Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«333». Бу рақам Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигида муҳим ўрин тутади...

«333». Бу рақам Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигида муҳим ўрин тутади...

Япон элчиси Ёшинори Фужияма.

Фото: Xabar.uz

17 август куни Тошкентда Япония олий таълим муассасаларида таҳсил олган ўзбекистонлик мутахассисларнинг олтинчи учрашуви бўлиб ўтди. Тадбир Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан Япония ОТМ битирувчилари клуби (UJUAC — Uzbekistan Japan Universities Alumni Club) билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Анъанавий анжуманда Япониянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма нутқ сўзлади.

«Битирувчиларнинг сўнгги учрашуви 2018 йилнинг ноябрида ўтказилган эди. Пандемия сабаб биз бир неча йил давомида бундай учрашувларни ташкил қила олмадик. Бугун, ниҳоят, япон ОТМ битирувчиларининг олтинчи учрашувида дийдорлашиб турибмиз. Бу — битирувчиларнинг мен қатнашаётган биринчи учрашувидир. Япония ҳамда Ўзбекистон ўртасида мустаҳкам ришта бўлган сиз, азизларни икки давлат дипломатик муносабатларининг 30 йиллигида қароргоҳимда қутлаётганимдан ғоят хурсандман», — деди дипломат.

Қайд этилишича, анжумандан кўзланган мақсад турли дастурлар орқали Кунчиқар ўлкада таҳсил олган мутахассислар ўртасидаги робиталарни янада мустаҳкамлаш, ўзаро тажриба ва фикр алмашиш, маслакдош ва елкадош дўстлар орттиришдан иборатдир.

«Япон ОТМ битирувчилари келгусида ҳам Япония билан ришталарни кўз қорачиғидек асрашларига тилакдошман. Японияда таҳсил чоғи орттирилган тажриба, билим ва алоқалар фаолиятингизда асқотиб, тўлақонли наф келтиришига умид қиламан», — деди элчи Ёшинори Фужияма.

Тадбир иштирокчилари эътиборига ўзбек санъатига ошуфта япон қизи Машу Камозаки ижодига бағишланган «Ипак торлар» ҳужжатли-публицистик фильми намойиш этилди. Юртимизда бир неча йил яшаб, дутор чалишни мукаммал ўрганган токиолик санъаткор Шаҳрисабзда ўтган халқаро мақом фестивалида совринли ўринни эгаллаган. Машу Камозакининг ижод йўли икки халқ ўртасида муштарак жиҳатлар бисёр эканидан далолат беради.

Анжуман давомида Япония ОТМ битирувчилари клуби фаолиятини янада жонлантириш, ҳамкорликда илмий-ижодий лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.

Япония ҳукумати ўзбекистонликларга таълим грантларини анъанавий равишда тақдим этиб келади.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 4 июль куни ҳам икки давлат ўртасида кадрлар тайёрлаш бўйича 2,76 млн долларли ҳужжат имзоланди. JDS лойиҳаси (The Project for Human Resource Development Scholarship) доирасида келаси йилда 18 нафар давлат хизматчисига Японияда магистратура, бир нафарига эса докторантура босқичида ўқиш имкони яратилмоқда.

Японияда таҳсил олиб қайтган юртдошларимиз масъул лавозимларда ишлашмоқда.
Фото: Xabar.uz

Маълумотларга қараганда, Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган лойиҳа доирасида сўнгги 20 йилдан ортиқ вақт мобайнида 378 нафар юртдошимиз Кунчиқар юртнинг нуфузли университетларида таҳсил олиш имконига эга бўлди. Уларнинг 343 нафари магистрлик даражаси билан қайтган бўлса, 35 ватандошимиз бугунги кунда таҳсилни давом эттиряпти.

Японияда таҳсил олиб қайтган юртдошларимиз парламент ва ҳукумат, таълим, ишлаб чиқариш, хусусий бизнес, халқаро ташкилотлар тизимида масъул лавозимларда фаолият юритиб келмоқда. Улар орасида бош вазир ўринбосаридан то ОТМ ректорларига қадар бор.

UJUAC раиси Шаҳризода Солиҳова бу вазифани эндиликда Дамира Тинчурина бажаришини маълум қилди.
Фото: Xabar.uz

Япония ОТМ битирувчилари клуби (UJUAC) ҳозирча 333 нафар малакали мутахассисни бирлаштирмоқда. Икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутувчи клуб сафи келгусида янада кенгайиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг