Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Гепардлар нега энг тез югуради? Олимлар сабабини очиқлади

Гепардлар нега энг тез югуради? Олимлар сабабини очиқлади

Лондон Империал коллежи (Буюк Британия) олимлари гепардлар нима учун Ердаги энг тез югурувчи ҳайвонлар эканлигини аниқлашди. Сабаб уларнинг ўртача тана ҳажми билан боғлиқ.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, катта ҳайвонларнинг оёқ-қўллари энг узун ва мушаклари энг катта кучга эга. Аммо улар энг тез югурувчилардан эмас.

Муаллифлар йирик сутэмизувчилар, қушлар ва калтакесаклардан тортиб, майда ўргимчак ва ҳашаротларгача бўлган 400 хил турнинг ҳажми ва тезлиги ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилдилар. Бу уларга югуриш пайтида турли жонзотларнинг мушаклари қандай ишлашини тақлид қилиш имконини берди.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, табиий тезликни чекловчи икки сабаб мавжуд. Биринчиси, кинетик энергиянинг чегараси. Кичик ҳайвонларнинг мушаклари етарлича тез қисқара олмайди. Тез ҳаракат қилиш учун улар ўз вазнига нисбатан жуда кўп куч сарфлашлари керак ва бу уларнинг максимал тезлигини чеклайди.

Иккинчи чеклов йирик ҳайвонларга тегишли. Филлар ва каркидонлар каби турлар учун югуриш катта оғирликни кўтаришдек туюлиши мумкин, чунки уларнинг мушаклари нисбатан заифроқ ва тортишиш кучига қарши туриш кўпроқ энергия талаб қилади.

Гепардлар ўрта вазн тоифасига киради. Тадқиқот шуни кўрсатдики, уларнинг вазни (тахминан 50 кг) мушакларнинг энг самарали ишлаши учун мақбулдир. Шу боис улар ҳайвонот оламидаги энг тез югуриш тезлиги бўйича рекордчиларга айланишди, деб хабар бермоқда Nature Communications.

Тадқиқот натижалари мушаклар эволюциясининг асосий жисмоний тамойилларини яхшироқ тушунишга ёрдам беради. Шунингдек, улар тез ишлайдиган роботларнинг келажакдаги ишланмалари учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг