Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Дунёдаги энг хавфли «касб»лардан бири — АҚШ президентлиги...

Дунёдаги энг хавфли «касб»лардан бири — АҚШ президентлиги...

АҚШнинг 35-президенти Жон Кеннеди.

АҚШ президентлигини ҳаёт учун энг хавфли «касб»лардан бири, дейиш мумкин. Мамлакат тарихидаги 46 президентдан 8 нафари лавозимида ишлаб туриб вафот этган. Америка президентларининг ўлим кўрсаткичи 17,4 фоизга тенг — хавфли касбларнинг ҳеч бирида бунақа статистика бўлмаса керак.

Америка президентларининг тўрт нафари ўлдирилган: Линколн (1865 йил, жанублик томонидан театрда), Гарфилд (1881 йил, руҳий хаста одам томонидан вокзалда), Мак-Кинли (1901 йил, анархист томонидан кўргазмада), Кеннеди (1963 йил, Ли Харви Освалд томонидан усти очиқ машинада кетаётганида).

Маълумот учун: Жон Кеннедига суиқасд қилинган 1963 йилда ҳозирги президент Жо Байден 21 ёшда, унинг рақиби Доналд Трамп 17 ёшда бўлган. 

Уилям Генри Гаррисон (9-президент) қасамёд қилганидан бир ой ўтиб вафот этган.

Закари Тейлор (12-президент)га атиги 1,5 йил президент бўлиш насиб этган, Мустақиллик байрамида чанқаб кетиб, устма-уст бир неча стакан муздек сут ичиб, музқаймоқ ва ҳўл мевалар еган. Оқибатда овқат ҳазм қилиш тизими бузилиб, бир неча кун касал бўлиб ётиб, оламдан ўтган.

29-президент Уоррен Гамалиел Гардинг 2 йил мамлакатни бошқарган, ғарбий штатларга сафари чоғида вафот этган. Рафиқаси Гардингнинг жасадини ёриб кўришга рухсат бермаган. Бунга икки сабаб келтирилади. Биринчисига кўра, меҳрибон рафиқа севимли турмуш ўртоғининг жасади хўрланишини истамаган. Иккинчи тахминга кўра, Гардинг ўз жонига қасд қилган. Расмий баёнотда эса Гардинг юрак хуружи оқибатида оламдан ўтгани айтилади.

АҚШнинг 32-президенти Франклин Рузвелт Ялта конференциясидан қайтгач, орадан икки ой ўтиб, 63 ёшида миясига қон қуйилиб вафот этган. Ўшанда мамлакатда бир ойлик мотам эълон қилинган, 1945 йилнинг май ойида Германия таслим бўлиши ҳам шу даврга тўғри келган. Мотамга қарамасдан, шу кун байрамга айланиб кетган, Рузвелтнинг вориси Гарри Трумэн шу кунни марҳум президентга бағишлаган. Франклин Рузвелт — АҚШ тарихида 2 муддатдан ортиқ президент бўлган ягона инсон, у тўртинчи муддатини энди бошлаганида оламдан ўтган. Ўша пайтларда мамлакат конституциясида икки муддатдан ортиқ президент бўлиш тақиқланмаган эди.

Юқоридагилардан ташқари, суиқасдлардан омон қолган президентлар ҳам бор: Роналд Рейган, Жорж Буш (Кичик), булар қаторига Доналд Трампни ҳам қўшиш мумкин — президент бўлган ва бўлмоқчи...

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг