Алпомишнинг тоғалари қаерда?

Жиззах шаҳридан кунчиқар тарафга қараб йўналган асфальт йўл гўёки Туркистон тизма тоғлари ҳудудини Мирзачўл сарҳадларидан чегаралаётгандай туюлади. Аҳоли манзиллари аҳён-аҳёнда учрайди, баъзан уларни оралаб, баъзан четлаб юрамиз. Йўл кўрсаткичлари Равот, Мағол, Ачиғи каби жой номларини бизга таништиради, шу аснода улар тарихий манбаларда қайд этилгани ҳам ёдимизга тушади.
Аниқки, биз қадим Буюк Ипак йўлининг тармоқларидан бири бўйлаб бораётирмиз, дея ўйлаймиз ва бу фикр қалбимизга алланечук туйғулар бериб, вужуд эса сезилар-сезилмас ҳаяжонли титроқ ва қувончга тўлади.
Неча-неча асрлик кечмиш синоатларини бағрида жамлаган тарихий ва замонавий манзилларни ўзаро туташтирувчи мазкур йўл бизни Зомин тумани марказига олиб борди.
Чоққина кўркам шаҳарча бўйлаб анча юрилади. Катта чорраҳа келганда эса йўлимиз ўнгга, бизга керакли манзил сари бурилади. Хиёл вақт ўтмай шаҳардан чиқиб кетамиз ва кўз ўнгимизда ўркач-ўркач адирлар намоён бўлади. Узоқ тоғлардан келаётган суви мўлгина сой ўзанига тушган машина энди шитоб билан юқорига қараб интилади.
– Бу Зоминсув, – дейди ҳайдовчимиз.– Энди йўлнинг ярмидан ози қолди...
Яна бир оз жадаллаб юргач, ҳайдовчи улкан деволга ишора қилади:
– Зомин сув омбори, тўғрироғи, унинг тўғони мана шу! Йўлимиз ҳали ҳув тепаликка чиқиб боради, ўшанда яхшилаб томоша қиласизлар. Шу ҳовуз сув муаммосини ҳал қилди...
Қаршимизда турган тоғ қучоғида Зоминсув ёқалаб тобора баландлаб бораётган яна қирқ чақиримча йўл бизни минг метрдан ҳам зиёдроқ юксакликка олиб чиқишини ҳали билмасдик...
Манзара тобора ўзгариб боради: яланғоч адирликлардан кейин тоғ бошланиб, ён-атрофда яккам-дуккам ўсган катта-кичик дарахтлар учради, кўп ўтмай арчазор оралаймиз. Икки ёнда аҳоли уйлари, қирғиз ўтовлари липиллаб кўринади, дам олиш масканлари нисбатан кўпроқ учрамоқда.
Ниҳоят, тепасига “Зомин миллий боғига хуш келибсиз!” дея битиб қўйилган маҳобатли дарвозага келдик.
Бу ерда бироз тўхтадик, расмий салом-алик ва танишувдан сўнг, яна олға! –буёғи, Зомин миллий боғи ҳудуди бўйлаб юрилади. Бораётганимиз тоғ водийси қуйидан юқоригача росмана ўрмон бўлиб, яшил олам ичра қолгандик гўё!
Атрофда тоғлар гириллаб айланади! Автоулов қичаб ҳаракатланади. Баландликка шитоб билан кўтарилаётганда кучайган босим, эндигина ердан узилиб парвоз бошлаган самолётдаги каби, одамни машина ўриндиғига михлаб қўймоқда!
Ниҳоят... осмону фалакнинг яшил олами узра сузаётган сутранг Ярим ойга ўхшаш, ёки яна ҳам аниқроғи, улкан оппоқ кемага монанд ажойиб бир иншоотга нигоҳ тушади!
Бу – денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда, тоғ бағрида 1981–1988 йилларда қурилган, етти қаватли, узунлиги 300 метрга яқин, 600 ўринли, ўша машҳур “Зомин” санаторийси!..
Айтишларича, бир пайтлар Ўзбекистон раҳбари Шароф Рашидов собиқ Иттифоқнинг қудратли раҳбарларидан бирини Зомин тоғларидаги дала ҳовли, яъни дачага олиб келган. Кўп йиллар нафас бўғилишидан азоб чекиб юрган юқори мартабали меҳмон шу жойда дарддан халос бўлган. Шунда у Сочи курорти учун мўлжалланган бир лойиҳани Зоминда қуришга қарор берган. Ушбу қурилиш умумхалқ шанбалик ҳашаридан тушган маблағ ҳисобига амалга оширилган.
Баланд тоғлар оғушидаги Зомин ўзининг бетакрор табиати, игнабаргли арча ўрмонлари, шифобахш ҳавоси, хушбўй доривор ўсимликлари билан алоҳида ўринга эга. Кўркам тоғлар, ниҳоятда тоза ҳаво қалбига ором, вужудига шифо истаган ҳар бир кишига ҳақиқий кўнгил хушбахтлигини ато эта олади. Кислород ва ултрабинафша нурлар билан табиий яхши бойиган ҳаво юқори нафас йўллари ва асаб тизими учун ниҳоятда фойдали.
Бу жойда ўтлар ёз бўйи сарғаймайди. Тоғларнинг салқин шабадаси кишини силаб-сийпалаб туради. Ёнбағирларни маҳобатли, фавқулодда гўзал даралар чегаралайди. Сув бўйлари оқтерак, мажнунтол ва жийдалардан иборат қайир чакалакзор – баланд тўқайлар билан қопланган. Узоқ Шарқ тайгаларига монанд ҳақиқий қалин ўрмонларда ўсаётган баланд арчаларнинг ҳатто 800 ёшлилари учрайди. Дарахтлар кўланкасида қор то ёзгача эримасдан сон-саноқсиз булоқларни бойитиб туради. Мустаҳкам дарахт илдизлари тоғнинг энг тик ёнбағир тупроғини ҳам маҳкам ушлаб туради, сув-ҳаво таъсирида нурашлардан сақлайди. Демак, 700 хилдан ортиқ ўсимлик барқ уриб ўсаётгани бежизга эмас. Ҳайвонот дунёсини аксарият қуён, тулки ва жайра ташкил қилса-да, баъзида бўри, тўнғиз, айиқ, ҳатто Туркистон силовсинини учратиш мумкин. Эндигина урчиётган бир неча жуфт қора лайлак энг ноёб ҳисобланади. Тоғ какликлари ва уларнинг йирик тури – тоғ куркалари сони эса анчагина.
– Мен Кавказ, Қрим, Трускавец, бошқа чет эл курортларида кўп бора бўлганман, – деди зоминлик нуроний Шокир ота Қамбаров, – аммо Зоминдагидек жойни учратмадим. Уларнинг барчасида бир томон тоғ бўлса, буёғи дашт, кўл ёки нари борса дарё, бу ерда эса чор тараф тоғ. Бундай гўзал табиат ҳеч жойда йўқ, лоф десангиз ҳам айтаман: Швейцария мамлакатида ҳам йўқ! Ўзимизнинг Зомин ҳаммасидан яхши!..
Узоқ тарихга эга бўлган Зомин заминидаги қалъа ва қўрғон харобалари қадимда ўтган Уструшона давлатининг шон-шуҳратидан далолат беради, асрлар оша оғиздан оғизга ўтиб келган ривоят-ҳикоятлари мазкур юрт тарихини афсоналарга буркайди....
Зоминда бугунги кун афсонаси ҳам яралмоқда...
– Кимлар экан, бу қарапчи деганлари?
– Энди билдим: Алпомишнинг тоғалари!
Туркий халқларнинг энг қадим вакилларидан бўлган ўзбек эли, қавмлари тарихчи ва этнограф олимлар тадқиқ этганларидек, ўзининг ниҳоятда улкан маънавий бойлиги, бебаҳо миллий мероси билан алоҳида мавқега эга. Шу маънода ўзбек халқ оғзаки ижодининг йирик асари бўлган «Алпомиш» достони ЮНЕСКО томонидан жаҳон аҳамиятига молик нодир бадиий, қомусий ва илмий қадрият, деб топилгани бежизга эмас.
Бутун ўзбек халқининг маънавий мулки бўлган “Алпомиш” достони яратилган маскан, бу – Сурхон воҳаси ҳисобланади. Алпомиш мана шу бепоён яйловларда, баланд тоғ дараларида гумбурлатиб от чопган, шу юртнинг зилол кўлларидан сув ичган, шу мағрур элга муносиб паҳлавон бўлиб етишган.
Биласиз, халқ оғзаки ижодида Алпомишнинг асл исми Ҳакимбек. Ҳакимбек дегани – дардга дармон демакдир, уни юрт бошига кун бўлиб келган дейдилар, яъни, тушунингким, алп Алпомишнинг келгани – халқнинг бошига кун туққани...
Ниҳоят, шундоқ маъноларда ҳам яна англаш лозимки, бахшилар Алпомишнинг онасини бекорга Кунтуғмишбека деб аташмаган, шекилли!
Аммо, фақат... Собир Абдулла – ўтган асрнинг қирқинчи йиллари ёзма адабиётда илк маротаба қаҳрамонлик эпосининг мусиқали драма вариантини яратганида... Алпомишнинг онасига Ойимжон дея от қўйган!..
Шу ўринда ўз-ўзидан табиий савол туғилди: Алпомишни туққан она ҳақида ҳеч ўйлаб кўрилганми? Масалан, дейлик, қаердан ва қайси элдан? Бу тўғрида нималарни биламиз?
Эътирофга кўра, ўзбек халқ эпоси, жумладан, “Алпомиш”да ҳар томонлама мукаммал ишланган аёл образи Барчин ҳисобланади, у даврнинг юксак идеалларини ўзида мужассамлаштирган – Ватан ва оилани севиш, халққа ва қариндошларга ҳурмат, мураккаб масалаларни ҳал қилишда мустақиллик ва жасорат...
Кейинги ўринда Алпомишни қаҳрамонликларга ундаган Қалдирғоч, унинг Барчинга нисбатан ҳурмати, чуқур маънавий дунёси, оқкўнгил ва софдиллиги, акасига, қариндош-уруғларига меҳру шафқати туради
Аммо, Кунтуғмишбека образи борасида бу сўзларни айтиб бўлмайди, чунки, каминанинг кузатувига кўра, Алпомишга она ҳисобланмиш аёл достоннинг сюжет чизиқларида аксар сезилмайди, воқеаларда иштироки қарийб йўқ даражада!
Хўш, мазкур сояда қолиш ҳолати қандай изоҳланади?
Буни достонни куйлаш (ижро этиш) жараёнининг қайси бир ўринида юзага келган ҳолатдан изланса, тўғри бўлар, балки?
Аммо “Алпомиш” достонининг 2014 йили “Тафаккур” нашриёти чоп этган Сурхондарё вариантида (айтувчи: Хўшбоқ бахши Мардонақул ўғли) бунинг аксини кўрасиз. Масалан, Кунтуғмиш образи бир неча ўринда ифодаланади, унда ҳатто Ҳакимбекнинг холаси акс этган эпизод ҳам бор!..
Жиззах вилоятининг Зомин туманига дам олиш учун бориб, бу борада кутилмаган маълумотларга дуч келдим.
Келинг, яхшиси, аввало, зоминлик шоир Ҳаёт Шодмон (Аллоҳ раҳматига олган бўлсин) қаламига мансуб қуйидаги сатрларга эътибор қаратайлик:
...Бахшиларнинг айтиб кетган бордир сўзи,
Алпомиш ҳам жиян экан бизга ўзи,
Эналари бўған асли Зомин қизи,
Соҳибқирон шифо топған, дармон элим,
Мулки Турон вафо топған, қўрғон элим...
Алпомишнинг онаси асли Зоминдан эканлиги... Ўзи эса уларга жиян ҳисобланиши... Халқимиз оғзаки ижодидан қай бир булоқлар илҳом бериб яратилмиш экан, ушбу ғаройиб назмий қаторлар!?
Жуда қизиқ-да, бу! Шундай эмасми?
Хуллас, излаб кўрилса, узоқ-яқин йилларда Сотиболди, Алимбек, Омон, Худойназар, Ёрлақаб сингари бахши-шоирлар умргузаронлик қилган ёруғ масканлардан бири бўлган экан, бу Зомин! Улар ўз вақтида бошқа достону термалар қатори “Алпомиш”ни ҳам баравж куйлашган. Хусусан, қарапчилик Ёрлақаб Бекназар ўғли ижро этган асар жонли овозда тўлиқ ёзиб олингани хабарини Тўра Мирзаев қаламига мансуб “Алпомиш достонининг ўзбек вариантлари” китобидан (“Фан”, Тошкент, 1968, 163-164-бетлар) билиб олдим!
Демак, Қарапчи қишлоғи, Қарапчи этноними...
Зомин халқининг ҳассос ижодкор фарзанди, Ватан тарихига оид бир нечта ажойиб китобларини Оға Бургутли тахаллуси билан безаган Саттор Қорабоев бу атаманинг олтита изоҳини берибди Шулардан энг қизиғи, “қарапчи” атамасининг Покистондаги Қарочи шаҳри номига боғлик жиҳати...
Хуллас, “хўш, десангиз билдик, ўзбек экансиз”, қабилида гап давом эттирилса, қарапчи ўзбек эли таркибида кўп сонли ва қадимда жуз дея атаб келинган юз уруғининг шохобчаларидан биридир. Сурхондарёда қарапчилар мавжудлигини аниқлаган этнограф олима Билқис Халиловна Кармишева, бу авлодлар орасида олис аждодларининг Жиззах ва Ўратепа томонлардан бундан 200–300 йиллар илгари кўчиб келганликлари ҳақида ривоятлар сақланганини келтиради (“Очерки этнической истории южных районов Таджикистана и Узбекистана”, Москва, “Наука”, 1976, стр.224).
Умуман олганда эса, кейинги икки асрда Сурхон ва Ҳисор воҳаларида яшаб келишган Ҳисор юзлари, Зарафшондан тортиб Панжикент, Бекобод ва Хўжанд оралиғидаги Ўратепа юзлари фарқланар экан. Ҳар икки ҳудуддаги юзлар ўзаро қавми қариндош, оға-ини, сўзлашуви ҳам бир хил.
Сурхондарё бахшиси Хўшбоқ Мардонақул ўғли куйлаган достонда: “Бизнинг қўнғирот – юз!”, дейилган ва... юқорида келтирганимиздек Кунтуғмишбека кўп бора тилга олинган. Айни шу он Ёрлақаб Бекназар ўғли қарапчи – юз элида куйлаб ўтган (ва ҳали эълон қилинмаган) достонда ҳам Алпомиш онасининг образи анча ишланган бўлиши керак, деган фикрлар келиб қолади хаёлимизга!..
Маърифат йўлида фидойи зиёли-олимлардан Босим Тўйчибоев, Қозоқбой Қашқирли қаламига мансуб “Зоминнинг тил қомуси” китобини қўлимга тутқазишди.
Унда шундай сатрлар бор:
– Зоминликлар азал-азалдан боболарига, ўзининг илдизи қаерларга бориб тақалишига қизиқиб яшашади. Бу – уларнинг ўзига хос сифатларидан бири. Шу боис зоминликларда уруғ суриштирилади. Ўзининг қайси уруғ ёки этник шохга тегишли эканини билмаслик айб саналади. Нотаниш билан учрашиб қолса: ”Не эл бўласан?”– деб сўрайдилар. Бу сўроқ кишини, шубҳасиз, сергаклантиради, ўзи мансуб бўлган уруғни, уларнинг келиб чиқиши ва тармоқларини билишга ундайди. Акс ҳолда, одам ўзгалар олдида ноқулай аҳволга тушиб, қисиниб қолиши мумкин. Зоминлик кексалар кўпчилиги ўзи мансуб шажарани яхши шарҳлайди ва у ҳақда авлодларига сўйлаб беради (Тошкент, “Академнашр”, 2012, 21, 24-бетлар).
Шунга ўхшаш феъл-атвор биз – сурхондарёликларда кўпроқ учрамайдими? Яна шуки, Жиззах ва Сирдарё тарафларда фақат Зомин аҳолиси ягона “ж”ловчилар экан! Оға Бургутлида: “оғам, мен каби жўқчи қадрдоним!” деган сатрлар учради...
Роппа-роса 400 саҳифадан иборат “Зоминнинг тил қомуси” китобига ана шу “ж”ловчи зоминликларнинг узоқ замонлар давомида ўзаро муомалада бўлган, аммо кейинги даврда унутилиб бораётган луғат бойлиги жамланибди, сўз, ибора, мақол, матал, топишмоқ, лапар, айтишув, ном, атама, олқиш, қарғиш ва бошқа қайта топилмас бебаҳо адабий ҳамда тил ёдгорликлари киритилибди...
...Зоминдан Жиззахга қайтиб, Қораянтоқ қишлоғида туғилган, кўп йиллар масъул вазифаларда ишлаган, истеъфодаги милиция полковниги, дўстимиз Орзиқул Душанов хонадонида бўлдик. Ўзаро суҳбат асносида у:
– Бобомдан қолган бир гапни эсладим, – деб қолди. – Биз аслини олганда қўнғирот уруғининг қўштамғали тармоғиданмиз, бундан жуда кўп йиллар илгари эронийлар босқини туфайли Сурхондарёдан шу жойларга келиб қолган эканмиз – бобом шунақа дегандилар!
...Мана, биз англамоқчи бўлган гапларнинг асл калитларидан яна бири!..
Демак, Зомин ҳақиқатан Алпомишнинг тоғаларига макон бўлган юрт. Зеро, ўз илдизларини тобора англаб бораётган туркий халқ – ўзбеклар учун бу заминларда бегона йўқ, учрамайди ҳам.
Абдулла Холмирзаев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter