Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

ЕИБ Марказий Осиёда 1 миллиард евролик лойиҳаларни молиялаштиради – Тереза Червинская

ЕИБ Марказий Осиёда 1 миллиард евролик лойиҳаларни молиялаштиради – Тереза Червинская

Европа инвестиция банки (ЕИБ) Марказий Осиёда 1 миллиард евролик қийматга эга лойиҳаларни тасдиқлаган, 863 миллион евролик кўмак битимлари аллақачон имзоланган. Бу ҳақда  банк вице-президенти Тереза Червинская 18 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё ўртасида ўзаро боғлиқлик конференцияси: Глобал дарвоза” деб номланган анжуманда маълум қилди, деб хабар бермоқда “Xabar.uz” мухбири.

“Биз Европа Иттифоқи ва Марказий Осиёдаги ҳамкорларимиз билан иқтисодий, ижтимоий ва экологик мақсадларга эришиш йўлида фаол ҳамкорлик қилмоқдамиз. Умумий мақсадимиз – мустаҳкам робиталарни қўллаб-қувватлаш ва иқлим талабларига мувофиқ келадиган барқарор ўсиш моделига ўтишдир. Шунга кўра, биз энергия самарадорлиги, қайта тикланадиган энергия манбалари, энергия узатиш, сув таъминоти ва канализация каби соҳаларда яшил инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлашни муҳим деб биламиз”, – деди ЕИБ вице-президенти.

Хавфсиз транспорт алоқалари ва рақамлаштириш ҳам тараққиётнинг муҳим талабига айланган. ЕИнинг “Глобал дарвоза” лойиҳаси ҳам шу каби мақсадларга хизмат қилади.

ЕИБ Марказий Осиёда 2011 йилда ўз фаолиятини бошлаган. Ҳозирда банк Ўзбекистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда иш олиб бормоқда.

“ЕИБ Марказий Осиё минтақасида 1 миллиард еврога яқин тасдиқланган лойиҳалар ва аллақачон имзоланган 863 миллион евролик кредитлар билан диверцификацияланган ва тез ўсиб бораётган портфелни ишлаб чиқди. Маблағлар орқали сув, энергетика ва қишлоқ хўжалиги соҳасидаги устувор лойиҳаларни қўллаб-қувватлаймиз. Лойиҳаларимиз иқлим ўзгариши ва рақамли лойиҳаларга эътибор қаратган ҳолда, кичик бизнеснинг молиялаштирилиши имкониятларини яхшилайди, COVID–19 пандемиясининг таъсирини енгишга ёрдам беради”, – дейди Червинская хоним.

Нуфузли молия тузилмаси вице-президенти Марказий Осиё аҳолисининг ҳаёт даражасини яхшилашга қаратилган лойиҳаларни дастаклаш давом эттирилишига ишонч билдирди.

ЕИБ – Европа Иттифоқининг асосий молия-кредит давлат муассасаси саналади. 1958 йилда таъсис этилган тузилма ЕИнинг устувор мақсадларида белгиланган йўналишларда кредит ва  техник кўмак ажратади. Айни пайтда банк иқлим ўзгариши, атроф-муҳитни муҳофаза этиш, кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш, инфратузилмани такомиллаштириш йўналишларига эътибор қаратмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг