Биз билган ва билмаган Чингиз Айтматов
Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигига
Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан 2 апрель куни «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида» қарор имзолангани тўғрисида хабар берган эдик. Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликда буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллиги кенг нишонланиши белгиланган.
«Хabar.uz» сайти ҳам мазкур қарор ижросига мувофиқ туркум мақолалар чоп этишни режалаштирмоқда. Уларнинг дастлабкисини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
1-мақола
Чингиз Айтматов бутун дунёга машҳур бўлган адиб, Қирғизистон халқ ёзувчиси, Қирғизистон қаҳрамони, кўплаб орденлар, жумладан Ўзбекистоннинг «Дўстлик» ордени соҳиби, уч марта СССР давлат мукофоти билан тақдирланган, Қирғизистон давлат мукофоти, Жавоҳарлал Неру, Виктор Гюго ва Фридрих Рюккерт номидаги мукофотлар, «Руҳоният» мукофоти, турк тилли мамлакатлар ривожига қўшган ҳиссаси учун Туркия ҳукуматининг олий мукофоти каби қатор мукофотлар соҳиби.
Булар билганларимиз. Билмаганларимиз-чи?
Билмаганларимиз
Ҳамма билавермайдиган нарса шуки, Чингиз Айтматов ёзувчи бўлиб туғилмаган. Кўпчилик машҳур адиблар сингари тақдири ҳам силлиқ кечмаган. У мансуб бўлган оиланинг аянчли тақдири, темир иродаси, шарафли ҳаёти эса миллионларга ибрат мактаби бўлади.
Ёзувчининг онаси Наима Абдувалиева татар миллатига мансуб бўлиб, Иссиқкўл бўйидаги Қоракўл шаҳрида таваллуд топган. Унинг отаси Ҳамза Абдувалиев ўз замонасида Иссиқкўлнинг энг обрўли, энг бой ҳамда энг машҳур кишиларидан бири бўлган. У татар тилида ўқир ва ёзар, араб ёзувини ҳам яхши билар, рус тилида эркин муомала қилар, савдо ишининг билимдони эди. Уларнинг аждодлари Татаристоннинг Мачкара деган қишлоғида яшаган. Наиманинг онаси Азизахоним ҳам татар бўлиб, Сибирь аслзодаларидан бўлган.
Ўз юк кемасига эга бўлган Ҳамза Абдувалиев октябрь тўнтаришидан олдин Қоракўл шаҳрига кўчиб келган ва бу ерда худди Петербургдаги Гостинний дворга ўхшаш савдо расталари, оиласи учун икки қаватли уй қурган. Октябрь тўнтаришидан кейин Абдувалиевларнинг биноларини тортиб олишиб, мактаб қилишди. Бойларни қулоқ қилиш бошлангач, Наиманинг ота-онаси Тошкентга қочиб боришди ва кўп ўтмай, ўша ерда вафот этишди.
1925 йилда мактаб-гимназияни тугатган Наима врач бўлишни орзу қиларди. Аммо «бойнинг қизи»ни институт тугул, тиббиёт билим юртига ҳам қабул қилишмаган. Мадрасани татар тилида, гимназияни рус тилида битирган, арабча, ҳатто лотинчани чуқур ўрганган Наима стенографистлар тайёрлов курсларига кирди. Ўқишдан сўнг уни Қоракўл шаҳар комсомолининг бўлим бошлиғи қилиб ишга олишди. «Чиройли, саводхон, комсомол қиз» ўша йилларнинг барча фаол хотин-қизлари каби Шарқ аёллари ҳақ-ҳуқуқларининг ҳимоячиси сифатида майдонга чиқди. Ўзининг алангали нутқлари билан республика раҳбарларининг эътиборига тушди.
1926 йилда Наимани Пишкек(ҳозирги Бишкек)ка комсомол ўқувига юборишди. Ана шу ерда Наима ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи, вилоят партия қўмитасининг тарғибот-ташвиқот бўлими раҳбари Тўрақул Айтматов билан танишди. 1926 йилнинг 3 сентябрида улар никоҳдан ўтишди.
1928 йилда оиланинг тўнғичи − Чингиз дунёга келди.
1931 йилда Илгиз, 1934 йилда эгизаклар Рева ва Люция, 1937 йилда Розетта туғилди. Рева гўдаклигида вафот этди. Барча фарзандларнинг саводини онаси чиқарди. Улар олти ёшида ўқиш-ёзишни билишарди.
Бу йилларда Тўрақул Айтматов Қирғизистон партия ташкилотларида масъул лавозимларда ишлар эди. 1935 йилдан бошлаб Айтматовлар оиласи Москвада яшай бошлади. Тўрақул Айтматов Москвада партия арбобларини ўқитадиган олий мактабда ўқир эди.
1937 йилда Қирғизистондаги чекистлар кавлай-кавлай, Тўрақул Айтматовнинг «ўқ илдизлари»га етиб бордилар ва бутун Туркистон ўлкасида бўлганидек, уни ҳам миллатчиликда айбладилар. Партия марказий қўмитасидан Тўрақул Айтматовни ўзларининг ихтиёрига юборишларини сўрашди. Тўрақул Айтматов партиядан ўчирилди. Энди бу «халқ душмани»нинг қамалиши аниқ бўлиб қолди.
Тўрақул Айтматов болаларини қутқариб қолиши шартлигини англаб етди ва тўрт гўдаги билан Наимани шошилинч тарзда Москва-Фрунзе поездига ўтқизди. Етти кундан сўнг чўлдаги Маймоқ станциясига етиб келган Айтматовлар оиласини аравада Шакар қишлоғига, Тўрақул Айтматовнинг қариндошлари ҳузурига олиб келишди.
Кўп ўтмай Тўрақул Айтматовни ҳам, унинг қариндошларини ҳам қамоққа олишди. Айтматовлар сулоласининг деярли барча эркаклари қатағон йилларида отиб ташланди...
34 ёшли Наима бутунлай мушкул аҳволда, тушкунликда қолди. Ўшанда катта ўғли Чингиз тўққиз ёшда, кенжа қизи Розетта эса беш ойлик чақалоқ эди. «Халқ душмани»нинг хотинини, табиийки, ҳеч қаерда ишга олишмасди. Унга бировнинг раҳми келмасди. Тўғри, бир каттаконнинг унга «ичи ачиди»: болаларини болалар уйига топшириб, «ўз ҳаётини изга солишни» маслаҳат берди.
− Ўз фарзандларимни болалар уйига топшираманми? То тирик эканман, бунга йўл қўймайман! – қичқирди Наима ва «меҳрибон» хўжайиннинг кабинетидан отилиб чиқиб кетди.
Бу бахтсизликларни енгиб ўтишда Наимага фақат болаларига бўлган муҳаббатгина куч бағишлади. У энг қалтис вазиятларда ҳам, очликдан силласи қуриганида ҳам ғурурини йўқотмади, руҳан синмади, қатъиятини йўқотмади, виждонига тескари иш қилмади, гуноҳ ишга қўл урмади, шаънини булғамади.
Уруш йиллари Наима учун янада оғир бўлди. У ўз ойлик маошига кунига биттагина нон сотиб олиши мумкин эди. Болаларини тирик сақлаб қолиш илинжида буғдой ўрими даврида каттакон кирза этик кийиб, хирмонда ишлаган Наима кечқурун ҳолдан тойиб келар ва этигини ечиб, дастурхон устига ағдарар эди. Этигидан тўкилган буғдойларни битталаб териб, қўл тегирмони – ёрғучоққа солиб янчар, шу ундан болаларига кечаси нон пишириб берарди.
Раҳмдил, куюнчак ва ҳаммага яхшилик қилишга шошилган, ҳамма билан дўст бўлган Наиманинг болаларини қўни-қўшнилар, ўша даврда булар каби қатағоннинг, қувғиннинг азобини бошидан кечираётган, юртидан бадарға бўлиб келган руслар, қорачойлар, немислар, украинлар, греклар, татарлар ва қозоқлар ўз меҳрлари билан иситдилар, қўлларидан келгунча ёрдам бердилар. Баъзан бутунлай бегона ва нотаниш кишилар оилага ёрдам қўлини чўзди.
Чингиз улғайиб, ёзган асарларида ана шу кулфатлар, изтироблар, турмуш машаққатлари акс этди. Энг муҳими, у умрининг охиригача халқлар ўртасидаги дўстликка содиқ қолди ва бу дўстликни куйлаб ўтди. Турли лавозимларда туриб ҳам халқлар ўртасидаги дўстлик мустаҳкамланишига муносиб ҳисса қўшди.
Наиманинг барча болалари шарқона одоб билан улғайишди, сизлаб гапиришди, онасига барча юмушларида кўмакчи бўлишди. Айтматовларнинг барчасининг сурати мактабдаги ҳурмат тахтасида турарди. Наимадаги тартиб-интизом, озодалик ва улуғворлик ҳамма болаларига ўтган эди. Қашшоқликда ҳам Наима фарзандларини халқ манфаатлари учун қайғурадиган, энг аввал эл-юртни ўйлайдиган қилиб тарбиялади.
Уруш йилларида ўспирин бўлган Чингиз қишлоқ шўросида котиблик вазифасида ишлади ва унга 30 сўтих томорқа беришди. Шу томорқада етиштирилган сабзавотлар оилани уруш ва ундан кейинги очарчилик йилларидан эсон-омон олиб ўтди.
Ўша йиллари ҳали бола бўлган Илгиз ҳам оилага даромад олиб кирар, у муштдек боши билан почтачилик қиларди. Ҳар қандай об-ҳавода ҳам Илгиз қишлоқдошларига фронтдан жўнатилган мактубларни узлуксиз етказиб келар эди. 15 ёшли Илгиз «Улуғ ватан урушида кўрсатган фидокорона хизматлари учун» медали билан мукофотланган эди.
Наима бир нарсадангина қўрқар эди: «Болаларимдан бирортаси сиёсат билан шуғулланмаса эди, отасининг тақдири такрорланмаса эди...».
Наима ҳар бир боласининг алоҳида-алоҳида қизиқарли бир касбни эгаллашини орзу қиларди. У фарзандларининг тақдири учун тинимсиз қайғурар, ҳаммасини олий маълумотли қилишни ўйлар эди. Шунинг учун у 1947 йилда Поровка қишлоғига кўчиб ўтди, у ерда рус мактаби бор эди.
Наима мактабни аъло баҳоларга тугатган, кириш имтиҳонларини ҳам нуқул беш баҳога топширган қизи Люция Москва энергетика институтига қабул қилинмаганида қаттиқ изтироб чекди. «Халқ душманининг қизини ўқишга олмаймиз» дейишганида Люция ўзини аччиқ устида поезд остига ташламоқчи ҳам бўлганди, аммо онасига муҳаббати уни бу йўлдан қайтарди. Албатта Москвада ўқиши шарт эмаслигини акаси Чингиз тушунтиргач, Фрунзедаги политехника институтига ўқишга кирди.
Наима Айтматованинг барча фарзандлари олий маълумотли, ўз касбининг усталари бўлишди. Чингиз Айтматов − асарлари 180 дан ортиқ тилга таржима қилинган, экранлаштирилган таниқли ёзувчи, Илгиз Айтматов – машҳур олим, академик, Люция Айтматова – қирғиз хотин-қизлари ичида биринчи инженер-энергетик, жамоат арбоби, Розетта Айтматова – физика-математика фанлари номзоди, аёллар ҳаракати йўлбошчиси.
1962 йилда жафокаш она Наима Айтматованинг соғлиғи бирданига ёмонлашиб, шифохонага тушиб қолди. Бу пайтда Чингиз Айтматов таниқли ёзувчи эди. У онасини даволатиш учун энг яхши врачларни таклиф қилди, ҳали Қирғизистонда бўлмаган кучли дори-дармонларни топиб келтирди. Шуларнинг шарофати билан Наима Айтматова оёққа турди ва яна ўн йил яшади.
Чингиз Айтматов онасига айтолмаган барча сўзларини онасига бағишланган китобида айтди: «Онамизга таъзим! У оналик бурчини мардона, донишмандона ва садоқат билан адо қилди! Ҳаётимиз ва тақдиримиздаги барча яхши нарсалар, олий маълумот олишимиз ҳам унинг меҳнати ва жасорати туфайлигина бўлган».
Бир мақоласида Чингиз Айтматов бундай ёзган: «Мен ҳайкалтарош ё рассом бўлганимда ҳаётимни ўз миннатдорчилигим, ҳайратларим, фахру-ифтихорим, муҳаббатим акс этган она тимсолини яратишга бағишлардим!».
Наима Айтматова 1971 йилнинг 10 августида 67 ёшида вафот этди. Сўнгги йўлга онани энг яхши қирғиз оқинлари марсиялар айтиб кузатишди. Она билан видолашгани жуда кўп одам келди. Қишлоқдошлари эса дарёдай оқиб келишди.
Буюк она «Ата бейит» («Оталар уйи») мемориал мажмуасига буюк бир эҳтиром билан дафн этилди.
Вафотидан сўнг Наима Айтматова миллионлаб ёшлар, бўлажак оналар учун ҳақиқий она тимсолига, қирғиз онаси тимсолига айланди. Ёшлар ундан ибрат олишга, унингдек она бўлишга интиладиган бўлдилар. 1992 йилда Жалолобод шаҳрининг марказий хиёбонига Наима Айтматова номи берилди. 2004 йилда Наима онанинг 100 йиллиги шарафига Қорақурум шаҳридаги кўчалардан бирига Наима Айтматова номи берилди.
«Бойнинг қизи», «халқ душмани»нинг хотини бўлган Наима Айтматова «қаҳрамоннинг онаси» бўлиб, «миллат онаси» мақомини олди.
Наима Айтматова ва унинг болалари 1938 йилда отиб ташланган Тўрақул Айтматовнинг қабрини узоқ ва самарасиз қидирдилар. Унинг қабрини кўриш Наима Айтматовага насиб қилмади. Чингиз Айтматовнинг ҳаракатлари билан отанинг қабри 1991 йилдагина топилди. Тўрақул Айтматовни Бишкек яқинидаги Тоштепа деган бир овлоқ ерда отиб, кўпчилик отилганлар билан бирга кўмиб юборишган экан. Айтматовлар отанинг суякларини «Ата бейит» қабристонига иззат-ҳурмат билан қайта дафн қилишди.
2008 йилда ота-оналари қабри ёнига улуғ ёзувчи Чингиз Айтматов дафн қилинди, унинг васияти шундай эди...
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter