Андижондаги воқеа Тўрткўлда ҳам такрорландими? ИИБ Таянч пунктига олиб кетилган фуқаро сирли равишда комага тушди ва... вафот этди
Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманида истиқомат қилган фуқаро Ички ишлар органи ходимлари олиб кетганидан сўнг сирли равишда комага тушгани ва орадан ўн уч кун ўтиб, вафот этганига оид хабарлар тарқалмоқда.
Воқелик юзасидан «Xabar.uz» Бош прокуратура матбуот хизмати билан боғланди. Маҳкама матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов шундай ҳолат юз берганини тасдиқлади. Бироқ буни Андижонда юз берган воқеликка таққослаш ёки унинг айни такрори дейишга шошилмаслик керак.
Адлия катта маслаҳатчисининг айтишича, 2020 йил 27 июль куни соат тахминан 07:40 лар чамасида Тўрткўл туманида яшаган И.С. бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия лат ейиши, мия комаси ташхиси билан ҳушсиз ҳолатда туман тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан, бемор 11 август куни (ўзига келмасдан) вафот этади.
Дастлабки маълумотларга қараганда И.С. касалхонага олиб келинишидан бир кун аввал — 26 июль куни соат тахминан 16:00 ларда маст ҳолатда ўз уйида турмуш ўртоғи Ч.Х. билан жанжал қилган. Жанжал хабари профилактика инспекторига етиб боргач, икки нафар ИИБ ходими И.С.ни «Спарк»да Таянч пунктига олиб келади. Ўша жойда И.С.нинг мазаси қочади ва ИИБ ходимлари бу ҳақда унинг турмуш ўртоғига маълум қилишади. Аёл келиб, турмуш ўртоғини (бу пайтда у ҳушида бўлмаган) уйига олиб кетади. И.С. эртаси куни ҳам ўзига келмагач, туман тиббиёт бирлашмасига олиб борилади.
Воқеликнинг мухтасар баёни шу. Бу ҳақда ижтимоий тармоқларда кўплаб тахмин-гумонлар айтилмоқда. Ижтимоий тармоқларни диққат билан кузатаётганини таъкидлаган Ҳаёт Шамсутдинов масала ғоят жиддий ва нозиклигидан келиб чиқиб, ўтказилаётган терговга қадар текширув якунланмагунча узил-кесил хулоса қилиб бўлмаслигини айтди. Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси ходимларидан иборат махсус гуруҳ тузилган. Гуруҳ айни пайтда Тўрткўлда бўлиб, воқеликка оид барча-барча ҳолатларни (биринчи навбатда ИИБ ходимлари марҳумга жароҳат етказган-етказмаганини!) синчковлик билан ўрганмоқда.
Натижа ҳақида қўшимча ахборот берилади.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter