Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Бош кўтарганнинг боши кесилади!» – Қирғизистон миллий хавфсизлик идораси раҳбаридан кескин огоҳлантириш

«Бош кўтарганнинг боши кесилади!» – Қирғизистон миллий хавфсизлик идораси раҳбаридан кескин огоҳлантириш

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев мамлакатдаги уюшган жиноий гуруҳ вакилларини кескин огоҳлантирди.

«Эндиликда мамлакатимизда «қонундаги ўғри»лар, уюшган жиноий гуруҳ ва тўда раҳбарларига ўрин йўқ! » – деб баёнот берган махсус хизмат раҳбари.

Таъкидланишича, президент Садир Жапаров бошчилигидаги сиёсий жамоа мамлакатда қонун устуворлиги ва тартиб-интизомни ўрнатиш борасида қатъий мақсадни кўзлаган. Сиёсий иродага қарши чиқиб, янги жиноий гуруҳлар ташкил этишга уринганлар эса беаёв жазоланади.

Аввал хабар берганимиздек, 4 октябрь куни Қирғизистон махсус хизматлари Бишкекда ўтказган амалиёт чоғи нафақат мамлакат, балки МДҲ минтақасида ҳам отнинг қашқасидек таниқли бўлган жиноий авторитет Қамчибек Колбаев (Қамчибек Асанбек) ўлдирилди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари «қонундаги ўғри» қаршилик кўрсатгани сабабли отиб ташланганини билдирган.

МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев ўз мурожаатида марҳум Қамчибек Колбаевга яқин бўлган шахсларни ҳам огоҳлантирган.

«Мен жиноий авторитет атрофидаги шахсларни расмий равишда огоҳлантирмоқдаман. Агар кимки қонунни бузишга уринса, қонунга зид ҳаракатлар содир этишни кўзласа, қонун доирасида жазоланади. Жазоланганда ҳам қаттиқ жазоланади! Агар бирор бир жиноятчи бошини кўтарса, унинг бошини кесамиз! Мен буни очиқ айтмоқдаман», – деган Қ.Ташиев.

«Коля қирғиз» лақаби билан танилган Қамчибек Колбаевнинг ўлими мамлакатда жиноий гуруҳларга қарши шафқатсиз уруш очилганини тасдиқламоқда, дейди таҳлилчилар.

Қ.Колбаевнинг ўлими ортидан Қирғизистондаги жиноий олам етакчилиги айни пайтда қамоқда жазо ўтаётган бошқа бир криминал авторитет Улан Токтосуновга ўтиши ҳақида овоза тарқалган эди.

Маҳаллий матбуот хабарига кўра, Қирғизистонда ягона «қонундаги ўғри» бўлиб турган У.Токтосунов МХДҚ раисининг огоҳлантириши фонида криминал етакчи мақомидан воз кечган.

«Қонундаги ўғри» мақомидан Аллоҳ учун воз кечганимни расман маълум қиламан», – деган У.Токтосунов.

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг