Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Евроосиё келажаги муҳокамада: барқарорлик, хавфсизлик ва янги ёндашувлар

Евроосиё келажаги муҳокамада: барқарорлик, хавфсизлик ва янги ёндашувлар

Мақсад Жангиров олган сурат

Пойтахтимизнинг Husma меҳмонхонасида “Марказий Осиё ва Россия – 2025: йил якунлари ва келажак контурлари” мавзусидаги якуний халқаро экспертлар брифинги бўлиб ўтди.

Тадбир “Берлек-Бирлик” маркази (Уфа), “Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази (Тошкент) ва “Восточний экспресс” интернет-нашри томонидан ташкил этилди. 

Россия, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан халқаро алоқалар бўйича экспертлар, жамоат арбоблари, олимлар, ёш сиёсатшунослар иштирок этган ушбу брифингда 2026 йил учун минтақавий барқарорликнинг устувор йўналишлари бўйича прогнозлар ўрганилди. Муҳим инфратузилма ва экологик муаммоларни ҳал қилишда можаро ва ҳамкорлик салоҳияти баҳоланди.

“Йил давомида саккизта эксперт брифинглари ўтказилди, лойиҳа иштирокчилари Евроосиё минтақасининг бугуни ва келажагини шакллантирувчи асосий муаммолар ва тенденцияларни батафсил таҳлил қилдилар, — дейди “Маъно” тадқиқот ташаббуслари маркази раҳбари Бахтиёр Эргашев.  — Мунозаралар кенг кўламли мавзуларни қамраб олди — юмшоқ куч воситаларини ўзгартириш ва йирик глобал иштирокчиларнинг геоиқтисодий позицияларини баҳолашдан тортиб минтақавий хавфсизлик, сув дипломатиясининг ўзига хос муаммолари ва “тинч ядровий энергия” истиқболларигача.

Хўш, ахборот соҳаси ва “юмшоқ куч”: қайси муаммолар янада кескинлашди ва уларга қандай жавоб бериш керак?  

Таҳлилларга кўра, Ғарбнинг “юмшоқ куч” сиёсати самарасини йўқотмоқда. Унинг ўрнини тобора тажовузкор, инструментал ва сиёсийлашган таъсир усуллари эгаллаяпти. Натижада гуманитар лойиҳалар ва ННТлар кўп ҳолда тор геосиёсий манфаатларни илгари суриш воситасига айланмоқда.

Мутахассислар фикрича, алмашинув дастурлари каби аввалги ҳамкорлик форматлари кескин қарама-қаршилик шароитида иш бермай қолган. Бу эса Марказий Осиё мамлакатларини ахборот ва маданий таъсир манбаларини қайта кўриб чиқишга мажбур этмоқда.

“Берлек-Бирлик” геосиёсий тадқиқотлар маркази этносиёсат ва конфликтология сектори мудири, доценти Артур Сулаймоновнинг сўзларига кўра ҳамкорлик анъанавий энергетика доирасидан чиқиб бормоқда: ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш даражаси 20 фоизга етган. Сулаймоновнинг таърифича, суверенитет — ташқи кучларни ҳисобга олмасдан ташқи ва ички сиёсат юрита олиш қобилиятидир. Шунингдек, олим 2025 йилда суверенитет тушунчаси қайта кўриб чиқилаётганини, ҳақиқий суверенитет иқтисодий, технологик ва ижтимоий мустақиллик билан боғлиқлигини таъкидлади.

“Ёш экспертларни қўллаб-қувватлаш масаласида асосий эътибор айнан янги авлод мутахассисларига қаратилиши керак. Бу борада ёшлар келажак жараёнларининг фаол ташаббускори сифатида кўрилмоқда”, — дея таъкидлади сиёсат фанлари доктори, Тошкент давлат шарқшунослик институти профессори Назокат Қосимова.

Экспертнинг қайд этишича, бугун Марказий Осиё давлатлари хавфсизлик, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик йўналишларида тобора келишилган ва умумий позицияни шакллантириб бормоқда. Айнан шу жараёнларда минтақавий ўзига хосликни англайдиган, замонавий фикрлайдиган янги авлод экспертларининг роли ортиб бормоқда.

Профессор Назокат Қосимованинг таъкидлашича, “Ёш сиёсатшунослар мактаби” каби ташаббуслар ёш мутахассисларнинг таҳлилий салоҳиятини ривожлантириш, уларнинг лойиҳа ғоялари ва қарашларини экспертлар мулоқотига олиб киришда муҳим майдон вазифасини бажармоқда. Шу боис келажакда минтақадаги ҳамкорлик ва барқарорликни таъминлашда айнан ёш экспертларга таяниш зарур.

Брифинг муҳокамалари шуни кўрсатдики, 2025 йил Россия ва Марказий Осиё муносабатларида ишончни мустаҳкамлаш йили бўлди. Бу ишонч энди фақат сиёсий баёнотлар билан эмас, балки иқтисодий диверсификация, хавфсизлик, сув дипломатияси ва “тинч атом” каби стратегик соҳаларда аниқ ҳамкорлик контурлари орқали мустаҳкамланмоқда.

Экспертлар фикрига кўра, ташқи ахборот босими ва ўзгариб бораётган “юмшоқ куч” усуллари умумий тарихий ва маданий қадриятларга таянган, бироқ замонавий, технологик ечимларни шакллантиришни талаб қилади.

Шу жараёнда янги авлод экспертларини қўллаб-қувватлаш ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Минтақавий ўзига хосликни англайдиган, замонавий фикрлайдиган ёш мутахассислар 2026 йил учун хавфсизлик, иқтисодий ва гуманитар ҳамкорлик бўйича барқарор ечимларни ишлаб чиқишда асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида кўрилмоқда.

Б.Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг