Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Bookcafeси бор муҳаррир, мусаҳҳиҳ, таҳрирчи...

Bookcafeси бор  муҳаррир, мусаҳҳиҳ, таҳрирчи...

фото: xabar.uz

Фарғоналик 27 ёшли Гуласал Қодированинг кичкинагина китобкафе (bookcafe)си бор. Мактаб ёнида бўлгани учун мижозлари ўқувчилар. Болалар у ерга овқатланишга кирганида беихтиёр китоблар билан тўқнаш келади. Гуласал тадбиркор турмуш ўртоғи кафе очаётганда «келинг шуни (bookcafe) қиламиз, болалар нафақат қорнини тўйдиради, балки маънавий озуқа ҳам олади» деган экан.

Уни кўрсангиз шунчаки буфетчи аёл-да, деб ўйлайсиз. Аммо китобкафесига кирсангиз, буфетчи аёлнинг китоб ва дафтарлар орасига шўнғиганча нималардир ёзаётганини кузатасиз. Кўрганмисиз, қўли-қўлига тегмай идиш-товоқ ювиб, савдо қилиб яна орада ёзув-чизувга уринган одамни.

Қаҳрамонимиз Гуласал пирашки пишириш ва сотишдан ташқари муҳаррир, мусаҳҳиҳ, саҳифаловчи, таҳлилчи журналист ва копирайтер сифатида онлайн фаолият юритади – жисмоний ва ақлий меҳнатни бирлаштира олган.

Кўпчиликни эътиборига тушган китоблар «Қўрқма», «Ёлғонлар шаҳри», «Диққат», «Ибтидо», «Бахт етказиш» каби «Асахий» китобларига мусаҳҳиҳ ва саҳифаловчилик қилган ҳам шу митти жуссали аёл. Алишер Навоий номидаги ТошДЎТА университетнинг филология факултетини тамомлаган Гуласал, ўзининг «Урфон» китобкафесида бир нечта вазифани бирваракайига бажариш асносида интервю берди.
– Bookcafe очиш ғояси қаердан келди?
– Китобларим уйга сиғмай кетганди. Чунки мен ишлаган нашриётлар ҳалигача янги китобларни совға сифатида жўнатишади. Кафени очишда муаммоларга дуч келмадик. Турмуш ўртоғим тадбиркор,  кафени бир йил ичида қуриб, битказдик.  У пайтлари Қўқонга қатнаб, нашриётда муҳаррир сифатида ишлаётгандим. Китобларимни рўйхатдан ўтказганимда 500 дан ортиқ эди, кейин болаларга совға қилиб юбордим кўпини, ҳозир 300 та қолди.
– Одамларнинг китобхонликка муносабатлари...
– Бу кафега болалар кўпроқ киради. Лекин шунақа вазиятлар бўлганки, катта ёшли кишилар орасида ҳам китобга 200 минг тўлаб ўқишга олиб туришган. Яъни китобни қайтаришга ишонишим учун. Менда ҳозир рекламаси кучайган яхши китоблар кўп, чунки нашриётларда таҳрирчиман. Қувонтирадигани бадиий асарлардан ташқари шахсий ривожланиш мавзусидаги китобларга талабнинг кўпайгани, масалан «Атом одатлар», «Учдан кейин кеч» асосан аёллар болалар тарбиясига оид, ёшлар мотивация берадиган китобга қизиқади. Битта муаммо болалар асарлари, эртак китобларнинг камлиги. Биласизми, китоб қишлоқ одамларининг ҳаётига мазмун олиб киради. Чунки асарни ўқиётган одам унинг ичида яшайди. Ўтган йили «Ёш китобхонлар» танловига тайёрланиш пайтида 50 та китоб ўқидим, ҳаётимнинг бир йили қандай ўтганини билмай қолдим. Узлуксиз китоб ўқиш орқали англадимки, китоб ўқимасам ҳаёт тўхтагандек ёки бекор ўтаётгандек бўлиб қолди.
– Bookcafeни ривожлантириш учун қандай режаларингиз бор?
– Тўғрисини айтаман, менимча, бундан ортиқ ривожлантириб бўлмайди. Келгусида китобхонликка оид ўйинлар – 10 бет китоб ўқиган одамга 10 фоиз чегирма қилмоқчиман....
– Агар ҳаётингиз ҳақида китоб ёзилса, у қандай номланиши мумкин?
– Ҳаётим ҳақидаги китобни «Таваккалликлар» деб номлардим. Мен таваккал қилиб Тошкентдан қишлоққа қайтиб, таваккал кафени очдим, менга билдираётган иш таклифларга йўқ демайман – эпласам муваффақият, эпламасам тажриба дейман. Янги билимларни таваккал билан ўрганиш ёқади. Имкон қадар бошлаган ишимни охиригача етказаман, ҳар бир таваккалим ўзини оқлаган.
– Қишлоқда аёл бўлиш қийинми?
– Қишлоқда ишлайдиган аёлга қийин. Ҳам уй иши – молга қараш, далага чиқиш, ҳовли супуриш... Шаҳарлик аёл эса якшанбасини бўлса-да ўзига ажрата олади, айланишга чиқади, қишлоқ аёли қаерга айланишга бориши мумкин? Ва қишлоқда ҳамманинг бир-бири билан иши бўлади, гап-сўз босими бор ва аёллар қобиқда юришга мажбур. Асосан вақти уй ишларига кетади. Шаҳарда ўзини-ўзи ривожлантиришга вақт топса бўлади. Қишлоқда аёллар кўпроқ икир-чикирлар билан овора бўлиб ўзи нима истаётганини билмайди. Орзуларини, истакларини таҳлил қилишни, мақсадларини эсдан чиқариб қўяди. Аввало аёл руҳан эркин бўлиши, масъулият билан мажбуриятни ажратиб олиши керак. Кўпчилик аёллар ҳамма нарсага масъулман деб ўйлайди. Йўқ аёл, аввало фарзандини ҳам маънан, ҳам жисмонан соғлом қилиб вояга етказишга масъул. У нималаргадир ўзини қурбон қилишга, ортиғи билан ҳамманинг кўнглини олишга мажбур эмас. У ривожланиши учун, аввало мен нима хоҳлайман, мен ким бўлмоқчиман, деган саволларга жавоб топиши лозим. Бирор нарсани хоҳлашнинг эрта-кечи йўқ. Ҳозир имконият қишлоқда ҳам етарлича. Чунки технология ривожланмоқда. Ҳар бир касб эгаси ўз устида ишлаши шарт, замонавий дунёнинг талаби шу. Кафеда ишим бор, оддий ўқитувчи бўлсам етарли демадим, перашки ҳам пишираман (айтганча мен пишириқ пиширишни эплай олмасам керак, деб ўйлардим, лекин орада курсда ҳам ўқиб олдим), турк тилини, копирайтерликни шу кафеда ўтириб онлайн ўргандим.

Ҳозир турк асарлари таржималарини солиштириш бўйича нашриётлар билан ҳамкорликда ишлайман, бу ҳам қўшимча даромад. Кўнгилда истак бўлса ҳар қандай аёл тилларни, технологияни ўрганиши мумкин. Яна тил ўрганиш асносида ўзингизда ғурур пайдо бўлади, яна бир илмни ўзлаштираётганингизга.
– Аёл сифатида ҳаётингиздаги энг катта ғалабангиз?
– Ҳаётимдаги ғалабам, қишлоққа қайтганимдан кейин тўхтаб қолмаганим, орзуларимдан кечмаганим, қишлоқда яшасам-да вақтимни «соғлом» ўтказишга ҳаракат қилганим. Масалан, шаҳарда китобхонлик танловига қатнашишга қизиқмаганман, қишлоқда шу танловга тайёрландим. Асарларни тақриз қилдим: «Кун. уз»да ишладим, кинога оид соҳалардан иш таклифи тушди, «Жадид» газетасига ишга чақиришди. Муҳаррир-мусаҳҳиҳ деса кўпчиликнинг хаёлига мен кела бошлашим.
– Жамият ёки оила томонидан сизга «буни қилолмайсан» дейилган, лекин сиз уддалаган ҳолатлар бўлганми?
– Сен шаҳарга қайтолмайсан, қишлоқда қолиб кетасан, осмондан туш пастга, мактабга ишга кир, ишингни давом эттир, дейишган. Мен одамларнинг таслим қиладиган гапларига эътибор бермайман. Руҳий эркинлик дегани мана шу. Аввало қиладиган ишимни ҳеч кимга айтмайман, масалан, турк тилини ўрганаманми, копирайтерликними сертификат олганимдан кейин айтдим, ёш китобхонлар танловига қатнашаётганимниям айтмаганман. Шунда ҳеч ким бошлаётган ишингизга тўсиқ бўлмайди, негатив фикр билдиролмайди.
– Орзуларингизни амалга оширишда қандай муаммоларга дуч келгансиз? Таслим бўлишни ўйлаганмисиз?
– Биринчи муаммо – дадам Тошкентга ўқишимга қарши бўлган. Аммо бунга менинг қизбола эканлигим халақит бермаган, керак бўлса очлик эълон қилдим. Таслим бўлгим келган пайтлар бўлган. «Нима қиламан бошимни оғритиб эрим боқса, шунча китоб ўқиш, ижод қилиш кимга керак ўзи» деганман, оддий қишлоқ аёли бўлгим келган. Шу соддаликларга интилган пайтларим бўлган. Ишлашга, ўқишга мажбурманми, тўхтатаман деганман, лекин бир ҳафтадан кейин «сен шу учун туғилганмисан, шунчаки яшашни хоҳлайсанми, шу икир-чикир, фарзандлар тўйини кўриш, ҳаётда ҳеч нарса кўрмаган қайнона бўлиш... шуми орзуинг» деганман. Қишлоқ шароити мени руҳлантирган – китоб ушлашга, компютерда ўтириб ишлашга мажбур қилган.
– Агар сиз ўзингиз ёшликда ололмаган бир имкониятни бошқа аёлларга бериш имконига эга бўлсангиз, у нимадан иборат бўлар эди?
– Мен ололмаган мотивацияларимни, тажрибаларимни каналим орқали аёлларнинг ўзига бўлган ишончини мустаҳкамлашга интилаяпман. Ҳеч бири шунчаки ёзилган эмас, шунчаки тилда айтилган эмас. Ўзим ҳис қилган нарсалар – мен уларни ҳис қилиб ёзаман, таҳлил қиламан ва қоғозга тушираман. Аёлларга ўз тажрибаларим орқали балиқ эмас, қармоқ бергим келади. Менга ҳеч ким мотивация бермаган вақтида, ўзим урилиб-сурилиб эришганман. 500 минг сўм ойликка ишлаган пайтларим бўлди, бу менга тажриба эди ва шу ўрганганларим энди 10-15 миллион сўм бўлиб қайтмоқда. Кеча ўқишни битирган талабага ҳеч қаерда катта ойликли иш тайёр турмайди. Яхши даромадга тажриба орқали эришилади, шу йўлни босиб ўтиши керак.
– Агар сиз аёллар ҳақида китоб ёзиш имконига эга бўлсангиз, қандай аёлларнинг ҳикояларини ёзар эдингиз?
– Китоб ёзиш режам бор. Бувимдан ўтган бу хоҳиш. Бувим кўчага чиқиб кун санамаган. Вақтини маърифат билан завқли ўтказган. Илҳом, ижод билан яшаган. Китоб ёзсам ҳаётда қийинчликларни енгиб порлаган пайтларимни ёзардим. Ичида нури бор аёлларга нурни чақмоқдек чиқариш учун мотивация, туртки китоб ҳам ёзган бўлардим.
– Она бўлдингиз... ва фарзанд олдидаги бурч ҳақида нималар дея оласиз?
– Шундай аёлларга дуч келганманки, улар ўқишни, ўрганишни исташмайди, китобни ёқтирмайди. Шундай аёлларга дуч келганманки, олий маълумотли, аммо ишлашни, ўсишни истамайди. Шундай аёлларни кўрганманки, иштиёқи бору, шароити йўқ.
Хуллас, аёл киши атрофидаги аёлларни: қўшниси, келини, овсини, келинойиси, дугонасининг қандай уй юмушларини бажариши, молга қараш-қарамаслиги, таппи қилиш-қилмаслиги, кирни қандай чайиб, нима экиши, соат нечада уйғониб, кўчани қачон супуриши, нечта бола катта қилганига қараб баҳоламаслиги керак. Фақат шу жиҳатлар билан чекланиб қоляптими, демак, ҳаёти шундай юмушлар билан ўралашиб ўтиб кетяпти.
Аёллар фарзандлари учун ҳам ўз устида ишлашга мажбур. Сабаби болаларимиз ақллилашиб боряпти. Аввало, бизни идеал деб билишади. Шу идеаллигимизни сақлаб қолишга, эртага берадиган саволларига жавоб беришга, уларни жамиятга фойдали инсон қилиб етиштиришга мажбурмиз.
Қачонки, аёлларимиз кучини идиш-товоқ, кир-чир, мол-ҳолга эмас, таълимга, билимга йўналтирса, қачонки, ота-оналар қизининг сепига сарфлайдиган пулини фарзандининг илм олиши учун харжласа, кейингина жамиятда ўсиш бўлади. Ошхонада ўнта одам бўлса, ҳаммасига иш топилади. Аёл фақат ошхона учун яратилмаган. Унинг ўз истаклари ва фикрлари бор. Бу фикр ва ғоялар кўрсаткичини қайнона-қайнота ёки эр билан чеклаб қўйишга, аёлни бу орқали майдалаштириб юборишга ҳеч ким ҳақли эмас!
Аксар хонадонлара қиз бола туғилганидан онасининг эзилганини, фикри инобатга олинмаслигини, бурчакларда йиғлаганини ва йил ўн икки ой ошхонада куймаланишини кўриб катта бўлади. Истайдими-йўқми шу тақдирни автоматик равишда бўйнига олади. Шу орқали идиш-товоққа кишанлилик авлоддан-авлодга кўчиб ўтаверади. Кишанларни парчалаш вақти келмадимикан? Фарзандларимиз учун кучли, ўз ўрни ва фикрига эга, уддабурон, жамиятда фаол она бўлиш даври етмадимикан?
– Ўзингиз тенгиларга, умуман, опа-сингилларга қандай мотивация берган бўлардингиз?
– Англаб етганим шу бўлдики, инсонда ички бир иштиёқ бўлса, хоҳиш кучайса, қизиқиш устун келса, ҳар қандай вазиятда ўзи севган, интилган, роҳатланган машғулотларига вақт, имкон топа олади. Саккиз сигир ичида унисини қўйиб, бунисини соғиб, боқиб юриб ҳам «Ёш китобхон» лойиҳасида Республикага чиқолганман, тўрт ой турк тилини муккамдан кетиб ўрганиб, Б2 сертификат олганман. Булар ўзим учун амалий далил бўлди. Шамолни тутиб, қамаб бўлмаганидек, иштиёқ билан урган юракни, завққа тўлган кўнгилни боғлаб қўйиб бўлмайди, бу имконсиз. Албатта бу фақат ўзингизга боғлиқ эмас, турмуш ўтроғингиз ва яқинларингизнинг қўллови ҳам жуда муҳим. Бу борада мен омадлиман дея оламан.


Киши орзу-умидсиз яшамайди, яшолмайди. Сизда интилиш борми, шароитни ташқи томондан қидирманг. Уни ичкарида яратинг, «ичкари»ни эшитинг, қулоқ солинг. Сизни ҳаракатга ундайдиган, интилтирадиган бу – ичкарида.
Ичкарингиз оловланиб турган бўлса, ўчишига, ўчиришларига йўл қўйманг. Ҳаракатларингиз, орзуларингиз билан унга ўтин қаланг. Ҳаммасини уддаласа бўлади!

                                                                              Барно Султонова суҳбатлашди
 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг