АҚШ божларидан Хитой ва Бразилия энг катта фойда олади – FT
АҚШ томонидан жорий этилган янги 15 фоизлик глобал божлардан энг катта фойда оладиган давлатлар Хитой ва Бразилия бўлиши мумкин.
АҚШ президенти Дональд Трамп барча давлатлар учун аввал жорий этилган 10 фоизлик импорт божларини 15 фоизга оширишини маълум қилди. Financial Times газетасининг ёзишича, янги қарор айрим давлатлар учун амалда бож юкининг камайишига олиб келади.
Таҳлилларга кўра, Бразилия учун ўртача бож юки 13,6 фоиз бандига камаяди. Хитой учун эса 7,1 фоиз бандига пасаяди.
Шу билан бирга, АҚШнинг анъанавий иттифоқчилари кўпроқ зарар кўриши мумкин. Яъни, Буюк Британия учун ўртача божлар 2,1 фоизга, Евроиттифоқ учун эса 0,8 фоизга кўтарилади. Япония ҳам янги йиғимлардан жиддий таъсир кўриши кутилмоқда.
Газетага кўра, Вьетнам, Таиланд ва Малайзия ҳам янги тарифлар шароитида ютуққа эга бўлиши мумкин. Айниқса, ушбу давлатлардаги кийим-кечак, мебель, ўйинчоқ ва пластик маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳалари фойда кўриши эҳтимол қилинмоқда.
Айни пайтда АҚШ Олий суди фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун президентга импорт божларини мустақил жорий этиш ҳуқуқини бермаслигини тан олди. Трамп суд қарорини «шармандалик» деб атаб, ўзида «захира режа» мавжудлигини билдирган.
Шу тариқа, янги тариф сиёсати нафақат иқтисодий, балки ҳуқуқий ва сиёсий баҳсларга ҳам сабаб бўлмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, АҚШ Олий суди Доналд Трампнинг миллий фавқулодда вазиятлар учун мўлжалланган федерал қонун асосида жорий этган тарифларига қарши қарор чиқаргани айтилганди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter