Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон Озарбайжонга туҳфа ҳозирлади

Қозоғистон Озарбайжонга туҳфа ҳозирлади

Қозоғистон Озарбайжоннинг Фузулий шаҳрида болалар ижодиёти маркази қуриб берди. Ишғолдан озод этилган шаҳарда қурилган янги маданият масканининг очилиши маросимида икки давлат президентлари Илҳом Алиев ва Қосим-Жўмарт Тўқаев иштирок этди.

Қурмонғози номидаги болалар ижодиёти маркази BI Group компанияси томонидан Қозоғистон халқаро тараққиёт агентлиги (KazAID) кўмагида барпо этилди.

«Биз – қардош халқлармиз, иттифоқчилармиз, стратегик ҳамкорлармиз. Бу шунчаки гап эмас... Озарбайжоннинг ушбу муқаддас минтақаси (Қорабоғ) истиқболда гуллаб-яшнашига шубҳа йўқ», – деди Қозоғистон етакчиси Қ.Тўқаев.

Ўз навбатида Озарбайжон президенти И.Алиев Қозоғистон халқига қардошлик ҳадяси учун миннатдорлик билдирди. 

«Марказга қозоқ халқининг улуғ фарзанди Қурмонғози номи берилди. Бу нафақат болалар ижодиёти маркази, балки Қозоғистон ва Озарбайжон халқларнинг дўстлик ва қардошлик ошёнига ҳам айланади», – деди И.Алиев.

Қозоғистон президенти ташаббуси билан бошланган қурилиш қисқа муддатда якунланди. Иншоотнинг тамал тоши 2023 йил март ойида қўйилган эди.

Марказ ҳудуди 1,5 гектарни ташкил этади. Икки қаватли бинода 600 нафар бола мактабдан ташқари машғулотларда қатнашиши мумкин. Болалар ижодиёт марказида шахматдан тортиб ҳайкалтарошликка қадар, спортдан  IT-стартапларга қадар – турли йўналишларда тўгараклар фаолият юритади.

Маълумот ўрнида, KazAID 2023 йилда Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ҳам хайрия лойиҳаларини амалга оширган.

Озарбайжон қарийб 30 йил ишғол остида бўлган Фузулий шаҳрини 2020 йилда озод қилди ва ўз назоратига олди. Оккупация даврида  «арвоҳ шаҳар»га айланган ҳудудда ҳозирда қурилиш-тиклаш ишлари амалга оширилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон ҳам Фузулий шаҳрида 960 нафар ўқувчига мўлжалланган замонавий мактаб қуриб берди. Мирзо Улуғбек номидаги 1-сонли мактаб 2023 йил август ойида икки давлат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Илҳом Алиев иштирокида очилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг