Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

2027 йилга бориб давлат электр энергияси нархидаги фарқни қоплашни тўхтатади

2027 йилга бориб давлат электр энергияси нархидаги фарқни қоплашни тўхтатади

Эълон қилинган Бюджетнома лойиҳасига кўра, 2025 йилда давлат бюджетидан иқтисодиётга ажратилиши режалаштирилаётган харажатлар жами 39,2 трлн сўмни, яъни жами харажатларнинг 11,4 фоизини ташкил этади.

Хусусан, электр энергия нархларидаги тафовутни қоплаш учун тизимга бюджетдан 500 млрд сўм субсидия маблағлари режалаштирилмоқда.

Ҳужжатга кўра, келгуси йилларда электр энергия тарифлари босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказилиши натижасида электр энергияси харид қилиш ва сотиш нархлари ўртасидаги салбий тафовутни молиялаштириш учун бюджет харажатлари камайтирилади. Мисол учун, жорий йилда ушбу мақсад учун прогноз қилинаётган маблағ 2,5 трлн сўм бўлса, 2025 йилда бу маблағ 500 млрд сўмга, 2026 йилда 300 млрд сўмга қисқартирилади. 2027 йилдан эса айни мақсадлар учун давлат бюджетидан маблағ ажратилиши тўхтатилади.

Шу билан бир қаторда, Ҳужжатда 2025 йил ва келгуси ўрта муддатли даврда мамлакат энергетика хавфсизлигини ва самарадорлигини таъминлаш, хусусан, энергетика тармоғини тартибга солувчи қонунчилик нормаларини соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларга мослаштириш ҳамда электр энергиясининг улгуржи ва чакана бозорларини ташкил этиш мақсадида тармоққа хусусий операторлар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича амалий ҳаракатларни бошлаш режелаштирилмоқда.

Шунингдек, газ ва электр энергияси тарифларини эркинлаштириш бўйича бошланган ислоҳотларни тўлиқ якунига етказиш ва 2030 йилга қадар қайта тикланувчи энергиянинг жами истеъмолдаги улушини 40 фоизга етказиш борасида ислоҳотларни амалга ошириш инобатга олинган.

Маълумот учун, табиий газни сотиб олиш ва сотиш нархларидаги тафовутни қоплаш учун давлат бюджетидан:

  • 2022 йилда – 6,7 трлн сўм;
  • 2023 йилда – 18 трлн сўм;
  • 2024 йилда (кутилма) – 9,5 трлн сўм:
  • 2025 йилда (режа) – 7 трлн сўм;
  • 2026 йилда (режа) – 6,5 трлн сўм;
  • 2027 йилда (режа) – 6,9 трлн сўм маблағлар ажратилади.
Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг