Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғазо: Исроил бомбардимонида БМТнинг 11 ходими ҳалок бўлди

Ғазо: Исроил бомбардимонида БМТнинг 11 ходими ҳалок бўлди

ҲАМАС ва Исроил ўртасида қуролли тўқнашувларнинг янги тўлқини бошланган 7 октябрдан буён Ғазога ёғдирилаётган бомбалардан БМТнинг 11 нафар ходими ҳалок бўлди, деб хабар берди CNN.

Халқаро ташкилотнинг Фаластин қочқинларига кўмак бўйича Яқин Шарқ офиси (UNRWA) директори ўринбосари Женнифер Остинга кўра, ҳалок бўлганлар БМТнинг Ғазодаги мактаби ўқитувчилари, шифокор, психолог, муҳандис ва бошқа ходимлардир.

«Уларнинг айримлари ўз уйида оила аъзолари билан биргаликда ўлдирилган. UNRWA бу йўқотишдан қаттиқ қайғуда ва ҳалок бўлган ҳамкасбларнинг оилалари ва яқинларига ҳамдардлик билдиради», – дейилади идора расмий хабарида.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳолат юзасидан таассуф изҳор қилар экан, ташкилот ходимлари «катта товон» тўлаганини таъкидлаган.

Гутерриш халқаро гуманитар ҳуқуқ тамойилларини ҳурмат қилиш, тинч аҳоли қонини тўкмаслик ва қамал остидаги Ғазога сув, озиқ-овқат ва ёнилғи етказишга чорлаган.

Исроил бомбардимони оқибатида БМТ мактабларининг 30 нафар ўқувчиси ҳам ҳалок бўлган.

Айни пайтда 220 минг фаластинлик Ғазо минтақасидаги БМТ мактабларида жон сақламоқда. UNRWA Ғазода БМТ мактаблари ҳам талафот кўрганини маълум қилган.

Reuters агентлиги хабарига кўра, авиаҳужумлар оқибатида Қизил ярим ой халқаро ташкилотининг тўрт аъзоси ҳам ҳалок бўлган.

Исроил ҲАМАСнинг 7 октябрдаги ҳужумига жавобан 2,3 миллион нуфусли Ғазога бомба ёғдиришда давом этмоқда. Ҳар икки томондан ҳалок бўлганлар сони соат сайин ошиб бормоқда.

Жаҳон матбуоти Ғазодаги барча шифохоналар тўлиб кетгани, ўликхоналарда ҳам жой қолмагани ҳақида ёзган.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель Ғазодаги гуманитар ҳолатни «даҳшатли» деб баҳолаган.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг