Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Azon.uz таҳририяти босимга учрагани маълум қилинди

Azon.uz таҳририяти босимга учрагани маълум қилинди

Azon.uz сайти бош муҳаррири Абдулазиз Муборак (Абдулазиз Раимов) таҳририятга босим ва таҳдид бўлгани сабаб ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзганини маълум қилди. Бу ҳақда у Facebookдаги саҳифасида «Azon.uzга босим қачон тугайди?» сарлавҳали баёнот жойлаштирди.

Унинг айтишича, сайт муассиси Мубашшир Аҳмад йиғилиш ўтказиб, сайтдаги қуйидаги мақолалар олиб ташланиши кераклигини айтган («Қорилар маҳалласи» – Президентнинг таклифи аҳли илмларни тўлқинлантириб юборди, Шавкат Мирзиёев диний соҳада қандай эркинликларни қайтарди?)

«Билишимизча, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Дилшод Эшнаев Мубашшир Аҳмадга қўнғироқ қилиб, юқоридаги мақолалар учун жуда қаттиқ ҳақорат ва таҳдид қилибди. Шундай ҳақоратларки, уни айтиш тилга, эшитиш қулоққа оғирлик қилади. Мен домланинг гапларига кўнмадим (мақолаларни ўчиртирмадим), чунки ҳар икки мақолада ҳам муҳтарам президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар ёритилган, яъни бир сўз билан айтганда, сиёсатга қарши эмас, аксинча, уни қўллаб-қувватлайдиган фикрлар ёзилганди.

Авваллари ҳам бир неча мақолалар олиб ташланган эди, бугун билишимча, ўша мақолалар ҳам айнан Д.Эшнаевнинг қўнғироқлари орқасидан ўчирилган экан.

Д.Эшнаевнинг хизмат ваколатига сайтлардаги диний мазмунда ёзилган хабар ва мақолаларни кузатиш, таҳлил қилиш кирар, аммо у нега айнан давлатимиз раҳбарининг фикрлари, ислоҳотлари, ташаббуслари ёритилган мақолаларга эътироз билдиради?

Мақсад-муддао не?

Бунақа туришда Янги Ўзбекистон деган гапнинг маъниси қаерда қолади?

Наҳотки, президентнинг ташаббуслари ҳақида ёзиш айб, гуноҳ, хато бўлса?!

Бу давлатимиз раҳбарининг очиқлик, ошкоралик сиёсатига зид эмасми?

Ё юртбошимиз айтаётган, диндор халқимизни умидлантираётган сиёсатлар тил учидаги гаплар, холосми?

Мубашшир Аҳмад домла йиғилишда бизни қаттиқ уришдилар. Айбимиз – сўнгги пайтларда президентимизнинг гапларига, ташаббусларига катта урғу бериб юборибмиз. Мен у кишини тушунаман, бундан хафа эмасман, фақат ўзи шундоқ ҳам ёмон соғлиқларидан хавотирдаман.

Камина бош муҳаррир сифатида Azon.uz сайтида ўз эътирозларимизни билдирмоқчи бўлдим, аммо... бунга рухсат беришмади...

Пичоқ бориб суякка етди...» деб ёзади Абдулазиз Муборак.

Azon.uz бош муҳаррирининг бу чиқиши ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлди.

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги баёнот билан чиқиб, давлат идораларидан журналистларга босим ўтказмасликни сўради.

«Ўзбекистоннинг янги очиқлик ва ошкоралик сиёсатида давлат идоралари ва журналистлар ўртасидаги баҳсли масалалар имкон қадар ўзаро келишув, агарда бунинг иложи топилмаса ҳуқуқий меъёрлардаги тартиблар асосида ҳал этилиши мақсадга мувофиқдир. Хусусан, диний мазмундаги материалларни тайёрлаш ва тарқатишда низоли ҳолатлар юзага келганда ҳам масаланинг ечими суд орқали ҳал этилиши белгиланган.

Агентлик доимгидек давлат органлари ва оммавий ахборот воситаларини қонунчиликда кўрсатиб ўтилган қоидалар ҳамда ўрнатилган талабларни ҳурмат қилган ҳолда ўзаро муносабатларга киришишга чақиради. Шунингдек, давлат идораларини журналистларга нисбатан босим ўтказмаслик, таҳририят ходимларини эса журналистлик одоб-ахлоқ қоидаларига амал қилишини сўрайди», – дейилади АОКА расмий сайтида эълон қилинган релизда.

Дин ишлари бўйича қўмита ҳозирча ҳолатга изоҳ бермаган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг