Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

E-kon, бурғилаш ва бензин – «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот анжумани ўтказди

E-kon, бурғилаш ва бензин – «Ўзбекнефтгаз» АЖ матбуот анжумани ўтказди

«Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан «2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилаётган истиқболли лойиҳалар» юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Тадбир давомида маълум қилинишича, ташкилотда трансформация ислоҳотлари 2019 йилдан буён жадал амалга ошириб келинмоқда.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил 20 декабрда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида вазирлик ва тармоқларда рақамлаштиришнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, иқтисодиёт тармоқларида харажатларни камайтиришга фақат ва фақат рақамлаштириш орқали эришиш мумкинлиги таъкидланган эди.

Бурғилаш ишларини бошқариш
Давлатимиз раҳбари томонидан берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” АЖда мамлакатда илк бор Бурғилаш ишларини бошқариш марказини ташкил этишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди. Бурғилаш ишларини бошқариш марказини (ЦУБ) яратиш доирасида Жамиятга қарашли барча (жами 23 та) бурғилаш дастгоҳлари рақамлаштирилди. Бугунги кунда бурғилаш жараёнлари онлайн кузатиб борилмоқда ва таҳлил қилинмоқда. Марказлашган ташкилий-рақамли маконни яратиш компанияга қазиб чиқариш учун сарфланадиган вақтни, хусусан, қудуқларни бурғилаш муддатини 30 фоиздан ортиққа қисқартириш имконини беради.

E-kon
Шунингдек, табиий газни қазиб чиқариш тизимини рақамлаштириш – “E-kon” лойиҳаси бошланди. Ушбу лойиҳани амалга татбиқ этиш орқали конлардаги ер усти тизимлари рақамлаштирилиб, ер ости билан интеграция қилинмоқда. Ушбу лойиҳа орқали замонавий илғор технологияларни жалб қилган ҳолда углеводород конларидан табиий газ қазиб чиқариш жараёнларини тўлиқ автоматлаштириш кўзда тутилган. Айни пайтда лойиҳа доирасида барча конларда жами 4057 та босим ва ҳарорат ўлчов воситалари ҳамда 76 та алоқа станцияси ўрнатилди ва онлайн назорат тизими ишга туширилди.

Самарадорлик индекси
Ишлаб чиқариш жараёнларининг операцион самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш доирасида корхоналар фаолиятини самарадорлик индекслар асосида баҳолаш тизими жорий этилди. Асосий ишлаб чиқариш майдонларида ишончлиликни бошқариш ва операцион самарадорлик хизматлари ташкил қилиш мақсадида қуйидаги ишлар амалга оширилди.

⦁ GRI халқаро стандарти бўйича илк бор ESG ҳисоботи тузилди ва эълон қилинди. Корпоратив барқарор ривожланиш (ESG - Атроф-муҳит, ижтимоий ва бошқарув) экологик масъулият, ижтимоий масъулият ва корпоратив бошқарув йўналишни ўз ичига олади.

⦁ “VEMA Carbon” (Швейцария) ва “ICA-Finance” (Норвегия) компаниялари билан “Метан эмиссияларини қисқартириш” лойиҳаси бошланди. Муборак нефт ва газ қазиб чиқариш бошқармасида 246 та қудуқ ва газ тайёрлаш қурилмасида, 17 та газ ёқиш машъаласида ва 9 та резервуарда метан эмиссиялари аниқланди.

Аи-80дан воз кечиш
Давлат раҳбарининг 2025 йилдан Аи-80 маркали бензиндан воз кечиш масаласини узил-кесил ҳал қилиш бўйича берган топшириғига кўра Жамият томонидан Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда.

Хусусан, заводда ишлаб чиқариладиган автобензинни тўлиқ Евро-5 экологик синфи талабларига мос келадиган, йилига 1 млн. тоннадан зиёд фақат юқори октанли АИ-92 ва АИ-95 автобензинлари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида заводни модернизация қилиш лойиҳасини амалга ошириш борасида тадбирлар олиб борилмоқда.

Модернизация доирасида лойиҳалаш, қурилмаларни тайёрлаш, етказиб бериш, қуриш ва ўрнатиш, созлаш ва ишга тушириш, техник хизмат кўрсатиш бўйича Хитойнинг Миллий нефть - газ корпорацияси (CNPC) ва унинг таркибий Хитой нефт муҳандислик ва қурилиш корпорацияси (CPECC) билан ҳамкорлик қилинмоқда. Технологик жараён ва қурилмаларни танлаш борасида жаҳоннинг етакчи лицензиар ташкилотлари, жумладан Франциянинг “Axens”, АҚШнинг “Honeywell UOP” ва Россиянинг “НПП Нефтехим” компанияларининг таклифлари ўрганилди.

Ҳамкорлар тақдим этаётган таклифлар Жамият ва завод мутахассислари томонидан чуқур ўрганиб чиқилиб, online ва ofline форматлардаги мулоқотларда чуқур муҳокама қилиб борилмоқда.

Янги иш ўринлари
“Ўзбекнефтгаз” АЖда 2023 йил якунлари бўйича ишлаб чиқилган дастурга асосан Жамиятда 168 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилган бўлиб, амалда 189 та янги иш ўринлари яратилди. Ушбу иш ўринлари, “Жанубий Тандирча” конида ишга туширилган сиқув компрессор станцияси, “Гирсан-Чўлқувар” қудуқ усти компрессор станциясининг фойдаланишга топширилиши ҳисобига амалга оширилди.

Шунингдек, “Шатакка олиш” дастури доирасида 2024-2026 йилларда Қашқадарё вилоятида жойлашган тизим корхоналари томонидан 3 та лойиҳани ўз ичига олган “Йўл харита”си шакллантирилди. Уларни амалга ошириш натижасида 2024 йилда – 600 га яқин янги иш ўринларини яратиш кўзда тутилган.

Янги режалар
2024 йилда қуйидаги ишларни амалга оширилиши режалаштирилган:

1. BCG консалтинг компанияси билан ишлаб чиқилган жамият ўрта ва узоқ муддатли стратегиясини тасдиқлаш ва амалга оширишни бошлаш.
2. Жамият корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш “йўл харитаси”га мувофиқ PwC компанияси тавсияларини татбиқ қилиш.
3. “Е-кон” тизимини тўлиқ ишга тушириш, газ қазиб чиқариш жараёнларида газ сарфини онлайн равишда, инсон омилисиз назорат ва таҳлил қилиш имкониятини яратиш.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг