Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Бухородаги мудҳиш ёнғиннинг тафсилотлари ошкор бўлди

Бухородаги мудҳиш ёнғиннинг тафсилотлари ошкор бўлди

Фото: Xabar.uz

Жорий йилнинг 16 май куни Бухоро шаҳридаги кўп қаватли уйлардан бирида юзага келган ёнғин кўп сонли аҳолининг саросимасига сабаб бўлди.

— Олов томдан кўтарилганини кўриб, ҳамма ҳовлига тушиб кетди. Ҳаммаёқни қора тутуннинг аччиқ ҳиди қоплаган. Энг қўрққанимиз, уй ичида бирорта одам қолиб кетмаганмикин, деган хавотир бўлди. Болалар йиғиси, ота-оналар хавотири, кексалару қўни-қўшниларнинг бир-бирини қўрқув ичида чақирган бақир-чақирлари... қутқарувчилар етиб келгачгина, анча хотиржам бўлдик, — дейди фуқаролардан бири.

Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизматининг «Xabar.uz»га маълум қилишича, ёнғин Бухоро шаҳридаги Ширбудин маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйлардан бирининг том қисмида содир бўлган. Ёнғин ҳақидаги хабар соат 15:57 да «112» тизими орқали келиб тушган.

Гувоҳларнинг таъкидлашича, экипажлар воқеа жойига жуда қисқа вақт ичида етиб келиб, ёнғинни профессионал тарзда чеклаган ва бир вақтнинг ўзида аҳолини хавфсиз ҳудудга эвакуация қилган.

Ёнғин-қутқарув экипажлари соат 17:25 да ёнғинни тўлиқ бартараф этган.

— Агар улар кечикканда, олов қўшни хоналарга ҳам ўтиши мумкин эди, — дейди маҳаллада яшовчилардан бири.

Бошқарманинг ахборот хизмати раҳбари ҳодиса оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмаганини билдирмоқда. Айни пайтда ёнғин сабаби ва етказилган зарар ўрганилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг