Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳар куни 350 ўринли самолёт ҳалокатга учраяптими?..»

«Ҳар куни 350 ўринли самолёт ҳалокатга учраяптими?..»

Бетоқатмиз...

Гап шундаки, куни кеча машинада ишдан қайтаётган эдим. Чорсу чорраҳасида ноқулай ҳолатга дуч келдим. Биринчи қатор йўлдаги машиналар  ўнгга, иккинчи ва учинчи қатор йўлдагилар тўғрига, учинчи ва тўртинчи қатор йўлдагилар чапга кетиши керак. Мен иккинчи қатор йўлда бўлганим боис тўғрига кетишим керак эди. Шунда ёнимдан битта «Матиз» ўтиб кетиб, биринчи ва иккинчи қатор йўл ўртасида яна бир йўлак пайдо қилди. Бундан ташқари  светафорнинг тўхташ чизиғидан ўтиб кетди. «Нима қилаяпсан?» деган маънода сигнал бердим. У чапга кетишини билдириб, қайрилиш чироғини ёқиб олди.

Иккинчи қатор йўлдан чапга қайрилиш нечоғлик тўғри?.. Бу ҳам майли. «Орзу» чорраҳасида чапга қайрилмоқчи бўлиб учинчи қатор йўлда турган қимматбаҳо машина тўғри чизиқни босиб ўтиб, менга йўл бермай иккинчи қатор йўлга ўтиб, кечирим ҳам сўрамай мингга қўйиб кетворди.

Биз радарчиларни сўкамиз. Гоҳида ўйлаб қоламан: нега уларни сўкишимиз керак? Ахир йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш ҳар бир пиёда, ҳар бир ҳайдовчининг вазифаси эмасми?

Яқинда, қўшни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрига бориб келдим. Шаҳар кўчалари тўла радар. Ҳайдовчи тугул пиёдалар ҳам йўл ҳаракати қоидаларини бузса, энг кўпи билан 20 сонияда пластик  картасидан жарима ечиб олинади. Компьютер хокимни ўғли бўладими, олигархнинг қизи бўладими, амалдорнинг ўзи бўладими, қараб ўтирмайди: қонун шафқатсиз. Энг қизиғи, қоидабузарлар инсон омилига (яъни ЙПХ ходимига) мурожаат қилишга улгура олишмайди. 

Йўллардаги тирбандликлар ҳақида кўп гапирамиз. Сабаби сифатида йўлларнинг абгорлиги, светафорларнинг кўплигини келтирамиз. Лекин ҳеч ким сурбетларча суқилиб кириб икки қаторли йўлда учинчи қаторни, уч қаторли йўлда тўртинчи қаторни ташкил қилаётган безбет ҳайдовчилар ҳақида гапирмайди.

Энди гапнинг пўсткалласига ўтадиган бўлсак, дунё мамлакатлари йўлларида юз берадиган йўл транспорт ҳодисалари долзарб ижтимоий муаммолардан бирига айланиб бўлди. ЙТҲ оқибатида транспорт воситалари, йўл қурилмаларига зиён етиш билан бир қаторда ҳалок бўлаётган, бир умр мажруҳ бўлиб қолганлар сони йилдан йилга ортмоқда.Уларни даволашга сарфланаётган харажатлар салмолғи ҳам ошиб бормоқда. Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш билан боғлиқ муаммо инсоният олдида турган глобал чақириқ сифатида кўрилмоқда.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили йўлларда 1 миллион 300 минг киши ҳалок бўляпти. Бу ер юзининг барча минтақаларида юз бераётган қуролли тўқнашувларда ҳалок бўлаётганлар сонидан бир неча баробар кўп. Бошқача айтганда, бир кунда 350 ўринли 8 та самолётнинг ҳалокатга учрашига таққослаш мумкин. Жароҳат олганларнинг уиумий сони 50 миллион кишига етгани айтилади. 

Маълумотларга кўра, ЙТҲ оқибатида ҳар йили 15 ёшгача бўлган 163 минг нафар бола ҳалок бўлиб, 1,5 миллион бола жароҳат олади.

Бу рақамлар мазкур муаммони ҳал қилиш учун жиддий чоралар кўриш кераклигини англатади.

Ҳаракат хавфсизлиги бу аҳоли саломатлиги билан боғлиқ масала ҳамдир. Таҳлилчиларнинг фикрича, дунёдаги ўлим сабаблари бўйича йўл таранспорт ҳодисаси оқибатида ҳалок бўлганлар учинчи ўринда туради. 

Тўғри ҳеч ким атайлаб авария содир этмайди. Автоҳалокатлар кутилмаганда содир бўлади. Бироқ ЙТҲлар жиддий ва узоқ муддатли оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу юқори молиявий харажатлар, шунингдек, ўлим ва жароҳатлар билан боғлиқ глобал муаммо.

Радарчиларни сўкмайлик. Улар парламент томонидан қабул қилинган «Йўл ҳаракати қоидалари»ни бузган ҳайдовчиларни аниқлаб, жаримага тортмоқда, холос. Шахсан мен машина ҳайдайман. Аммо шунга қарамай, шаҳар ичкарисидаги йўлларда радарлар қўйилишининг тарафдориман (шаҳар атрофи ва узоқ масофали йўлларни назарда тутмадим).

Радарчиларни синдиришнинг битта йўли бор: у ҳам бўлса пиёдаларнинг ҳам, ҳайдовчиларнинг ҳам йўл қоидаларига қатъий риоя қилишлари.

Шу билан бирга ҳайдовчилар ва пиёдалар ҳам ўзаро ҳурматни ўрганишлари керак бўлади.

Шарофидин Тўлаганов

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг