Путин дастлаб Қримга сўнг Мариуполга борди
Россия президенти Владимир Путин Мариуполда хизмат сафарида бўлди. Бу ҳақда бугун, 19 март куни Кремль матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар берамоқда ТАСС.
Путин Мариуполга вертолётда учиб келган ва машинада шаҳарнинг бир нечта туманларини айланиб чиққан.
Ташриф давомида Путин шаҳарнинг қатор объектларини, жумладан, қирғоқ бўйи, яхта-клуб ҳудуди, театр биноси, шаҳарнинг тарихий жойларини бориб кўрган, маҳаллий аҳоли билан суҳбатлашган ва бир оилада меҳмон ҳам бўлган.
«Сафар давомида Бош вазир ўринбосари Марат Хуснуллин Президентга шаҳар ва унинг атрофида олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши ҳақида батафсил маълумот берди. Хусусан, янги микрорайонлар, ижтимоий-маърифий объектлар, уй-жой коммунал инфратузилмаси, тиббиёт муассасаларини барпо этиш ҳақида сўз борди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Маълумотларга кўра, кеча 18 март куни Владимир Путин Қримга ташриф буюрган. У Севастополдаги санъат мактаби ва «Корсун» марказининг очилишига борган. Лекин расмий Москва томонидан Путиннинг Қримга сафари эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, Гаагада жойлашган Халқаро жиноий суди (ХЖК) Россия президенти Владимир Путин, шунингдек, болалар ҳуқуқлари бўйича омбудсман Мария Лвова Беловони ҳибсга олишга ордер берган эди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter