Абдуқодир Мўминов бўйича апелляция натижаси эълон қилинди
Август ойида суд ҳукми билан 7 йилу 3 ойга қамалган блогер Абдуқодир Мўминов бўйича апелляция шикояти қаноатлантирилмади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар бермоқда.
Бугун Тошкент шаҳар судида Абдуқодир Мўминов (1990 йилда Сурхондарё вилоятида туғилган, "Oynaga qarang” МЧЖ раҳбари, муқаддам судланмаган) га оид жиноят иши судланувчи ва унинг ҳимоячилари томонидан жиноят ишлари бўйича Миробод туман судининг 2023 йил 4 августдаги ҳукми устидан берилган шикоятларига асосан апелляция тартибида кўриб чиқиш бўйича очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.
Мазкур жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Д. Ражабов раислигида ҳамда судьялар М. Аҳмедов ва Ҳ. Шамшиевдан иборат суд таркибида кўриб чиқилди.
Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 6 октябрдаги ажрими билан биринчи инстанция судининг А. Мўминовга нисбатан чиқарилган ҳукми ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари эса қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Ушбу ажрим устидан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига кассация тартибида шикоят берилиши ёки протест келтирилиши мумкинлиги маълум қилинади, дейилади хабарда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter