Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Брюс Лининг сирли ўлими: аслида нима сабаб бўлган?

Брюс Лининг сирли ўлими: аслида нима сабаб бўлган?

Ҳар исмда бир ҳикмат бор!

Хитойлик эр-хотин Хой Чен Ли ва Грейс Ли санъаткор эди. Иккаласи ҳам Гонконг театрида ишларди. 1940 йил ўрталарида улар жамоа билан бирга АҚШ бўйлаб узоқ муддатли ижодий сафарга отланишди. Ўша кезлари асл келиб чиқиши она томондан немис миллатига мансуб бўлган Грейс хоним ҳомиладорлик даврини бошидан кечираётган эди. 27 ноябрь куни Сан-Франциско шаҳрида кўзи ёриди.

«Янги меҳмон» ўғил бола эди. Унга Ли Сяо Лун деган исм-шариф қўйдилар. Балоғатга етиши арафасида эса Ли Чжэнь Фань деб атай бошладилар. Бу йигитча кейинчалик бутун дунёга XX аср файласуфларидан бири, афсонавий киноактёр ва каскадёр, режиссёр, сценарийнавис, продюсер, хитой жанг санъати устаси ва ислоҳотчиси, саҳналаштирувчиси ва оммалаштирувчиси сифатида танилди. Шунинг баробарида Брюс Ли тахаллусини олди. Сабаби, у Хитой тақвими бўйича Аждаҳо йилининг Аждаҳо соатида, аниқроғи, эрталаб соат 6 билан 8 оралиғида дунёга келган эди. Брюс Ли сўзлари бирикмаси эса «Кичик Аждаҳо» маъносини англатарди. Вақти-соати етиб, бу тахаллус сабр-тоқат ва омад, яхшилик ва садоқат, мардлик ва матонат, эпчиллик ва қатъият, зийраклик ва тиниб-тинчимаслик тимсоли сифатида тарих саҳифаларидан ўрин олди.

Бу муболаға эмас, бор гап. Брюс Лига мурғаклигиданоқ омад кулиб боқди. Уни уч ойлигида «Қизалоқнинг олтин дарвозаси» фильмида йиғлоқи чақалоқ, олти ёшида «Одамзоднинг яратилиши»да эса бебош норасида образида суратга олишди. Ўсмирлик чоғларида заиф ва бечораҳол етим ёки феъл-атвори оғир, ўта ўжар ва уришқоқ кўча боласи ролларини топширишди. Брюс, гарчи вояга етмаган, актёрлик касбининг туб моҳиятини теран англамаган бўлса-да, ўзига билдирилган ишончни оқлади. Чунки қонида ноёб қобилият бор эди.

Бундан ташқари, у ҳали суяги қотмасиданоқ спортга қизиқиб, курашнинг хитойча усуллари билан шуғуллана бошлади. Ўсмирлик остонасига қадам қўйиши арафасида гонконглик таниқли спорт устаси, шаолинь мактаби мураббийи Ип Мэнга шогирд тушиб, ушу ва кунг-фу сирларини ўрганишга киришди. Бошқа устозларидан ча-ча-ча рақси, дзюдо, жиу-жист ва бокс сабоқларини олди. Самараси чакки бўлмади. 14 ёшида шаҳарда ча-ча-ча бўйича ўтказилган чемпионатда биринчиликни қўлга киритди. Мактаблараро бокс мусобақаларида қаторасига уч йилдан буён ғолиблик шоҳсупасини забт этиб келаётган Гарри Элмсни мағлубиятга учратди.

Брюс 17 ёшида Америка фуқаролигини олиш илинжида киндик қони томган Сан-Франциско сари ошиқди. Орзуси ушалгач, отасининг сиэтллик таниши Руби хонимга қарашли ресторанда бир муддат официант ва ошпаз бўлиб ишлади. Айни чоғда санъатга ошно тутинди. Ҳатто Эдисон техник мактабида ўқиди. Сўнгра Вашингтон университетининг фалсафа факультети талабалари сафига қўшилди. 1964 йили ўзидан етти ёш кичик Линда Эмирига уйланди. Кетма-кет икки фарзанд кўрди. Ўғлига Брендон, қизига Шеннон исмини қўйди. Шундай бахтли дамларида жанг санъатига бағишланган телесериалларда суратга тушиб, томошабинларга танилди. Бу билан ҳам кифояланмай, кунг-фу мактабини очди, яккакурашнинг жит кун-до номли махсус йўналишига асос солиб, шогирдлар тайёрлашга киришди. Бироқ бу борада иши юришмади. Боиси, издошлари тўлайдиган пуллар ҳам, актёрлиги учун оладиган меҳнат ҳақлари ҳам спорт тўгараклари харажатларини қоплашга ва моддий-техник базасини мустаҳкамлашга етмасди.

Албатта, Брюс мактабни сақлаб қолиш чораларини излади. Фойдаси бўлмагач, қаттиқ азият чекди. Омади чопмаганидан ҳафсаласи пир бўлиб, ҳаммасидан воз кечди. АҚШни оиласи билан бирга тарк этиб, Хитойга қайтди.

Ойнинг ўн беши қоронғи, ўн беши ёруғ

Айнан ўша кезлари Гонконгда «Golden Harvest» номли янги киностудия очилганди. Брюс Ли студия директори Раймонд Чоудан «Катта босс» фильмидаги бош ролни ўзига топшириш ва жанговар саҳналарни намойиш этишга ижозат беришини сўради. Илтимоси қаноатлантирилгач, шахт билан ишга киришди. Кино воқеа-ҳодисаларини бутунлай янгича руҳ ва кўринишда талқин қилди. Натижа кутилганидан-да зиёда бўлди. Санъат ва спорт шайдолари эътиборини қозонган янги фильм студияга мўмай даромад келтирди. Қувончи ичига сиғмаган директор Брюс Лига «Шиддатли мушт» ва «Аждаҳонинг қайтиши» фильмларини ҳам суратга олишни топширди. Бу санъат асарлари ҳам кенг жамоатчилик томонидан илиқ қаршиланди. Брюс эса кино юлдузлари сафидаги ўрнини янада мустаҳкамлади.

У ижодий фаолияти давомида санъат ва спортни уйғунлаштиришга интилди. Шунга кўра, аввало, кунг-фу бўйича малакасини тинимсиз ошириб, ўзи тамал тошини қўйган жит кун-дони сайқаллаштириб борди. Илк устози Ип Мэндан ўрганган вин-чунь усулини ҳам кўп ва хўп қўллади, кенг тарғиб қилди. Турли йилларда ўзи яратган ёки бош қаҳрамон ролини ижро этган «Аждаҳонинг чиқиши», «Аждаҳонинг йўли», «Аждаҳо билан олишув», «Ўлим ўйини» фильмлари ҳамда «Яшил қовоғари», «Бетмен», «Лонгстрит» сериалларида якка кураш жараёнларини моҳирона акс эттириб, кунг-фунинг чинакам устаси сифатида намоён бўлди.

Зукко томошабинлар ҳаммасиданам кўра, паст бўйли Брюс Лининг ўта тез, дадил ва аниқ-тиниқ ҳаракатларига қойил қолишарди. Қалин тахталар, пишиқ ғиштлар ва тош парчаларини яланғоч қўли билан бир уриб, майдалаганида ҳайратдан донг қотишарди. Бинобарин, у шу қадар абжир-чаққон бўлганки, ҳатто ҳавога итқитилган гуруч донасини овқатланиш таёқчаси билан тутиб олишни уддалаган. Баъзи кишилар ўзининг кафтидаги тангани Брюс қанчалар тез алмаштириб қўйганини сезмай ҳам қолишган. Расман қайд этилишича, у 1 метрлик масофадан зарба беришга атиги 0,05 сония вақт сарфлаган. Бир жангда 50 нафар курашчини кўз очиб-юмгунча йиқитган, бошқасида 11 сонияда 15 та зарба бериб, рақибини нокаутга учратган. Шунингдек, у бир қўлининг бош ва кўрсаткич бармоқларини ерга қадаб, бирваракайига 50 мартагача ётиб тура олган.

Брюс Ли нафсониятли, тартиб-интизомли, ўзига ғоят талабчан ва мулойим табиатли йигит эди. Ҳамиша ўзгалар ҳурматини жойига қўярди. Спорт машғулотларида бажарган ҳаракатларини эринмай кундалигига ёзиб борди. Уларни таҳлил қилиб, жорий қўл жанги техникаси ва тактикасига муайян ўзгартиришлар киритди. Жисмоний бадантарбия машқлари мажмуини такомиллаштиришга, атлетика бўйича тайёргарлик ва тренажёр залидаги машғулотларга ҳам жиддий эътибор қаратди. Овқатланиш ва қадди-қоматни чиройли кўринишда сақлашнинг ўзига хос тартиб-қоидаларини ишлаб чиқиб, китоб ҳолида чоп эттирди. Хитой яккакурашининг унутилаёзган анъаналарини қайта тиклади. Қолаверса, 36 та фильм яратилишида фаол қатнашиб, шарқона жанг санъати Ғарбга ҳам ёйилишига беқиёс ҳисса қўшди.

Қилич бошни, ажал ёшни танламайди

1973 йили Брюс Ли оғир дардга чалиниб, ётиб даволанишга мажбур бўлди. Шу асно яккакураш мавзусидаги «Енгилмас мушт йўли» асарини ёзиб тугатди. Шифохонадан чиққач, ўзи яқинда очган «Конкорд» киностудиясида «Ўлим билан ўйнашиш» кинофильмини суратга ола бошлади. Аммо ишни охиригача етказолмади. 20 июль куни тўсатдан вафот этди. Бу пайтда у эндигина 32 ёшни қоралаган, ҳар томонлама куч-қувватга тўлиб, ижоди гуллаб-яшнаётган эди.

Гонконглик шифокорларнинг таъкидлашича, Брюс Ли дастлаб бош оғриғига мубтало бўлган. Ундан қутулиш учун таркибида аспирин ва мепробамат препаратлари мавжуд «Экваджестик» ҳабдорисини ичган. У нотўғри истеъмол қилингани туфайли ёпиқ ҳолатдаги мия шишини келтириб чиқарган ва бевақт ўлимга сабабчи бўлган.

Экспертлар маййитнинг миясини ёриб текширишди. Лекин Брюс Ли айнан ҳабдори қурбонига айланганини рад этиши мумкин бўлган бирон-бир таҳлил ўтказишмади. Шу боис ҳали марҳумнинг қабри совимай туриб, миш-мишлар болалади, газета-журналлар ва радио-телевидениеда баҳс-мунозаралар авжига чиқди. Кимдир уни ғанимлари отиб ўлдиргани, кимдир кучи танасига сиғмагани ҳақидаги тахминни айтди. Брюс Лининг яқин дўсти Чак Норрис уларга қарама-қарши ўлароқ, врачлар ташхисини маъқуллади. 1987 йили босилган «Ички кучлар сири: менинг кечмишим» китобида «У таблетка ичиб, жон берди» деган фикрни билдирди.

Россиялик тадқиқотчи Ю.Николаев эса ХХI аср арафасида ушбу масалага оид ажабтовур далилни кўпчилик эътиборига ҳавола қилди. Унинг ёзишича, кунлардан бир куни Брюс Лини ўта кучли рақиблари Окинава ороли атрофидаги ялангликка яккама-якка жангга чақиришади. У фавқулодда таклифни бажонидил қабул қилади. Бироқ майдонга беллашувга шай навқирон йигитлар эмас, 60–70 яшар жиккаккина отахон кириб келади. Брюс ажабланиб, «Нима, сиз мен билан олишмоқчимисиз?» деб сўрайди. «Йўқ, – дейди чол, – мен сен ҳақингда илгари кўп эшитганман. Энди юзма-юз учрашай, деб келдим. Қани, менга жангда ўзингни қандай тутишингни бир кўрсат-чи...»

Қария гапини тугатгани ҳамоно қозиқдай муштчасини олдинга чўзиб, унинг баданига тегизади. Кейин «Раҳмат, ўғлим! Сен ҳақиқатан буюк каратэчи экансан!» дейди-ю, майдондан шошилинч чиқиб кетади. Брюс эса ҳеч нарсага тушунолмай, турган жойида анча вақт анграйиб қолаверади. Бир ҳафта ўтгач, у Гонконгдаги уйида жонсиз ҳолда топилади.

Эмишки, Хитой ва Япония руҳонийларидан айримлари зимдан ибодатхона каратэси билан шуғулланар, беш-ўн йиллаб ўзларида алланечук илоҳий куч тўплар экан. Сўнгра қўлларини ғаними танасига нўқиса, бояги қувват унинг вужудига кўчиб ўтиб, аста-секин мияси, юраги ва жигарини ишдан чиқариб, умрига зомин бўларкан. Тахминларга кўра, ўша чол ҳам ибодатхона каратэси сирларини чуқур ўзлаштирганлар сирасидан бўлиши эҳтимолдан холи эмас экан.

Шифокорлар ташхиси билан Ю.Николаев мулоҳазаси ўртасида қандайдир боғлиқлик бордек. Яъни иккаласи ҳам бош мия хасталигига бориб тақалади. Эҳтимол, бу тасодифий ўхшашликдир, эҳтимол, навбатдаги уйдирма маҳсулидир. Бу саволларга аниқ жавоб топилмагани туфайли севимли актёр ва спорт устаси ўлимининг асл сабаби ҳозиргача мавҳумлигича қолмоқда.

Сўнгсўз ўрнида. Брюс Ли олдин Гонконг қабристонига дафн этилди. Кейин жасади Сиэтлга кўчирилди. Унинг қабрини жанг санъати ҳаваскорлари ҳозир ҳам тез-тез зиёрат қилиб туришади. Кўпчилик Брюс Ли ҳақида олинган фильмларни берилиб томоша қилади, ҳаёти, ижодий фаолияти ва хотирасига бағишланган китобларни севиб ўқийди.

Айни чоғда, масаланинг иккита афсусланарли жиҳати ҳам борлигидан кўз юмиб бўлмайди. Биринчиси – Босния-Герцеговина Республикасининг Мостар шаҳрида Брюс Лининг тинчлик рамзи сифатида ўрнатилган ҳайкали негадир бузиб ташланди. Иккинчиси – у ҳаёт билан видолашганда зурриёти Брендон етти ёшли гўдак эди. Ўсиб-улғайгач, аждодлари изидан бориб, актёрлик касбини танлади. Аммо умри отасиникидан ҳам қисқа экан, Брендон 1991 йил 31 март куни фожиали равишда оламдан ўтди. Уни «Қарға» фильми суратга олинаётганда таниқли актёр Майкл Масси эҳтиётсизлик оқибатида отиб қўйди. Шифокорлар ҳарчанд уринмасин, умуртқа поғонаси қаттиқ жароҳатланган 28 ёшли йигитнинг ҳаётини сақлаб қолишолмади...

А.Ҳайдаров.

 

 

 

 

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг