Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Кўк жигули» челленжи: Қимматлаётган машиналар, рақсга тушаётган 80 ёшли отахон, багажга мингашган қизлар ва бу ғалати «касаллик»лар сири

«Кўк жигули» челленжи: Қимматлаётган машиналар, рақсга тушаётган 80 ёшли отахон, багажга мингашган қизлар ва бу ғалати «касаллик»лар сири

Хонанда Озода Нурсаидованинг «Кўк жигули»си бугун айни трендда. Ижтимоий тармоқларда, кафеларда, ҳатто «дазмолни уласанг ҳам» — шу қўшиқ.

Маълумотларга кўра, мазкур қўшиқ видеоси томошабоплиги жиҳатидан жаҳон рейтингида етакчилар қаторига чиққан.

Сал аввал хонанда ташаббуси билан «кўк жигули» челленжи эълон қилинган эди. Унга кўра, кўк жигули фонида видео олиб жўнатаётганларнинг сони жудаям кўпайган. Улар орасида  рақсга тушаётган нуроний отахонлардан тортиб, вояга етмаган ёш қизалоқларгача бор...

Хавфсизликдан кўра, «қайноқ ижод» устунлик қилган видеоларда қизлар қай бири багаж устига мингашган, қайси бири машина билан баравар ҳаракатланиб рақс тушяпти.

Айтишларича, шу қўшиқ сабаб машина бозорларида кўк жигулини нархи қимирлаб қолган. Қачонлардир металлоломга топширилган эски кўк машиналар кузовига яна харидорлар чиқа бошлаган. Американинг машҳур Пантоне модалар уйининг «2024 йилда шафтоли ранги урфга киради»,  деб қилган башорати «кўк жигули» сабаб йўққа чиқди...  

Озода Нурсаидова ижодини дастлаб, 1997-98 йилларда миллий ва ҳинд оҳанглари уйғунлашган «Муҳаббат қайдасан», «Алла болам» қўшиқлари билан бошлаган бўлса, кейинчалик миллий ва туркча усулда ҳам кўплаб хит қўшиқлар яратган эди. Узоқ танаффусдан кейин «Ёмғирларда» қўшиғи билан кўпчиликни бир йиғлатган бўлса, энди «Кўк жигули»си билан буткўл ҳаммани «касал» қилди.

Қўшиқ 80-йиллар диско услубида, шарқона нолалар ҳамоҳанглигида яратилган, куй ҳам, шеър ҳам соддагина, енгил ҳазмли. Хонанда ёшларнинг сўнгги пайтларда маъноли шеърларга, қолипланган аранжировкалар, бойитилган ноталарга  тоқати йўқлиги сезган шекилли, улар учун  соддагина қўшиқ тақдим этган ва ўша «жайдарилик» қўшиққа ўзгача жозибадорлик бахш этган.

«Кўк жигули»да клип сюжети ҳам қўшиққа мос. Либослар, диско рақслари, бинолар, таксафон, панорама кинотеатри кўриниши ҳам, муштлашувлар, барча манзаралар 80-йиллар охири нафасини бериб турибди. Бу эса, шубҳасиз, ёшлар билан бирга ўрта ёшлилар қалбида  ҳам ўзига хос носталгия пайдо қилади. 

Нима бўлганда ҳам бу қўшиқ, ўзбек санъати учун катта ютуқ. 90-йилларда собиқ СССР давлатлари ичида иккинчи ўринда турган эстрадамиз нуфузи, охирги йилларда анча пасайиб кетгандек эди. Ўйлаймизки, бу «Кўк жигули» ҳали узоқ манзилларга юради. Чунки у ҳозирда қўшни ва яқин давлатларда ҳам трендга чиқмоқда. Бу эса миллий эстрадамизнинг кенг танишилига хизмат қилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг