Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Дунёдаги энг йирик мусулмон давлат Ғазога қўшин юбормоқчи

Дунёдаги энг йирик мусулмон давлат Ғазога қўшин юбормоқчи

Индонезия Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш учун камида 20 минг аскар юборишга тайёр. Бу ҳақда мамлакат президенти Прабово Субианто 23 сентябр куни БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида маълум қилди.

“БМТ Хавфсизлик кенгаши ва Бош ассамблея қарор қабул қилса, Индонезия Ғазо сектори ва Фаластиннинг бошқа ҳудудларида тинчликни мустакамлаш учун бирлашган кўп томонлама қўшин таркибида 20 минг ва ҳатто ундан кўпроқ аскар юборишга тайёр. Икки давлат ҳақидаги қарор орзу бўлиб қолмай, реалликка айланиши керак”, – деди Индонезия раҳбари.

Прабово Субиантога кўра, Индонезия БМТнинг тинчликпарвар миссиясида фаол қатнашиб келаётган давлат сифатида Ғазо секторида тинчликни мустаҳкамлашда ҳам жонбозлик кўрсатади.

Маълумот ўрнида: Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган Индонезия дунёдаги энг йирик мусулмон давлат ҳисобланади. Ушбу ўлка аҳолисининг (270 миллион киши) 85 фоизи мусулмонлардан иборатдир.

БМТ Бош ассамблеясининг 80-сессияси давомида яна бир қатор давлат раҳбарлари дунё ҳамжамияти эътиборини Ғазо секторидаги оғир вазиятга қаратди.

Жумладан, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Исроил Ғазода 23 ойдан буён ҳар соатда шафқатсизларча бир болани ўлдираётгани ҳақида гапирди.

“2-3 яшар маъсум болалар қўл-оёғидан ажралиб мажруҳ бўлиб қолиши Ғазода одатий ҳолга айланди. Мен дунёниннг барча етакчиларига қарата хитоб қилмоқдаман: одамзод истиқболи учун мазлум фаластинликларни ҳимоя қиладиган кун келди!” – дея хунрезликни тўхтатишга чақирди Эрдўғон.

Аввал хабар берганимиздек, БМТ минбаридаги нутқи мобайнида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ушбу масалага тўхталди.

“Ғазо секторидаги тобора кескин ёмонлашиб бораётган гуманитар инқирозни ҳам эътибордан четда қолдириб бўлмайди. Ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш ва сиёсий музокараларни давом эттиришга чақирамиз. Биз БМТ резолюцияларига мувофиқ, “икки халқ учун – икки давлат” тамойилини амалга оширишнинг қатъий тарафдоримиз”, – деди Ш.Мирзиёев. 

Расмий рақамларга қараганда, Исроил ҲАМАС ҳаракати ҳужумига жавобан Ғазо секторига бостириб кирган 2023 йил 7 октябрдан буён давом этаётган нотенг урушда 65382 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, яна 166985 нафари жароҳатланди. Яна минглаб жасадлар вайроналар остида қолмоқда.

ЮНИСЕФга кўра, Ғазода сўнгги 22 ой ичида ҳалок бўлган болалар сони 18 мингдан ортиб кетди

Ўтган ҳафта БМТ комиссияси Исроилнинг Ғазодаги ҳаракатларини геноцид деб тан олди.

Аввалроқ Исроилдаги икки етакчи инсон ҳуқуқлари ташкилоти – B'Tselem ҳамда Physicians for Human Rights ҳам Нетаняҳу ҳукуматини фаластинликларга нисбатан геноцид содир этишда айблаб чиққан эди. Ҳисоботда Исроил армияси содир этган жиноятлар, жумладан, минглаб болалар, аёллар ва кексаларнинг ўлдирилиши, мажбурий кўчиришлар, уй ва тураржойларнинг йўқ қилиниши, шифохоналарнинг вайрон этилиши, очарчиликнинг юзага келтирилиши батафсил тасвирланган.

Халқаро ташкилотлар Исроил армияси Ғазо секторида қонли урушни давом давом эттирар экан, фаластинлик тинч аҳоли вакиллари орасида қурбонлар сони шиддат билан ошиб бораётгани, ғазоликлар очлик, ташналик ва хасталиклар туфайли ҳам вафот этаётгани ҳақида бонг урмоқда.


Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг