Андижонда умумий қиймати 5 млрд сўмлик сохта дори ишлаб чиқариш цехи фош этилди
Андижон вилояти божхона бошқармаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда сифати кафолатланмаган дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарган яширин цех фаолиятига чек қўйилди.
Терговга қадар ўрганишларда Андижон шаҳридаги бир манзилда тўртта юридик шахс фаолият юритгани аниқланган. Улар «озиқ-овқат маҳсулотлари учун кимёвий қўшимчалар» ишлаб чиқариш ниқоби остида ноқонуний равишда турли дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар тайёрлаб келган.
Маълум қилинишича, яширин лабораторияда аҳоли орасида кенг тарқалган «Vitamix», «Gegsi», «Ferrumfer», «Winds Baby», «Lyuvit», «Yodovit», «Gepporooz», «Bifidolin» ва «Yodoplyus» каби 100 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилган.

Улар орасида болалар учун сироплар, оғриқ қолдирувчи воситалар, бўғим ва тери касалликлари учун препаратлар, қон кўпайтирувчи дори воситалари, шамчалар ҳамда махсус чойлар ҳам бўлган.
Тезкор тадбир иштирокчилари маҳсулотларнинг ташқи кўриниши ишончли ва замонавий қиёфада қaдoқланганини қайд этган.
Бироқ дори воситалари тайёрланган ва сақланган жойларда санитария талабларига мутлақо риоя қилинмагани маълум бўлди.
Тадбир давомида манзилдан 13 дона дори ва биологик қўшимча ишлаб чиқариш ускуналари, олти дона муҳр ва маҳсулотларга яроқлилик муддатини туширувчи қурилмалар ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, 214 минг дона ёзувсиз бўш шиша идиш, 78 минг дона бўш капсула, 100 турдаги 503 минг 209 дона сифати кафолатланмаган тайёр маҳсулот ҳамда 105 килограмм номсиз кукунлар мусодара қилинган.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, яширин цехда тайёрланган маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 5 миллиард сўмни ташкил этган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter