Йўқ деёлмаслик — энг хавфли одат!
Баъзи инсонлар борки, улар ҳеч кимни ранжитишни исташмайди. Доим мулойим, қулай ва "яхши” бўлишга уринишади. Ташқаридан қараганда бундай одамнинг муаммоси йўқдек туюлади. У баҳслашмайди, ортиқча эътироз билдирмайди, бошқаларга осонгина мослашади.
Аммо психологияда бу ҳолат кўпинча ички босимнинг энг хавфли кўринишларидан бири ҳисобланади. Чунки инсон доим бошқалар учун қулай яшай бошлаганда, аста-секин ўзини йўқотади.
Масалан, кафеда нотўғри буюртма келса ҳам индамайди. Навбатини бошқаларга беради. Ёқмаган хизматга ҳам “ҳаммаси яхши” деб жавоб беради. Ўзи хоҳламаган ишга рози бўлади. Чарчаган бўлса ҳам ёрдам беришда давом этади.
Булар оддий ҳолатдек кўринади. Лекин мияда ҳар сафар битта сигнал пайдо бўлади:
“Сен бошқаларнинг қулайлиги учун ўзингни қурбон қилишинг керак.”
Вақт ўтиши билан эса бу одат инсоннинг руҳий ҳолатига таъсир қила бошлайди. Психологларнинг таъкидлашича, ўз ҳиссиётларини доим ичига ютиб юрадиган одамларда:
- сурункали стресс,
- ички ғазаб,
- ҳиссий чарчоқ,
- хавотир,
- ўзини қадрсиз ҳис қилиш ҳолатлари кўпроқ учрайди.
Энг ёмони эса инсоннинг ўзи буни сезмайди ҳам. У ўзини “яхши одам” деб ўйлайди, аслида эса бошқаларнинг розилигига қарам бўлиб қолади. Психологияда бу ҳолат “people pleasing” — яъни, ҳаммага ёқишга ҳаддан ташқари интилиш деб аталади.
Бундай инсонларнинг асосий қўрқуви битта:
“Агар йўқ десам, мени ёмон кўриб қолишади.”
Аслида эса соғлом муносабат “доим рози бўлиш” устига қурилмайди. Соғлом муносабат чегаралар устига қурилади.
Биринчи навбатда, ҳар сафар рози бўлишдан олдин ўзингизга савол беринг:
“Мен буни ростдан хоҳлаяпманми ёки шунчаки ноқулай бўлиб қолмаслик учун розиманми?”
Иккинчидан, “йўқ” дейишни қўполлик деб қабул қилманг. Маданиятли рад этиш — бу агрессия эмас, бу шахсий чегарани ҳимоя қилишдир. Масалан:
“Узр, ҳозир бунга имконим йўқ.” ёки
“Бу сафар рози бўлолмайман.”
Учинчидан, ҳамма сиздан мамнун бўлиши шарт эмаслигини қабул қилинг. Доим ҳаммага ёқишга уриниш инсонни руҳий жиҳатдан ҳолдан тўйдиради.
Энг муҳим ҳақиқат шуки, инсон бошқаларни йўқотишдан қўрқиб яшайверса, охири ўзини йўқотади.
Баъзида энг катта психологик даволаниш — ўз эҳтиёжларингизни ҳам муҳим деб билишни бошлашдир!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter