Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гавҳар кўзли зирак ёхуд орамиздаги олижаноб одамлар ҳақида

Гавҳар кўзли зирак ёхуд орамиздаги олижаноб одамлар ҳақида

фото:freepik.com

Ғафлат ва жаҳолат уйқусида бировнинг ҳисобига бойиб қолиш илинжида яшаётган одамлар бор орамизда, уларнинг  кунлари ва тунлари кепак баҳосида, арзон-гаров.

Кишиларни хушнуд қиладиган нарса олтину жавоҳир эмас, улар одамларнинг ҳаёт кечириши учун бир восита холос. Соғлиқни, умрни, вақтни, оромни, роҳатни бой бериб топилган пул ва мол-давлатлари эгаларига вафо қилмаганлиги тўғрисида китобларда ўқигандим, киноларда кўргандим. Энди уни дугонамнинг вафоти тимсолида ўз кўзларим билан кўриб тургандим. Дугонамнинг вафотидан сўнг узоқ ўйладим. Тилло, бриллиант тақинчоқларнинг нақадар аянчли оқибатини кўриб, икки дунёда тилло тақинчоқ тақмайман ва харид қилмайман, деб ўзимга ўзим сўз бердим.  Мен учун қадрли бўлган қимматбаҳо гавҳар кўзли узук сирға тўпламимни ўзим билиб таниб юрган тўрт боласи билан эри оғир хасталикдан вафот этиб бева қолган аёлга ҳадя қилиб юбордим.

Орадан салкам беш йил ўтиб бу воқеаларни ҳам деярли унутиб юборгандим. Тилло отлиқ тақинчоқлардан ҳоли яшаётганимга беш йил бўлибдики, биров мени тилло тақмагансан,деб қатордан қолдирмабди.  Куни кеча ўша бева аёл менга қўнғироқ қилиб қолди.  Яшаш манзилимни сўради.  2018 йилдан буён тўрт маротаба яшаш жойим ўзгаргани учун мени топишга қийналаётганини айтди. Манзилимни айтдим. Қизиқ. Нега излаётган экан, тинчликмикан, анчадан бери ҳол-аҳвол сўрамаганимдан  афсус қилдим. Манзилимни топиб келса 300-400 минг сўм илиниб юборишни кўнглимга тугдим. Аёл тўнғич қизи ва ўғли билан келди. Шафтоли, қароли каби мева-чеваю ўз қўллари билан қаймоқли  патир пишириб келибди.

– Бекор қилибсиз, нега оввора бўлиб буларни кўтариб юрибсиз?

Аёл қўлларимдан тутди. Меҳр билан кўзларимга боқди. Сиздан миннатдорман, энг қийин дамда қўллаб юборгандингиз. Бизга берган узук сирғаларингизни яхшигина пуллаб қизимга тикиш машинаси харид қилдик. Ўғлим  ҳовлига икки сотих иссиқхона қуриб ишга туширди. Тиришиб-тирмашиб ишладик. Ўз даромадимизни йўлга қўйдик. Ҳаётимизга файз киргандек бўлди. Ўғлим ҳам қизим ҳам битта мақсадни олдига қўйиб ишлашди. Яхши даромад қилсак, Райҳон опага тилло зирак совға қиламиз, деб аста-секинлик билан пул жамғариб боришди. Бугун шу мақсадларига етиб сизга ўзингизникидек қимматбаҳо бўлмасада, кичикроқ гавҳар кўзли зирак сотиб олдик. Бу зиракни қиёматли опа-сингил бўлиб қолишимизнинг тимсоли, деб қабул қилсангиз... Рухсат берсангиз, шуни ўз қўлларим билан қулоқларингизга тақиб қўйсам...

Бўғзимга нимадир тиқилди. Аёл ва унинг фарзандлари кўз ўнгимда ҳақиқий ҳаёт ошиғи бўлган ҳазрати инсонлар бўлиб гавдаланди.

Дарвоқе, кейинги ўн кунликда аёл қизини узатаётган экан. Қиёматли синглимга нима совға қилишни ўйлаб дилим ёришди...

                                                                                    Райҳон Раҳимова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг