Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар реестри юритилади

Вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар реестри юритилади

Ҳукуматнинг махсус қарори билан вояга етмаганларга нисбатан жинсий зўравонлик содир этган шахслар реестрини юритиш тартиби тасдиқланди. Бу ҳақда Сенат раиси Танзила Норбоева маълум қилди.

«Эндиликда қасддан одам ўлдириш, вояга етмаган шахснинг номусига тегиш, вояга етмаган шахс тасвирланган порнографик маҳсулотни тарқатиш, вояга етмаган шахсни жалб этган ҳолда қўшмачилик қилиш, фоҳишахоналар ташкил этиш ёки сақлаш, терроризм, шунингдек бошқа турдаги жиноятлар учун илгари ҳукм қилинган шахслар мазкур реестрга киритилади. Реестр махсус ахборот тизими орқали шакллантирилади ва юритилади», – дейди Сенат раиси.

Норбоеванинг таъкидшича, реестрга киритилган шахсларни ишга қабул қилиш билан боғлиқ жараёнлар ушбу ахборот тизимидан олинган маълумотлар асосида назорат қилиб борилади. Яъни бундан буён болаларга қарши жиноятга қўл ургани учун судланган шахслар вояга етмаганлар билан боғлиқ ишларда ишлай олмайди.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойида Сенатда тузилган ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинганди. Ушбу ҳужжатга асосан, қонунчиликка вояга етмаганларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахсларнинг болаларга таълим, тарбия бериш, уларни соғломлаштириш, болалар спорти, ижодий ташкилотларда ишлашини тақиқловчи норма киритилди.

Октябрь ойида Адлия вазирлиги «Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини муҳокамага қўйган эди. Унга мувофиқ Ўзбекистонда болалар буллингга учраганда уларга ҳимоя ордери берилиши режалаштирилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг