Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Элчи Розенблюм АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати моҳиятига ойдинлик киритди

Элчи Розенблюм АҚШнинг Ўзбекистонга нисбатан сиёсати моҳиятига ойдинлик киритди

Элчи Дэниел Розенблюм.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм расмий Вашингтоннинг Тошкентга нисбатан олиб бораётган сиёсати асосини нима ташкил этишига аниқлик киритди. АҚШ мустақиллигининг 246 йиллиги муносабати билан Тошкентда ташкил этилган маросимда нутқ сўзлаган дипломат бугун давлатларнинг суверенитетини асраш ҳаёт-мамот масаласи эканини ҳам таъкидлади. Тадбирда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов иштирок этди.

«Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш АҚШнинг 1991 йилдан буён Ўзбекистонга нисбатан олиб бораётган сиёсатининг асосини ташкил этади. Ўзбекистон мустақилликка эришганига 30 йил ўтган бўлса-да, бу қараш бугунги кунда ҳам сиёсатимизнинг асоси бўлиб қолмоқда. Чинакам миллий мустақиллик учун ҳақиқий суверенитет бўлиши керак. Бу дегани мамлакат ўзи қарор қабул қила олиши, жамият ва иқтисодиётни қандай ташкил қилишни ўзи ҳал қилиш керак дегани», – деди элчи Д.Розенблюм.

Қайд этилишича, АҚШ халқи ўтган 246 йиллик мустақил давлатчилиги давомида икки муҳим сабоқ чиқарди: биринчидан, мустақиллик ва суверенитет бебаҳодир ва уларни ҳеч қачон ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолган деб қабул қилмаслик керак; иккинчидан, мустақилликнинг  ўзи етарли эмас – эркинлик ва раият розилигига асосланган яхши ҳукумат бўлмаса, миллат равнақ топмайди.

Маросимда Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов қатнашди.

АҚШ дипломати суверен мамлакат қандай мезонларга жавоб бериши кераклигини ҳам шарҳлаб ўтди.

«Суверен мамлакат ташқаридан босим ва пўписага қарамай, бошқа давлатлар билан қандай муносабат ўрнатишни ўзи ҳал қилади. Аминманки, ўзбекистонликлар ва америкаликларнинг аксарияти айнан шундай фикрда. Ўз миллий манфаатларимиздан келиб чиққан ҳолда, қайси иттифоқлар ёки уюшмалар тузишни биз ўзимиз ҳал қиламиз», – деди у.

Украинадаги уруш дунё ҳамжамиятини хавотир ва ташвишга солаётгани сир эмас. АҚШ элчиси ўз нутқида сўнгги тўрт ой давомида рўй бераётган ҳодисалар ҳам айнан суверенитет тамойилининг бузилиши эканини қайд этди.

«Ўтган тўрт ой ичида содир бўлган воқеалар шуни яққол кўрсатдики, суверенитетнинг бузилиши аҳоли орасида даҳшатли талафотлар келтиради, суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик халқаро муносабатларнинг ҳимоя қилиниши лозим бўлган тамойилларидир», – деб таъкидлади дипломат.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ элчихонаси 9 май – Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалаба санаси муносабати билан берган баёнотида бир давлат ўз қўшнисини бўйсундириб, унинг ҳудудини куч билан босиб олишга уринаётгани, аммо башариятнинг бу тариқа қоронғи ва хатарли ўтмишга қайтишига сира йўл қўйиб бўлмаслиги таъкидланган эди.

Элчи Д.Розенблюм ўз нутқида мазкур фикрнинг мантиқий-узвий давоми сифатида ҳарбий жиҳатдан қудратли давлатлар ўз хоҳиш-истагини бошқа халқларга зўрлаб ўтказиши, дунёнинг ўрмон қонунларига қайтиши ғоят хатарли ҳолат эканини уқтирди. Таъкидланишича, ҳозирги беқарор паллада мамлакатларнинг эзгулик йўлида бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилиши муҳимдир.

«Америка давлатчилигининг донишманд оталаридан бири ва мамлакатимизнинг биринчи дипломати Бенжамин Франклин 1776 йил 4 июлда Мустақиллик декларациясини имзолаётганида имзо чекувчи бошқа ҳамфикрларига қарата айтганидек, «Биз ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқармасак, бошларимизга бирма-бир сиртмоқ солинади», – дея атоқли мутафаккирдан иқтибос келтирди Д.Розенблюм.

Бу йил Ўзбекистон ҳамда АҚШ ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлди.

Ушбу йирик санани ёдга олган дипломат икки мамлакат ҳамкорлиги яна узоқ йиллар ижобий ўзанда давом этишига ишонч изҳор этди.

«Ўзбекистон ва АҚШ мустақилликнинг ўзи етарли эмаслиги, балки эркинлик ва яхши ҳукумат ҳам кераклигини доимо ёдда тутсинлар. Икки давлатимиз барча фуқароларимизнинг виждон эркинлиги, сўз эркинлиги ва уюшма тузиш эркинлиги каби тамал ва умумбашар ҳуқуқларини ҳурмат қилишга интилсинлар», – дея тилак билдирди АҚШ элчиси.

Аввалроқ  АҚШ элчиси Ўзбекистоннинг Украинадаги уруш бўйича позициясини баҳолаб, Вашингтон бу позицияни ҳурмат қилишини қайд этган эди. Дипломат ўшанда ҳам АҚШ  суверенитет, мустақиллик ва ҳудудий яхлитлик каби принципларни айрича қадрлашини таъкидлаб, уларни «дунё барқарорлиги учун ўта муҳим халқаро принциплар» деб атаганди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг