Эшак гўшти можароси ёхуд ҳалқумингизни асранг!
Кеча пешонамда туриб олган одам анча бақирди. Пешонам, юзим сачраган тупуклардан ҳўл бўлди.
— Мен сизга жуда яқин турибман-ку, нега бунча бақирасиз ёки битта-яримта мени сизга кар дедими? – дедим.
— Бақираман! Бундан ҳам баланд бақираман! — деди бақироқ одам.
Кечаси билан ўйладим, нега одамлар бир-бирига бақирадиган бўлиб кетди деб. Жавоб яна ҳадислардан чиқди.
«Қўй гўштини енглар, еган нарсаларинг юзларингда, феълларингда акс этади», — дейилган экан. Қўй ювош жонивор, қўйдек ювош бўлишимизни истаган эканлар-да пайғамбаримиз алайҳиссалом.
Ҳадиснинг исботини чўчқа гўшти ейдиганларда кўрган эдим. Улар ароқ ичиб, чўчқа гўшти еб, лойларда худди чўчқадек ағанаб ётганларини кўрганман.
«Янги турғунлик даври»нинг аввалида қишлоқларда егани нарса бўлмади. Одамлар арпа унидан, маккажўхори унидан нон еди. Уни ҳам топган еди. Ўша йиллари одамлар итларни сўйиб ейиши кўпайиб кетди. Тавба қилдим, ранги, юзи итга ўхшаб кетган, гапирсангиз ит талагандай, ҳургандай гапирадиган одамларни кўрдим.
Одам яшайверса кўраверар экан, қаранг, худди эшакка ўхшаб бақирадиган одамлар кўпайди. Йиғилиш қилиб ўша овозда бақирадиган, ҳақорат қиладиган одамлар чиқди. Эшакка ўхшаб тепадиган одамлар пайдо бўлди.
Мавзуга доир:
Эшак гўшти сотган қассоб иқрори (видео)
Бунинг сабаби ҳам аниқ бўлди: бутун республикамиз бўйлаб эшак гўштидан сомса, шашлик қиладиганлар кўпайиб кетибди. Гоҳ у, гоҳ бу вилоятда эшак сўйиб, гўштини одамларга едирганлар фош қилинаяпти.
Ҳурматли юртдошлар! Итга, эшакка ўхшаб қолмаслик учун ҳам кўчадан овқат еманг! Нимадан тайёрланганини, ҳалол-ҳаромлигини ўз кўзингиз билан кўрмагунча, бирор таомни еманг!
Ўзингизни, ҳалқумингизни асранг! Зеро, дуоларимиз қабул бўлиши ҳалқумимиздан ўтган нарсаларга боғлиқ эканини пайғамбаримиз алайҳиссалом шунчалар кўп такрорлаган эканки, саҳобалар ҳаромдан ҳазар қилишар, шубҳали нарсага яқин боришмас, аниқ ҳалол нарсаларнинг ҳам ўнтадан биттасини ер эканлар! Шунинг учун ҳам улар буюк даражаларга эришганлар!
Биз эса, ҳеч бўлмаганда, наслимиз булғанмаслигини ўйлайлик, шубҳали нарсалардан узоқ бўлайлик!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter