Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Исроил ақл бовар қилмас жиноятда айбланди

Исроил ақл бовар қилмас жиноятда айбланди

Ғазо, Дайр ал-Балаҳ шаҳарчаси. Исроил бомбардимонида ҳалок бўлганлар.

Фото: AP

Исроил ҳарбийлари Ғазо секторида ҳалок бўлган фаластинликлар жасадидан тана аъзоларини ўғирламоқда. Бу ҳақда Euronews телеканали Euro-Med Human Rights Monitor инсон ҳуқуқлари ташкилотига таяниб хабар берди.

Исроил ҲАМАС ҳаракатининг жорий йил 7 октябрдаги ҳужумига жавобан Ғазода минглаб тинч аҳоли вакиллари ўлимига олиб келган ҳарбий амалиётларни давом эттирмоқда.

Қароргоҳи Швейцариянинг Женева шаҳрида жойлашган Euro-Med Human Rights Monitor ходимларига кўра, Ғазода Исроил ҳарбийлари қўлига тушган жасадларнинг буйрак, жигар, юрак каби аъзолари йўқолгани аниқланган.

Исроил аскарлари Ғазодаги «Аш-Шифо» ҳамда Индонезия шифохоналаридан ўнлаб жасадларни ҳам олиб кетган.

Тель-Авив расмийлари фаластинликлар тана аъзолари ўғирланганини рад этиб келади.

Фаластинликлар жасадидан тана аъзоларини яширинча олиш ҳолатлари ўтмишда ҳам кузатилган.

Исроиллик врач Мейра Вайс (Meira Weiss) «Уларнинг жасади оша» (Over Their Dead Bodies) деб номланган китобида 1996-2002 йилларда фаластинликлар тана аъзолари олиниб, тиббий тадқиқот мақсадида ишлатилгани, шунингдек, исроиллик беморларга трансплантация йўли билан ўтказилганини ҳикоя қилган.

2014 йилда Исроил телевидениеси орқали эфирга узатилган суриштирувда юқори лавозимдаги мулозимлар вафот этган фаластинликлар ва африкалик ишчиларнинг териси исроилликларни даволаш учун ишлатилганини тан олган. Кўрсатувда Исроилда тери захираси шакллантирилгани ҳам қайд этилган.

Буюк Британиянинг The Guardian газетаси ёзишича, 2009 йилда жамоатчиликка тақдим этилган интервьюда Тель-Авив яқинидаги Абу Кабир суд-тиббий экспертиза институти собиқ раҳбари Йеҳуда Ҳисс марҳумларнинг яқинлари изнисиз жасадлардан кўз пардаси, тери, суяк, юрак клапанлари олинганини тасдиқлаган.

Euro-Med Monitor ташкилоти Исроилни дунёда инсон тана аъзоларининг ноқонуний савдоси авж олган марказлардан бири деб атаган.

Халқаро ташкилот, шунингдек, яҳудий давлати аскарлари 7 октябрда бошланган ҳарбий амалиёт давомида ҳалок бўлган фаластинликлар жасадини яқинларига қасддан бермаётгани муаммосини ҳам кўтарган.

Марҳумларни ҳурмат билан дафн этиш диний, инсоний қадриятлар сирасига киради.  Euro-Med Monitor фаластинликларнинг жасадини яқинларига бермаслик орқали уларни жамоавий тарзда жазолаш мақсад қилинган деб ҳисоблайди.

Ташкилот Исроилни халқаро ҳуқуққа мувофиқ жасадларни ҳурмат қилиш ва тана аъзолари ўғирланиши юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг