Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳар бир одам 120га киришга ҳақли»: узоқ умр кўриш сири нимада?

«Ҳар бир одам 120га киришга ҳақли»: узоқ умр кўриш сири нимада?

Узоқ ва яхши яшашнинг сири нимада? Бу ҳақда кўп ва хўп гапирилган, тадқиқотлар олиб борилган. Узоқ умр кўрувчиларнинг мазкур саволга жавоб берадиган ўзига хос одатлари бўлади: бир чимдим кулгидан кундузги уйқугача. Қуйида ана шундай инсонлар ҳаётига назар солиб, маслаҳатларига қулоқ тутамиз. Уларнинг аксарияти ҳаётга нисбатан оддий муносабатни тарғиб қилади ва қувноқ таомилларни намойиш этади...

Оддий ва муҳим сир

Эътибор берганмисиз, баъзи қариялар йигирма ёшли ялқовлардан фаол. Узоқ умр кўрувчиларнинг кўпчилиги доимий ҳаракатда бўлишни муҳим ҳисоблашади. Бу ёшдагиларнинг эътирофича, ҳамиша олға юришда давом этинг. Сиз муайян муаммоларга эътибор қаратишингиз мумкин. Бироқ дунёда барчаси шу қадар ғаройибки!.. Уйингизда одамлар кўп бўлсин. Турли-туман: ёш, кекса, оқ, қора, бутун дунёдан. Одамлар руҳлантиради.

– Фаол бўлинг, – дейди хорижлик ашаддий чанғичи аёл. – Мен юз ёшимга қарамай, ҳамиша ўз билганимча иш тутаман, чанғида учаман. Тўғри овқатланиш, машқлар бажариш, очиқ ҳаво ва қуёшда кўпроқ бўлишга интиламан. Ижобий фикрланг, ана шунда ҳаммаси рисоладагидек кечади. Агар нохуш ўйларга берилсангиз, танангизни ўзингиз заҳарлайсиз. Табассум қилинг, кулги умрни узайтиради, деганлари бежиз эмас. Энг яхши даво – кулги.

Баъзи қариялар йигирма ёшли ялқовлардан фаол.

Агар сиз соғлом бўлишни хоҳласангиз, зиналардан фойдаланинг ва анжомларингизни ўзингиз олиб юринг. 100 ёшли инсонлардан бири мушакларидаги ҳаётий фаолликни сақлаш учун иккиталаб зинани ҳатлаб ўтади.

Италия ороли бўлмиш Сардиния аҳолиси узоқ умр кўриши аниқланган. Уларнинг саломатлик ва тиббиёт билан боғлиқ маслаҳатлари нималардан иборат?

– Мен йиллар давомида ҳеч қандай дори истеъмол қилмадим, – дейди орол нуронийларидан бири. – Уларни фойдали деб ўйламайман, аксар дўхтирлар эса одамлардан тажриба қуёнчаси сифатида фойдаланишади. Жуда эрта ўлиб кетманг.

Тўғри гап, ахир, ёш – касаллик эмас-да!

«Мен ҳар бир одам 120 ёшгача яшашга ҳақли бўлиб, ундан ҳам ортиқ яшашига ишонаман, – деган эди машҳур Пол Брегг. – Соғлиқни сотиб олиб бўлмайди, унга фақат доимий ҳаракат, жонбозлик туфайли эга бўлиши мумкин».

«Мен ҳар бир одам 120 ёшгача яшашга ҳақли ва ундан ҳам ортиқ яшашига ишонаман, – деган эди машҳур Пол Брегг.

Эркакнинг дарди йўқми?

Инсон йиллар ўтган сайин ўз хатоларини англаб боради. Кўплаб қарияларнинг айтишича, бошқаларга нисбатан нафрат ҳиссини туйсангиз, ўзингизда сақланг. Ҳар қандай вазиятда ҳам ён-атрофдагиларга озор берманг.

Муҳаббатга ишонишда давом этинг. Ҳеч кимнинг сизни бошқаришга ҳаққи йўқ.

Йиғлагингиз келса, йиғланг, уялманг. Ичингизни бўшатиб туринг. Анча енгил тортасиз. Йиғлаб турганлари учун ҳам аёллар эркаклардан кўпроқ яшайдилар, бу оддий сир. Хўш, эркакда дард йўқми? У жами ҳасратларини ичида сақлаб, нариги дунёга олиб кетадими? Фақат йўқотишлар учун йиғлашга ошиқманг. Борига эътиборингизни қаратинг.

Ҳаёт – хурсандчилик. Мамнуниятни ҳис этинг.

– Ёшлигингизда саёҳат қилиб қолинг, – дейди 100 ёшлилар. – Пуллар ҳақида унутинг, пуллардан кўра тажриба муҳимроқ. Ёдингизда бўлсин, вақти келиб, нариги дунёга ҳеч нимани олиб кетолмайсиз.

Уларнинг яна бир маслаҳати: ўзингизни ҳеч ким билан тенглаштирманг. Акс ҳолда ҳеч қачон бахтли бўлмайсиз. Ҳар кимнинг назарида – нариги томонда ўтлар ҳамиша ям-яшил.

Ким биландир учрашиш ноқулай бўлса, бундай одам билан муносабат ўрнатишингиз шарт эмас.

Иштиёқ топа билинг ва у билан яшанг. Эътиқодда бўлинг. Ишонинг ва шунга монанд равишда яшанг. Мослашишни ўрганинг.

100 ёшли Эдрин Ли узоқ умр кўриш борасида тўртта оддий маслаҳат берган:

1) Олдинга қараб юришда давом этинг, сира таслим бўлманг.

2) Кўпроқ сайр қилинг.

3) Жўмракдан сув ичинг.

4) Қанчалик астойдил хоҳламанг, ўлишнинг кераги йўқ.

Бошқа бир нуроний ёшли Люсиль Льюис бахт сари йўлни шундай истифода этади:

– Ҳаёт – хурсандчилик. Бу борада ҳаммаси ўзингизга боғлиқ. Мамнуниятни ҳис этинг. Ҳамма вақт «бахтли» юришингиз шарт эмас, шунчаки шодон бўлинг. Одамларни яхши кўринг. Ҳар қандай одамнинг яхши кўрса арзийдиган қайсидир жиҳатини топинг. Нима бўлганда ҳам биз, барчамиз инсонлармиз.

Юз ёшли айрим кексаларнинг айтишича: «Яхши таълим олинг. Бу бошқа ҳеч ким сиздан тортиб олмайдиган бойликдир».

Дастурхон ва иштаҳа

Хўш, 100 ёшлилар овқатланиш борасида нималар дейдилар?

– Биз болалигимизда шунчалик ўйнаб қувнаганмизки, кўпинча овқатланиш ва ухлашни ёддан чиқарганмиз, – дейди улардан бири. – Катталар ҳам шундай қилишлари керак, деб ўйлайман. Тушлик ва уйқу билан боғлиқ қатъий қоидалар асосида ўзингизни ҳолдан тойдирманг. Мана, мен нонуштага қаҳва, бир стакан сут ва бир ош қошиқ миқдорида апельсинли шарбат истеъмол қиламан. Зайтун мойи артерия ва тери учун фойдали. Тушликка – сут ва печенье ёки жуда банд бўлсам, ҳеч нима! Мен ҳеч қачон очликни ҳис этмайман, чунки эътиборимни иш фаолиятимга қаратаман. Кечки овқатланишга сабзавотлар, гуруч билан озроқ балиқ ва ҳафтада икки марта – ёғли бўлмаган 100 грамм гўшт.

Бу нуронийнинг тавсиясига кўра, пенсияга чиқишнинг ҳожати йўқ, бироқ бунга қатъий хоҳиш бўлса – 65 ёшдан олдин эмас.

– Агар шифокор қандайдир таҳлил ёки жарроҳлик операциясидан ўтишни маслаҳат берса, ундан хотинингиз ёки болангизга шундай амалиётни раво кўрармидингиз, деб сўранг. Оддий ҳақиқат шуки, врачлар ҳаммани ҳам даволай олишмайди. Шундай экан, нокерак операциялар туфайли оғриқ орттиришнинг нима кераги бор? Менинг ўйлашимча, жониворлар ва мусиқий терапия шифокорлар ўзларига раво кўрганидан кўра кўп ишларга қодир.

Руҳланинг, ширин ҳаяжон ҳис этинг. Каминани Роберт Браунинг қаламига оид «Аббат Фоглер» шеъри ҳаяжонга солади (Роберт Браунинг – инглиз шоири, у ҳамкасби – икки оёғи фалаж бўлган Елизавета Барретга уйланиб, бахтиёр қилган). Бу шеърни менга отам ўқиб берган.

Олдинга қараб юришда давом этинг, таслим бўлманг.

Ҳа, оғриқ – жумбоқли жараён. Уни унутишнинг яхши йўли – хурсандчилик қилишдир. Қолаверса, фан ўз-ўзидан ёрдам бермайди ва одамларни даволамайди.

Фойдали овқатни истеъмол қилмасликка интилинг. Мен нимаики хоҳласам, ҳаммасини ейман. Узоқ умр кўришнинг сири – музқаймоқда.

– Узоқ умр кўриш – ажойиб, – дейди 100 ёшлилардан бири. – Дастлабки олтмиш йил мобайнида оиланг ва мақсадинг йўлида ишлаш осон кечади. Кейин эса жамиятга нафинг тегиши учун бор кучингни сарфлашингга тўғри келади. Мен 65 ёшимдан кўнгилли бўлиб ишладим ва ҳозиргача ҳафтасига етти кун 18 соатлаб ишлашга лаёқатим бор, ҳар бир дақиқадан лаззат оламан. Ҳаддан зиёд овқатланманг. Мева ва сабзавотларни кўп истеъмол қилинг. Ҳафтасига икки марта гўшт енг, айниқса балиқ гўштини.

Акбар Фатҳуллаев

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг