Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Рустам Жабборов

Ё аслинг каби кўрин, ё кўринганинг каби бўл! (Жалолиддин Румий)

Биз ўз босқинчисини кўкка кўтарган илк миллат сифатида тарихда қоламизми?

Биз ўз босқинчисини кўкка кўтарган илк миллат сифатида тарихда қоламизми?

Бундан 2-3 йил аввал Андижонда, араб саркардаси Қутайба ибн Муслим зиёратгоҳи давлат маблағлари ҳисобидан қайта таъмирлангани ҳақида ўз муносабатимни билдиргандим, Қиличмозор қишлоғи ҳудудида Қутайба ўз сафдошлари томонидан ўлдирилгач, кейинчалик бу ерда унинг мақбараси бунёд этилган. Анча таъмирталаб аҳволга келиб қолгач, Андижон вилояти ҳокимлиги томонидан бу қадамжо обод қилинди. Балки, Қутайба юртимизни ислом нури билан нурлантиришга ҳисса қўшгандир. Аммо, унинг исломиятга қадар бўлган маданиятимизни ер билан яксон қилганини ҳам унутмаслик кераклигини айтиб ўтгандим, ўшанда.

Яқинда Тошкент шаҳри ҳокимлиги томонидан юртимизни босиб олиш чоғида ҳалок бўлган 24 нафар рус аскари шарафига бунёд этилган Авлиё Георгий бутхонасининг қайта таъмирланиши ҳақида турли фикрлар пайдо бўлди.

Тасаввур қилинг, бу босқин халқимиз бошига не-не кунларни солмади. Наҳотки, озодлик учун жон берган ўн минглаб аждодларимизни, кули кўкка соврилган шаҳару қишлоқларимизни, ёндирилган, йўқ қилинган маданий бойликларимизни, топталган динимиз, қадриятларимиз, тарихий меросимизни эсдан чиқариш шу қадар осон бўлди?

Ватан деб, иймон деб, ор-номус деб жон берган шаҳид кетган боболаримизга муносиб кўрилмаган бундай шараф не ажабки, уларни беаёв қирган, отган, осган, бадарға қилган золимларга насиб қилган бўлса? Албатта, биз рус халқининг Пушкин, Толстой, Чехов, Гоголь, Грибоедов, Есенин сингари буюк даҳолари олдида ҳамиша таъзимдамиз. Уларнинг хотирасини қанча ардоқласак арзийди. Аммо, Ватанимизни поймол қилган фотиҳларни эмас.

Тан олиш керак, бизнинг ота-боболаримиз ҳам бошқа юртларга қўшин тортиб боришган, бошқа ҳудудларни ўз давлатларига қўшиб олишган. Аммо, шу пайтгача бирор юртга кириб борган туркийларимиз шарафига маҳаллий халқ томонидан тикланган обидани кўрмадим. Биз ҳар қанча улуғламайлик, Грузияда Жалолиддин Мангубердини, Эрон ёки Ҳиндистонда Амир Темурни босқинчи деб билишади. Ҳар йили ноябрь ойида Тбилисида Кура дарёси бўйича Жалолиддин бобомиз буйруғи билан қатл этилган гуржилар хотираси ёдга олинади. Усмонийлар давридаги зиддиятлар натижасида ҳалок бўлган арманлар хотираси «геноцид» сифатида бўрттирилиб, арман халқи учун ҳаёт-мамот масаласига, Арманистоннинг давлат сиёсатига айланганини гапирмаса ҳам бўлади.

Аввало, бутун дунё, жумладан бизнинг халқимиз ҳам пандемиядан азият чекиб, коронавирусга чалинганлар ортиб бораётган, юз минглаб оилалар карантин туфайли даромад манбаидан айрилган, давлат иқтиисодиёти хавф остида турган бир пайтда, миллионлаб маблағ эвазига бу ёдгорликни тиклаш шунчалик зарурмиди? (Гарчи бу ташаббус анча олдинроқ бошланган бўлса-да) Шундай вазиятда ҳам бунёдкорликни унутмаган эканмиз, обод қилиниши, тикланиши, таъмирланиши лозим бўлган бошқа муассасалар, таълим-тарбия масканлари йўқмиди? Бу маблағ эвазига танг аҳволда қолган минглаб оилаларга ёрдам кўрсатиш мумкин эди-ку?

...Эсимда, бир пайтлар Самарқандга кираверишда, Чўпонота тепалигида юртимизни босиб олишда ҳалок бўлган чор аскарлари хотирасига атаб қурилган ёдгорлик бўларди. Бу ҳам ўз вақтида юртимиз зиёлиларининг жиддий норозилигига сабаб бўлган, Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон бу ёдгорлик ҳақида шундай сатрларни битганди:

Самарқандга яқинлашган он,
Юрак бирдан ғазаб-ла урар:
Юксак адир устида, не тонг,
Босқинчилар ҳайкали турар...
Бу дунёда босқинчидек ғар,
Босқинчидек золим йўқ, халқим!
Ҳайкал эмас, сенинг кўксингда
Занглаб ётар битта ўқ, халқим!..

Хуллас, шу чиқишлар, даъватлар сабаб бўлдими, бошқами, тепаликдаги бу ёдгорлик тамомила йўқ қилинди. Орадан йиллар ўтиб, худди ана шу йўналишда барпо этилган яна бир ёдгорлик обод этилди. Ким билсин, шаҳар чиройини очиш учун балки бу ҳам керакдир? Аммо, шаҳарни томоша қилиш учун келган хорижлик меҳмонларга бу обидани қандай «таништирамиз»? «Мана, бир пайтлар биздек «ёввойи» халққа тараққиёт, озодлик олиб келишдек буюк мақсад йўлида қаҳрамонларча ҳалок бўлган азамат аскарлар шарафига қурилган обидани биз таъмирлаб қўйдик» десак қалай бўларкин?

Балким, ўз босқинчисини кўкка кўтариб, унинг хотирасига бағишланган обидаларни таъмирлаб, кўз-кўз қилган илк «бағрикенг» миллат сифатида тарихда қолармиз?

P.S: 1886 йилда барпо этилган бу бино тарихий обида сифатида ўз қийматига эга, дейдиганларга жавобим: мен ҳам бу бутхонани таг-туги билан йўқотиш керак эди, демоқчи эмасдим. Тарихий бино сифатида асл ҳолатида тургани яхши эмасмиди? Ахир, ЮНЕСКО талаблари бўйича тарихий бинолар асл кўринишида сақланалиши, реставрация эмас, консервация қилиниши керак эмасмиди? Ўтган йили Қорақапоғистондаги Шамъун Наби зиёёратгоҳи бузилиб қайта тиклангани ҳам катта шов-шувга сабаб бўлмаганмиди? Битта нарса қизиқ: Қорақалпоғистондаги бу зиёратгоҳ тикланганда, «тарихни бузиб, йўқ қилишяпти» деб шовқин кўтарган айрим русийзабон журналист ва блогерларимиз нега ушбу бутхона тикланаётганида, «тарихни ўзгартирманг» деб фарёд солишмади? Ё биз бехабар қолдикмикин?

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг