Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Каримберди Тўрамурод

Қўрқсанг – ёзма! Ёздингми – қўрқма!

Чингиз Айтматов. Аламли ва омадли болалик

Чингиз Айтматов. Аламли ва омадли болалик

Чингиз Айтматов 28 ёшга кирганидагина адабиётсиз яшай олмаслигини ҳис қилади.

Фото: «respub.kg»

Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2 апрель куни «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» қарор имзолангани тўғрисида хабар берган эдик. «Хabar.uz» сайти ҳам мазкур қарор ижросига мувофиқ туркум мақолалар чоп этиб бормоқда. Уларнинг иккинчисини эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 2-мақола

 Омадли болалик

Ҳамма билавермайдиган нарса шуки, Чингиз Айтматов машаққатли болалик йилларини босиб ўтган. Болалиги қатағон йилларига, ўсмирлиги уруш йилларига тўғри келган Чингизни машаққатли ҳаётнинг ўзи ёзувчи қилиб тарбиялаган эди.

Чингиз Айтматов 1928 йилнинг 12 декабрида Авлиёота шаҳри яқинидаги Шакар овулида туғилди.

«Мен Шакар уруғиданман, отам Тўрақул, унинг отаси Айтмат, унинг отаси Кимбилди, унинг отаси Қонжучоқ. Айтмат бобом қўли гул уста эди, ҳам дурадгор, ҳам темирчи, ҳам чевар эди, дурустгина бахши ҳам эди», — деб эслайди Чингиз Айтматов ўз шажарасини.

«Дурустгина бахши ҳам эди».

Ана шу нуқтадан Чингиз Айтматовнинг қисматига тамал тоши қўйилган, яъни унинг ёзувчиликка қони тортган. Бувиси Ойимхон эна Чингизга кўп эртак ва афсоналарни сўзлаб берган. Бу маънавият дурдоналари, халқнинг минг йиллар давомида шаклланган айтимлари, ўланлари Чингиз Айтматов асарларининг теран илдизлари бўлиб хизмат қилди. Унинг болаларча тасаввурлари ана шу айтимлар, ривоятлар, афсоналар, эртаклар, қўшиқлар билан бойиди.

Бу ҳақда кейинчалик у бундай ёзган: «Ижодкор ва халқ – улуғворликнинг икки туташувидир. Халқ истеъдодни туғади, шу билан бирга моҳир санъаткор яратган энг яхши кашфиётларни ҳам шу халқ қадрлайди, асрайди. Санъаткор – халқнинг, халқ – санъаткорнинг таянч нуқтасидир».

Қирғизлар қадимдан кўчманчи, чорвадор халқ. Улар саҳро табиати ва жонзотлари билан ёнма-ён яшаб келишган. Халқнинг маънавияти шундан руҳ, илҳом олган, шаклланган. Чингиз Айтматов ҳам охирги кўчишлардан бирига гувоҳ бўлган, иштирок қилган. Беш-олти ёшли болани отга миндириб қўйишган ва у овулдошлари билан бирга довон ошиб, сафарга чиққан.

Ана шу кўчишда рўй берган воқеани Чингиз Айтматов кўп эслаган, ўзи англаган ҳақиқатни ўзгаларга англатолмай, ишонтира олмай, ҳайратга тушган. Гап шундаки, тиш оғриғига учраган Чингизни бир шомон даволайди. Чингиз Айтматов ҳар хил суратлар туширилган матодан тикилган бошкийим ва ажабтовур кийимлар кийиб олган шомон ҳаммани ўтовдан чиқариб юборганини, Чингиз билан ёлғиз қолишганини, Чингизнинг устига кўрпа ёпиб қўйиб, қўлига қўлбола чироқни бериб, унинг оловига оғзини очиб туришини тайинлайди ва доирасини чертиб, қадимий дуолар билан айтимларни айта бошлайди. Чингизнинг тиш оғриғи таққа тўхтайди ва у оғзидан тушган, тошлар орасида ғимирлаб юрган соч толасидан ҳам ингичка оқ қуртлар — тиш қуртларини кўради. Қизиғи, улғайганда ҳам бирорта тиш врачини ўзи кўрган нарсага ишонтира олмайди...

Бу ҳаётий лавҳадан шу нарсани англаймизки, қирғизлар ислом динини қабул қилганларига ўн беш аср бўлган бўлса-да, ҳалигача қадимий шомонлик анъаналаридан ҳам воз кечмаган, уни ҳам қўллаб юришар экан.

Яна бир омад шуки, Чингиз ҳали саккиз ёшлигида отаси уларни Москвага чақириб олади ва у икки йил Москвадаги мактабда ўқийди. Бу туркийзабон ёзувчилар орасида ҳеч кимга насиб қилмаган бир омад эди. Собиқ Совет иттифоқининг барча халқлари учун умумий тил бўлган рус тилини унинг пойтахтида ўрганиш, шу тилда сабоқ олиш чинакам бахт эди.

Чингиз Айтматов ўзлари Ёзувчилар уйи яқинидаги ётоқхонада туришганини, дарсдан ташқари пайтлари қўшни болалар билан Ёзувчилар уйи боғида ўйнаб юришганини эслаб, «ҳаётнинг ўзи менинг ёзувчи бўлишимни жуда истаган кўринади», — дейди.

Чингиз Айтматов яна бир воқеани эслайди: «Биз қўшни болалар билан Ёзувчилар уйига қарашли боғ майдончаларида ўйнаб юрардик. Бир куни отам мени шу жойдаги жуда кўп одам йиғилган митингга олиб борди. Кейин билсам, бу ёзувчи Максим Горкий билан видолашув маросими экан».

Омадсиз болалик

Болалигининг омадсизлиги шунда эдики, ҳали тўққиз ёшда бўлган Чингиз ота меҳрига тўймасдан, суяги қотмасдан туриб отасидан айрилди. Ниҳоятда таъсирчан, фавқулодда катта қалб ва фаҳму фаросат эгаси бўлган тўққиз ёшли Чингиз бошида қора булутлар айланиб, қамоққа олиниши мумкин бўлган отаси уларни поездга чиқариб қўйган пайтдаёқ ҳамма нарсага тушунади. У отаси билан қайтиб кўришмаслигини ҳам, энди тўнғич ўғил сифатида ёлғиз қолган онасига ўзи ёрдамчи бўлиши, укаларига ўзи ғамхўрлик қилиши лозимлигини ҳам тушуниб етади. Тўққиз ёшли «эркак» ўша куни отаси билан ҳам, болалаги билан ҳам абадий хайрлашади...

Яна бир омадсизлик шу эдики, отаси «халқ душмани»га чиқарилиб, отиб ташланган Чингиз ва укаларига ғамхўрлик қилиб турган амакиси Рисқул ҳам «халқ душмани» сифатида қамоққа олинади. Тунда НКВДчилар сўроқлаб келганда қўрқиб кетган Чингизга «Қўрқма, ҳеч нарсадан хавотирланма, мен тезда қайтаман» деган Рисқул ҳам беному-нишон кетади. Айтматовларнинг барча эркаклари қатағон қурбони бўлиб кетишади.

Асарларга кўчган болалик

Чингиз ўн бир ёшида ўлим билан юзма-юз келади. Йигирма чақирим наридан иш топган онанинг меҳнат ҳақи бўлган беш пуд буғдой ва маккажўхори донини ижарага олинган от-аравада олиб келаётган она-бола кимсасиз даштда улкан кулранг бўрига дуч келишади. Она бечора овулга етгунча «Ўзинг асра!» деб худога ёлвориб боради. Бўри ёлғизлигидан буларга ҳамла қилолмайди, агар бўрилар кўп бўлишганида дунё бўлажак ёзувчидан жудо бўларди...

Она бечора овулга етгунча «Ўзинг асра!» деб худога ёлвориб боради...

Ўспирин Чингиз ва унинг тенгдошига ўрислар боқаётган чўчқаларини темирйўл бекатига, гўштга топшириб келишни буюришади. Улар қисқароқ йўлни танлаб, довон орқали боришади ва довонда урушдан қочиб юрган бир гала ёмонлар қўлига тушиб қолишади. Ярим кечаси бу ғаламислар қиморга андармон бўлиб қолганларида икки ўспирин у ердан қочиб кетишади, аммо...

Одамлардан қочган ўспиринлар энди очиқ далада бўри галасига дуч келишади. «Қўрқувдан шундай бақирдикки, қадим аждодларимиз ўлим олдидагина шундай қий-чув кўтариб, даҳшатли бир тарзда бақиришган бўлса керак. Бу ёввойи овоздан чўчиб кетган отларимиз баттар тезроқ чопишган бўлса, овозимиздан қўрққан бўрилар бизга ҳужум қила олишмади», — деб эслаган бу воқеани Чингиз Айтматов.

Чингиз Айтматов ўспирин ёшиданоқ солиқчи, қишлоқ шўроси раисига котиблик каби ишларни бажаради. От-аравада темирйўл станциясига ғалла ташийди. Ана шу нарсалар унинг «Жамила» қиссасида акс этади.

Энди тасаввур қилинг: 1943 йил. Уруш авжида. Чингизларнинг оиласи «халқ душмани»нинг оиласи мақомида. Азоблар устма-уст. Йўқчилик. Қаҳатчилик. Шунинг устига «ана туғади, мана туғади» деб турган якка-ю ягона сигирларини ўғри ўғирлаб кетади. Бу кулфат «Юзма-юз» қиссасининг кулминацон нуқтаси сифатида асарга кўчган.

Аламли ёшлик

Чингиз Айтматов институтда аъло баҳоларга ўқиб, Сталин степендиясини олишга мушарраф бўлади. Уни ҳатто институтда олиб қолишмоқчи ҳам бўлишади. Аммо кўпчиликда бўлган кўролмаслик, ҳасадгўйлик қирғизларга ҳам бегона эмас экан, «Халқ душмани»нинг ўғли нега «халқлар отаси»нинг степендиясини олиши керак?» деган «юмалоқ хат» ўз ишини кўрсатади. Степендия ҳам қайтариб олинади, аспирантурада қолиш ҳам йўққа чиқади.

Ёзувчилик сари

Чингиз Айтматов 28 ёшга кирганидагина адабиётсиз яшай олмаслигини ҳис қилади. Шунгача ҳам тўрт-беш ҳикоя, мақолалар ёзиб юрган Чингиз адабиёт билан жиддий шуғулланиш мақсадида Москвага йўл олади ва 1956 — 1958-йиллари Максим Горкий номидаги адбиёт институтининг Олий адабиёт курсида ўқийди...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг