Бухорода мушкул вазиятга тушган чет эллик аёл бўйича маълумот берилди
Когон шаҳрида тунги вақтда чет эллик сайёҳнинг йўқолган қиммат буюмлари топилиб, эгасига қайтарилди. Бу ҳақда «Xabar.uz» нашрига Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Улуғбек Шукурлаев маълум қилди.
Таъкидланишича, бир неча кун илгари тунги соат бирлар атрофида Таиланддан Бухорога келган сайёҳ аёл Когондан Бухоро шаҳридаги меҳмонхонага етиб келгач, барча муҳим ҳужжатлари, нақд пуллари ва шахсий буюмлари жойланган яшил рангли чемодани йўқолганини билган. Ёт мамлакатда, тил ва йўлни яхши билмаган ҳолда бундай вазиятга тушиш ҳар қандай сайёҳни жиддий саросимага солиши, табиий.
Хабар келиб тушиши билан Когон шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари зудлик билан воқеа жойига етиб боришган. Тунги вақт бўлишига қарамай, улар шаҳар кўчалари бўйлаб тезкор қидирув ишларини ташкил этишган. Замонавий кузатув камералари имкониятларидан кенг фойдаланилган ва олиб борилган саъйи-ҳаракатлар натижасида йўқолган юк топилган.
Когон шаҳар ИИБ бошлиғи ўринбосари Муҳиддин Аслоновнинг сўзига кўра, топилган чемодан ичидаги барча ҳужжатлар, катта миқдордаги пул маблағлари ва сайёҳнинг соғлиги учун муҳим бўлган дори воситалари тўлиқ ва дахлсиз ҳолда ўз эгасига қайтарилган.
Сайёҳ аёл ҳуқуқ-тартибот ходимларига миннатдорлик билдириб, уларнинг тезкорлиги ва инсонпарварлигини алоҳида таъкидлаган. У ўз қувончини ходимларни бағрига босиб, изҳор қилган.
Мазкур воқеа ҳуқуқ-тартибот тизими ходимларининг масъулияти, шунингдек, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва барқарорликнинг амалий ифодаси сифатида ҳам эътироф этилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter