларини ўлдирганини қоралаб, худди Россия каби Исроил ҳам “Евровидение” танловида қатнашмаслигини талаб қилган.

Мадрид яҳудий давлатининг Ғазодаги урушига норозилик сифатида Исроил компаниясидан кўп миллионлик ўқ-дори буюртмасини ҳам бекор қилган.

Испания ҳукумати вакили Ионе Беларра Исроил Ғазода қатлиом уюштирганини қоралаб, АҚШ ва Европа Иттифоқи Исроилнинг халқаро ҳуқуққа зид ҳаракатларига кўз юмибгина қолмай, Тель-Авивнинг инсон ҳуқуқларини бузувчи апартеид ва ишғол сиёсатини қўллаб-қувватлаётганини айтганди.

Хабарингиз бор, жорий йил 28 февраль куни АҚШ ҳамда Исроил Эронга қарши кенг кўламли уруш бошлади. Испания ўз ҳудудидан Эронга зарба бериш учун фойдаланишга рухсат бермади. Бундан дарғазаб бўлган АҚШ президенти Дональд Трамп Испанияга таҳдид қилиб, савдо алоқаларини тўлиқ узишини айтди.

Трампнинг пўписаларига қарамай, Испания бош вазири Педро Санчес АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши урушини қатъий равишда танқид қилиб келмоқда. Сиёсатчи урушни инсоният учун катта фалокат деб атаган ва Вашингтонни 2003 йилда Ироққа бостириб киргани каби ўтмиш хатосини такрорламасликка ундамоқда.

Испания ташқи ишлар вазири Хосе Мануэл Албаресга кўра, испан базалари “АҚШ билан тузилган келишув ва БМТ Низомидан ташқари мақсадларда” ишлатилмайди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг