Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ҳайдовчилар учун ҳайитлик. Кундузи чироқ ёқиб юриш қоидаси ўзгартирилди

Ҳайдовчилар учун ҳайитлик. Кундузи чироқ ёқиб юриш қоидаси ўзгартирилди

Фото: «Спокойно.ру»

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра автотранспорт воситаларининг барча турлари учун кундузи яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларни ёқиб юриш ҳақидаги қоида 2021 йилнинг 1 январига қадар қолдирилди. Шу тариқа баъзи истисноларни инобатга олмаганда, кундузи чироқ ёқиб юриш энди вақтинча талаб қилинмайди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га расман маълумот бериб ўтилди.

Унга кўра, куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги бўйича талаб автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди;

Қарорга кўра қуйидаги автомототранспорт воситалари кундузи чироқ ёқиб юриши шарт:

– транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда;
– йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида;
– болалар гуруҳини ташкилий ташишда;
– хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда;
– механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида);
– мотоцикл ва мопедларда.

Қарорга мувофиқ 2020 йил 1 январдан шундай тартиб жорий этилиши лозимки, унга мувофиқ:

– мамлакатда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилади;

– республикага чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқларининг мавжудлиги сертификациядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланади.

Шу билан биргаликда юртимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини яна-да яхшилаш мақсадида қуйидаги тадбирлар амалга оширилади:

– Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти билан биргаликда икки ой муддатда муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари билан ҳамкорликда бир ой муддатда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига куннинг ёруғ вақтида автомототранспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаганлиги учун жавобгарликни енгиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқсин.

– Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.

Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари – транспорт вазири А.Ж.  Раматов ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири П.Р.  Бобожонов зиммасига юклатилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг