Аҳолини рўйхатга олиш: «Ер майдони ва чорва моллари сонини кўрсатдик, эртага солиқчи келмайдими?»
Миллий статистика қўмитаси матбуот котиби Усмон Абдурасулов аҳол ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнлари билан боғлиқ айрим саволларга жавоб берди.
Жумладан, аҳолидан, платформада қишлоқ хўжалиги бўйича ер майдони ва чорва моллари сони кўрсатилаётгани, шу асосда эса улар кейинчалик қўшимча солиққа тортилиши мумкин ёки йўқлиги ҳақида савол келиб тушган.
«Йўқ, асло бундай ҳолат юзага келмайди. Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёнида берилган барча маълумотлар қонунга асосан махфий сақланади ҳамда солиққа тортиш ёки текширув ўтказиш учун ишлатилмайди. Саволномада кўрсатилган жавоблар бошқа идораларга тақдим этилмайди.
Рўйхатга олишда тўпланган маълумотлар фақат умумий статистик таҳлил учун хизмат қилади. Яъни, қанча ер бор, қанча чорва мавжуд — булар алоҳида шахс ёки хонадон кесимида эмас, умумлашган ҳолда эълон қилинади.
Шу боис, саволномани хавотирсиз ва тўлиқ тўлдиришингиз мумкин», – дейди Статқўм расмийси.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter