Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Умуммиллий “AI Hackathon” янги босқичда: ёшлар сунъий интеллект орқали жамият муаммоларига ечим изламоқда

Умуммиллий “AI Hackathon” янги босқичда: ёшлар сунъий интеллект орқали жамият муаммоларига ечим изламоқда

Ўзбекистонда сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга қаратилган йирик ташаббуслардан бири — Умуммиллий “AI Hackathon”нинг иккинчи босқичига старт берилди.

Жорий йилнинг 20 январ куни Самарқанд шаҳрида ушбу халқаро аҳамиятга эга танловнинг минтақавий босқичи тантанали равишда очилди. Тадбир ёш мутахассислар, стартапчилар ва IT соҳасига қизиқувчи иқтидорли ёшларни бир майдонга жамлади.

Минтақавий босқичда 400 нафардан ортиқ иштирокчи рўйхатдан ўтди. Улар уч кун давомида мамлакатнинг етакчи IT-компаниялари ва тажрибали мутахассислари раҳбарлигида жамоавий тарзда иш олиб бордилар.

Хакатон доирасида тиббиёт, таълим, киберхавфсизлик, тадбиркорлик, шунингдек тақиқланган моддалар айланмасига қарши кураш каби муҳим йўналишларда сунъий интеллектга асосланган инновацион ечимлар ишлаб чиқилди.

Тадбирнинг энг эътиборли лойиҳаларидан бири — Умуммиллий AI Hackathonda иштирок этаётган «iX» жамоаси томонидан тақдим этилди. Жамоа мессенжер платформаларида гиёҳвандлик воситалари савдосини аниқлаш ва чеклашга қаратилган махсус алгоритмни ишлаб чиқди. Лойиҳанинг асосий мақсади — яширин “қора бозор” фаолиятини аниқлаш, ноқонуний тармоқларни фош этиш ва жамият учун хавфли бўлган наркотиклар савдосига чек қўйишдан иборат.

Шу билан бирга, хакатон доирасида иштирокчилар учун етакчи мутахассислар томонидан маҳорат дарслари, амалий семинарлар ва тажриба алмашиш сессиялари ҳам ташкил этилди. Бу эса ёшлар учун нафақат рақобат, балки билим ва кўникмаларни ошириш имкониятини ҳам яратди.

Маълумот ўрнида таъкидлаш жоиз, Умуммиллий “AI Hackathon”нинг финал босқичи 2026 йил декабр ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтади. Финалда энг илғор, амалий аҳамиятга эга ва ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга қаратилган лойиҳалар саралаб олинади.

Ушбу хакатон мамлакатда сунъий интеллект соҳасида ёш кадрлар салоҳиятини ошириш, инновацион ғояларни қўллаб-қувватлаш ва рақамли келажакни шакллантириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг