Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Cанкциялар сабаб Россияда очарчилик бошланадими? Иқтисодчи жавоб берди

Cанкциялар сабаб Россияда очарчилик бошланадими? Иқтисодчи жавоб берди

Россия қисқа муддатда дунёнинг энг кўп санкция жорий этилган мамлакатига айланди.

Фото: dpa

Айни пайтда санкциялар «ёмғир»и остида қолган Россиянинг яқин келажаги хусусида икки хил кескин қарашни кузатиш мумкин. Бир тоифа одамлар иқтисодий жазо чоралари ҳеч қандай таъсирга эга эмас, ҳаёт яна бир маромда давом этаверади деб ҳисоблайди. Бунга мухолиф иккинчи гуруҳ эса бир неча ой ичида Россияда очарчилик бошланишини башорат қилмоқда.

Ўзбекистонлик иқтисодчи, Висконсин университети бизнес мактаби (АҚШ) докторанти Беҳзод Ҳошимов Россиянинг яқин келажаги қандай бўлиши борасидаги мулоҳазалари билан бўлишди.

Мутахассисга кўра, санкциялар Россияга кучли таъсир кўрсатади: даромадлар тушади, ишсизлик ва инфляция ошади, камбағаллик камида икки баробарга ўсади, энг иқтидорли қатлам имкон қадар тезроқ мамлакатни тарк этишга ҳаракат қилади. Аммо бу – мамлакатда муқаррар очарчилик бўлади дегани эмас.

«Агар Россия ҳукумати бошқа хатолар қилмаса, очарчилик ва мамлакат тўкилиб кетмаслигини таъминлаши мумкин ва бу унчалик қийин эмас. Қандайдир маънода, ёмон ҳаётга одамлар кўникади, чунки бошқа илож ҳам йўқ. Агар қаттиқ нарх назорати ва импортни чекловчи чоралар кўрилмаса, очарчилик бўлмаслиги деярли кафолатланган. Россиянинг ҳали ҳам кўп нефть ва гази бор (уни қазиб чиқариш қимматлашса ҳам), уни иккиламчи бозорларда ўртакашлар орқали катта дисконтга сотиб кун кўра олади», – деб ёзади Б.Ҳошимов.

Таҳлилчи наздида, амалдаги сиёсий тузумнинг умрбоқийлиги кучишлатар тизимнинг даромади сақланиб қолишига боғлиқ.

«Энг муҳими, ижтимоий тартибга масъулларнинг даромадлари, яъни хавфсизлик хизматлари ва полициянинг даромадлари нисбий равишда тушиб кетмаса, тузум анча барқарор бўла олади. Инсонлар, айниқса, ахборот олиш имкониятлари чекланган инсонлар жуда узоқ муддат ичида энг ваҳший, қашшоқ ва эрксиз тузумга чидай олади», – дейди эксперт.

Кейинги пайтларда таҳлилчилар Россиянинг бошига Эрон ва Шимолий Корея куни тушишини ҳам башорат қилмоқда.

«Россия Эрон ва Шимолий Кореядан кўра анча яхшироқ аҳволда. Биринчидан, цивилизация билан улайдиган катта оғаси бор. Тўғрироғи, ҳозир мавжуд эмас ҳали, энди бўлади. Шимолий Корея Хитой учун жўяли бирор нарса таклиф қила олмайди. Россия эса кўп табиий бойликларини жуда арзон нархда ягона харидорга таклиф қилиб, эвазига керакли технологиялар ва очарчиликни олдини олишга етарли бошқа нарсаларни ола билади», – дея мулоҳазаларини давом эттиради у.

Айни чоқда, эксперт Москванинг Пекинга қарамлиги ортади деб ҳисоблайди.

«Ўйлайманки, узоқ муддатда Россия ўрта даромадли, дунё билан интеграциялашуви анча чекланган, жуда ҳарбийлашган, эркинликлар анча қисқарган ва Хитойга жуда қарам мамлакатга айланади», – деб хулоса қилади иқтисодчи Б.Ҳошимов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йил 24 февраль куни Россия Украина ҳудудига қўшин тортиб кириши ортидан мамлакатга нисбатан кенг кўламли иқтисодий-молиявий чекловлар жорий этилди. Халқаро ҳамжамият ҳарбий ҳаракатларни умум эътироф этилган ҳуқуқ меъёрларининг поймол этилиши ва мустақил давлат ҳудудий яхлитлигининг бузилиши ўлароқ қоралади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг