Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Россия Марказий Осиё меҳнат муҳожирларини ажал комига юбормоқда

Россия Марказий Осиё меҳнат муҳожирларини ажал комига юбормоқда

Фото: AP

Россия ҳукумати Марказий Осиё мамлакатлари меҳнат муҳожирларини Украина урушида қатнашишга кўндиришга уринмоқда. Бу ҳақда Буюк Британия мудофаа вазирлигининг кунлик ҳисоботида сўз боради.

Урушга ёлловчи мулозимлар Россиядаги масжидларга бориб, муҳожирлар билан суҳбатлашмоқда. Миграция марказлари ходимлари ҳам муҳожирларни мўмай пул таклиф қилиб қармоққа туширишга уринмоқда. Ихтиёрий равишда ажал комига бориш эвазига муҳожирларга 4160 доллар ойлик маош, шунингдек, Россия фуқаролиги ваъда қилинмоқда.

Буюк Британия мудофаа вазирлиги таҳлилларига кўра, катта маош ва фуқаролик ваъдасига ишониб чув тушган мигрантлар урушнинг энг хатарли нуқтаси – олдинги фронтга йўлланмоқда.

Россия раҳбарияти аҳоли норозилигини кучайтирмаслик учун ялпи сафарбарлик эълон қилишдан тийилмоқда ва  алдов, мажбурлов каби усуллар билан кўнгиллиларни урушга юборишга уринмоқда.

Жамоат фаоллари бир неча ойдан буён Россияда меҳнат қилаётган Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон ватандошларини Украина урушига юборишга қаратилган тарғибот кучайганидан огоҳлантирмоқда.

Москва шаҳри жамоат транспортида Россия Қуролли кучларида хизмат қилишни тарғиб этувчи эълонлар ўзбек, қирғиз ва тожик тилларида тарқатилаётгани айтилмоқда.

2022 йил сентябрь ойида эса Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган хорижликларга фуқароликни қисқа муддатда олиш имконини берувчи тузатиш қабул қилинган.

Вашингтондаги Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳам Россия Ички ишлар вазирлиги меҳнат муҳожирларини урушга ёллаш жараёнини осонлаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини таклиф этаётганини маълум қилган.

Аввал хабар берганимиздек, Россия Давлат думаси депутати Михаил Матвеев фуқаролик олган Марказий Осиё вакилларини Украина урушига жўнатишни таклиф қилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг