Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

43 авто, 172 дўкон, 14 уй — «сотқин замҳоким»нинг ноқонуний мулклари

43 авто, 172 дўкон, 14 уй — «сотқин замҳоким»нинг ноқонуний мулклари

2018-2020 йилларда Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари бўлиб ишлаган Акрам Раҳмонқуловга тегишли 12 млрд сўм (1 млн. доллар), Жиззах шаҳридаги «Эски шаҳар» буюм бозорида қурилган 172 та савдо дўкони, кўп қаватли уйларда 14 та хонадон, 43 та автомашина, 37 та бошқа кўчмас мулклар борлиги аниқланганди.

Кеча А.Раҳмонқулов ва унинг жиноий шерикларига нисбатан суд ҳукми эълон қилинганди. 27 киши жиноий шерик сифатида ишга жалб қилинган ва уларнинг орасида 4 нафари Раҳмонқуловнинг ака-укалари (Акбар, Алишер, Аброр, Адҳам), бир нафари эса ўғлидир (Ш.Бадриддинов).

Раҳмонқуловга нисбатан иш шу йилнинг январ ойида бошланганди. Ўшанда унга тегишли фирма қурган кўп қаватли бино қулаб тушганди. Оқибатда собиқ «замҳоким» ишдан олиниб, унга нисбатан жиноий иш қўзғатилганди. Президент Шавкат Мирзиёев эса уни «сотқин» деб атаганди.

Эслатиб ўтамиз, Акрам Раҳмонқулов Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а», «в» бандлари, 184-моддаси 3-қисми, 189-моддаси 1-қисми, 205-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари, 207-моддаси 1-қисми, 209-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари ва 243-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир қилганликда айбдор деб топилиб, унга 2 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 7 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси ҳамда базавий ҳисоблаш миқдорининг 500 баравари миқдорида яъни, 111 500 000 сўм жарима жазоси тайинланган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг