Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

АҚШ хавфсизлигига энг катта таҳдид туғдираётган давлат номи очиқланди

АҚШ хавфсизлигига энг катта таҳдид туғдираётган давлат номи очиқланди

Фото: AFP

Хитой ўрта ва яқин истиқболда АҚШ учун асосий ташқи таҳдид саналади. Бу ҳақда Қўшма Штатлар Давлат котиби Майк Помпео Fox News телеканали орқали чиқишида маълум қилди.

М.Помпео расмий Пекин катта энергия манбаларига эга Яқин Шарқ минтақасида ўз таъсирини оширишга уринаётганини хавотирли ҳол ўлароқ баҳолаган. Айни чоқда, Вашингтон Хитойга қарши туришга қодир экани таъкидланган. Бу борада Исроил ҳамда араб мамлакатлари билан дипломатик муносабатлар тикланаётгани катта ютуқ ўлароқ талқин этилган.

Давлат котибига кўра, тобора қуролланишга зўр бераётган Хитой коммунистик партияси энг катта таҳдид бўлиб қолмоқда.

Майк Помпео жорий йил 15 февраль куни Мюнхен анжуманидаги маърузасида ҳам Хитой, Россия ҳамда Эронни халқаро тинчликка таҳдид солаётган давлатлар дея талқин этган эди. Хусусан, давлат томонидан дастакланаётган Huawei каби ширкатлар Хитой разведкасининг «троян оти» деб аталган эди.

Ўз навбатида расмий Пекин ҳам Қўшма Штатларни халқаро ҳамжамият учун асосий хавф-хатар деб баҳолаб келади.

«Кўп йиллик тажриба айнан АҚШ минтақавий можаролар сабабчиси экани, халқаро тартибни ҳамда бутун дунёдаги тинчликни бузаётганини кўрсатмоқда», – деб баёнот берган эди Хитой мудофаа вазирлиги матбуот котиби жорий йил 13 сентябрда.

Мудофаа вазирлигига кўра, сўнгги 20 йил давомида Қўшма Штатлар Ироқ, Сурия ва Ливияда урушлар авж олишига сабаб бўлди, Вашингтоннинг агрессив сиёсати туфайли юз минглаб одам вафот этди, бир неча миллион киши бошпанасиз қолди.

Умуман, коронавирус пандемияси даврида АҚШ ва Хитой ўртасидаги муносабатлар кескин ёмонлашди. Қўшма Штатлар раҳбарияти Хитойни коронавирус тарқалиши борасидаги реал ҳолатни яширишда айблаб келмоқда. Президент Трамп дунё осойишталигини издан чиқарган хасталикни «хитой вируси» деб атагани ҳам дипломатик тортишувларга сабаб бўлган эди.

Ўз навбатида, расмий Пекин коронавирус АҚШ ҳарбийлари томонидан атайин тарқатилган деган иддао илгари сурган.

АҚШ Давлат котиби Майк Помпео ҳам Хитой раҳбариятини бир неча бор коронавирус эпидемияси хусусидаги ҳаққоний маълумотларни яширганликда айблади.

«Афсуски, дастлаб Хитойнинг Уханида тарқалган ушбу вирус ҳақида, эпидемия ҳақида тез фурсатда хабардор бўлинмади. Негаки, Хитой ҳукумати, Хитой коммунистик партияси бу борадаги маълумотларни ўз вақтида тақдим этмади. Энг ачинарлиси, бунинг оқибатида дунё бўйлаб реал таҳдид юзага келди», – деган эди АҚШ бош дипломати Германиянинг Bild нашрига берган интервьюсида.

АҚШ ваколатли идоралари кейинроқ Хитой томонини COVID-19 вакцинасини ўғрилашга уринишда айблади. Икки ўртадаги даҳанаки мунозара пировардида дипломатик ваколатхоналар ёпилиши билан якунланди.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг