Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Япония Ўзбекистон давлат хизматчиларига таълим гранти ажратди

Япония Ўзбекистон давлат хизматчиларига таълим гранти ажратди

Вазир И.Абдураҳмонов ҳамда элчи Т.Ҳатори.

5 июль куни Тошкентда Ўзбекистон ва Япония ўртасида таълимга оид грант ҳужжати имзоланди. Унга мувофиқ Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари Кунчиқар ўлкада таҳсил олиш имконига эга бўлади.

300 миллион иена миқдоридаги (тахминан 2 миллион 190 минг АҚШ доллари) «Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш» лойиҳаси бўйича алмашинув нотаси Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори томонидан имзоланди.

Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури доирасида 2024 йилда Ўзбекистоннинг 18 нафар ёш давлат хизматчиси магистратура (2 йил) ва 1 нафар ёш давлат хизматчиси докторантура (3 йил) босқичида таълим олади.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, Япония ҳукумати томонидан 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида молиялаштирилаётган мазкур лойиҳа доирасида 390 нафар Ўзбекистон вазирлик ва идоралари вакиллари Кунчиқар ўлканинг нуфузли университетларида таҳсил олди. Улар магистрлик ва докторлик даражаси билан ватанга қайтиб, ҳозирда халқ хўжалигининг турли тармоқларида фаолият юритмоқда.

Япония томонига Ўзбекистонда таълим ривожига қўшаётган ҳиссаси учун миннатдорлик билдирган вазир И.Абдураҳмонов лойиҳа доирасида иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш, давлат молияси ва бизнес бошқаруви, ҳуқуқ, тиббиёт, таълим, қишлоқ ва сув хўжалиги ресурслари каби йўналишларида кадрлар тайёрланишини қайд этган.

Япония элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш учун япон ҳукумати Ўзбекистонда малакали кадрлар тайёрлаш ва икки давлат ўртасидаги ўзаро тушунишни рағбатлантириш бўйича саъй-ҳаракатларини давом эттириш ниятида.

Япония анъанавий равишда Ўзбекистон давлат идоралари ходимларига таълим грантлари тақдим этиб келади. Ўтган йили ҳам 298 миллион иена (2,76 млн доллар) қийматига тенг грант ажратилган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг