Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Энди пойтахтликлар чақирган «Тез ёрдам»ини онлайн кузатиб боради

Энди пойтахтликлар чақирган «Тез ёрдам»ини онлайн кузатиб боради

Республика тез тиббий ёрдам маркази томонидан илк бор «103» бригадалари ҳаракатини реал вақт режимида онлайн кузатиб бориш йўлга қўйилди.

Ушбу тажриба-синов лойиҳасига кўра, эндиликда пойтахт аҳолиси тез тиббий ёрдам бригадаларининг қаерда эканлиги ва қанча вақтда чақирув манзилига етиб боришини онлайн кузатиб туришлари мумкин.

Янги лойиҳа «Yandex Uzbekistan» компаниясининг технологик ечими асосида амалга оширилиб, «103» бригадаси ҳаракатлари браузерда электрон харита орқали, яқин келажакда эса «Yandex Go» мобиль иловаси ёрдамида кузатиб борилади.

Унга кўра, «Тез ёрдам»га мурожаат қилингандан сўнг, тизим автоматик равишда бригаданинг ҳаракати реал вақт режимида кўрсатиладиган электрон харитага ҳавола орқали SMS-хабар юборади.

«Ушбу янгилик, энг аввало, тез тиббий ёрдам тизимида шаффофликни таъминлаш ва диспетчерларнинг иш юкламасини камайтиришга хизмат қилади. Ҳозирда бу ечим Тошкент шаҳрида шошилинч чақирувлар учун амал қилади, бироқ кейинчалик лойиҳани кенгайтиришни мақсад қилганмиз», –дейди Республика тез тиббий ёрдам маркази директори Абдувоитжон Гафуров.

Маълумот учун, Республика тез тиббий ёрдам марказига мамлакат бўйлаб ҳар куни ўртача 40 мингга яқин чақириқ келиб тушади. Уларнинг 60 фоизини эса шошилинч мурожаатлар ташкил этади.

Манба: t.me

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг