Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

“Пўрим машинадаги эррайим ва мопедда тирикчилик қилаётган қоракўз”

“Пўрим машинадаги эррайим ва мопедда тирикчилик қилаётган қоракўз”

Ўзбекистондаги мопед ва скутер ҳайдовчилари жорий йил 1 октябрга қадар ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлиши, улар бошқарувидаги транспорт воситалари эса давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим. Ички ишлар вазирлиги ушбу талабни бажармаган мопед ва скутер ҳайдовчиларига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилишидан огоҳлантирган.

Ўзбекистонда асосан курьерлик, яъни етказиб бериш хизмати билан шуғулланаётган аҳоли қатлами мопед ва скутердан фойдаланаётганини кузатиш мумкин.

Ижтимоий тармоқ фаоллари бир неча омилларга кўра мопед ва скутерни бошқариш учун ҳайдовчилик гувоҳномаси ва давлат рақами олиш талабини танқидий баҳоламоқда.

“Лекин тан олиш керакки, ҳали кўпчилик бу амалиётга тайёр эмас. Яъни гувоҳнома олиш учун ўқимаган, имтиҳон топшириб керакли ҳужжатни ҳам олмаган. Эътиборлиси – бу восита ёшларни иш билан таъминлаш, камбағаллар учун ортиқча ғалвасиз иш ўрни яратаётган етказиб бериш хизматининг ўта зарур қуролига айланди”, – деб ёзади Телеграмдаги “Davletovuz” канали муаллифи.

Блогернинг эслатишича, жорий йил апрель ойида ўтказилган селекторда ҳам Ўзбекистон президенти томонидан “курьерлик хизмати корхоналари мопед олиб келиб, одамларни иш билан таъминлаётгани, лекин мопеднинг ўзи 300 доллар турса, уни стандартдан ўтказиб, сертификат олишга яна шунча маблағ кетаётгани” танқид қилинган.

“Ҳа, тартиб бўлиши керак, ҳа, хавфсизлик ҳам жуда муҳим. Лекин буни эртадан кечгача ишлаб, рўзғорини тебратаётган, ўқишига ёрдам қилаётган, ота-онасига кўмаклашаётган бечора курьерларнинг зиммасига ташлаб қўйиш – бандлик ва камбағалликка қарши кураш сиёсатидан чекинишдир”, – деб ёзади “Davletovuz”.

Иқтисодчи Отабек Бакиров “Ҳозир пойтахт ва йирик шаҳарлардаги агрегаторлар орқали ишлаётган юз минглаб курьер ва етказиб бериш хизматлари ишчилари ўзларини ўзлари камбағалликдан чиқаришган. Давлат уларга ёрдам пули бермаган, имтиёзли кредит ажратмаган, иш ўрни яратиб бермаган”, – деб ҳисоблайди.

Экспертнинг таъкидича, мопед ва скутерда оила боқаётган ватандошларимиз мамлакат иқтисодий ўсишига салмоқли ҳисса қўшмоқда.

“Пўрим мошинларда юрадиган айрим эррайимларга мопед ва скутерларда шошиб-пишиб буюртма ташиб тирикчилик қилаётган қоракўзларимиз ёқмас, лекин улар триллионлаб қўшилган қиймат яратаяпти (ваъда қилинаётган 130 млрд долларда уларниям улуши бор), товар ва хизматлар занжирида муҳим звенога айланиб ҳаётимизни арзонлаштиряпти, осонлаштиряпти”, – деб таъкидлайди О.Бакиров.

Фаоллар ҳайдовчилик гувоҳномасига ўқиш ва имтиҳон топшириш (6-9 млн сўм), мопед ва скутерларга давлат рақами олиш (1,6 млн сўм) учун катта маблағ талаб этилишига ҳам эътироз билдирмоқда. Бу борада масалани осон, арзон ва қулай ҳал этишга қаратилган таклифлар илгари сурилмоқда.

“Мутасаддилар, керак бўлса, агрегаторлар билан ҳамкорликда тез ва самарали ечим топиши лозим. Қисқа муддатда (бир ҳафталик, 10 кунлик) ортиқча бюрократик талабларсиз ўқитиб, скутер ва мопед ҳайдовчилик гувоҳномаси нархларини чўнтакбоп қилиш, зарур бўлса, бюджетдан компенсация қилиш йўлидан бориш мақсадга мувофиқ. Чунки мопед ва скутерга ҳашаматли транспорт воситаси эмас, балки меҳнат қуроли сифатида қараш керак. Яна бир масала. Юқоридагилардан келиб чиқиб, муддатни янги йилгача чўзиш ҳам адолатдан бўлар эди”, – деб ёзади “Davletovuz”.

Иқтисодий таҳлилчи О.Бакиров таклифига кўра эса, талабгорларнинг ID карталарига давлат хизматлари марказларида мопед ва скутерларга мулк ҳуқуқи рақамли маълумотларини киритиш ва ташқи идентификациялаш имконини берадиган ёки QR кодли стикерлар бериш билан масалани ҳал этиш мумкин. Ана шунда хизмат ҳақи ҳам нари борса 200 минг сўмни ташкил этади.

“Ёки бўлмасам, бутун нормал дунёдаги каби ва Ўзбекистон ратификация қилган Вена конвенцияси бўйича мопед ва скутерларга А1 тоифани жорий қилиш, ихтиёрга кўра соддалаштирилган ўқиш ёки ўқишсиз арзон имтиҳон жараёнини йўлга қўйиш мумкинмиди?” – дея савол қўяди О.Бакиров.

Ижтимоий тармоқларда “Мопед ва скутерлар “праваси” ўта қиммат, бундай нарх ҳатто АҚШда ҳам йўқ” деган мазмунда видеолавҳалар ҳам тарқалмоқда.

Маълумот ўрнида: мопед ва скутер ҳайдовчиларининг “А” тоифадаги гувоҳнома олиши талаби 2025 йил 1 мартдан жорий этилиши режалаштирилган, кейинроқ ҳукумат қарори билан мазкур муддат 1 октябрга қадар узайтирилган эди.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан фойдаланишда бўлган мопед ва скутерларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида 2025 йил 30 сентябрга қадар амал қиладиган вақтинчалик низом тасдиқланган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг