Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Ҳоооой, ғафлат уйқусидан уйғонинглар!» – блогер кескин талаб билан чиқди

«Ҳоооой, ғафлат уйқусидан уйғонинглар!» – блогер кескин талаб билан чиқди

Фото: «Xabar.uz»

Россиялик тарихчи Михаил Смолиннинг «1917 йилги инқилобга қадар ўзбеклар миллати сифатида мавжуд бўлмаган» деган даъвоси ўзбекистонлик зиёлиларнинг кескин эътирозига сабаб бўлмоқда. Жумладан, блогер ва ҳуқуқшунос Хушнуд Худойбердиев ўзбек халқига очиқдан-очиқ таҳдид қилаётган бу каби кимсаларга кескин чоралар кўришни талаб қилди.

Ёлғон пропаганда билан соф илм-фанни чалкаштириб-чоғиштириб юборган Михаил Смолин НТВ телеканали эфирида МДҲ минтақасидаги бир қатор суверен давлатлар халқларининг миллат сифатидаги кўп асрлик тарихини суллоҳларча рад этади.

«Қозоғистон қандай пайдо бўлганини олайлик. Аввал РСФСР таркибидаги Қозоқ Республикаси деб аталди. Яъни қозоқлар умуман мавжуд эмас эди. Кейин Қозоғистон ССР ичида Қирғизистон АССР тузилди. Кейин у РСФСРдан ажратилди. Сираси, миллатларни шакллантиришга доир қарорлар шахсий ирода асосида қабул қилинди. Масалан, ўзбеклар ҳам инқилобга қадар мавжуд эмас эди. Бундай этник ном йўқ эди. Бир неча Ўрта Осиё халқларидан ўзбеклар ҳосил қилинди. Хўш, озарбайжонлар ким – бундай миллат йўқ», – дейди пропагандачи.  

Хушнуд Худойбердиев Россия босқинчи пропагандасининг бу каби таҳдидлари тасодифий эмас деб ҳисоблайди.

«Бу каби ҳолатлар шунчаки тасодиф эканлигига ишониш учун ақли норасо бўлиш керак. Соғлом одам буларнинг барчаси нима учун қилинаётганини яхши билади. Чунки Украинага босқин ҳам айнан мана шу каби умумий тезислар асосида бошланган. Яъни узоқ йиллар шовинистик пропаганда машинаси томонидан Украинанинг давлатчилик тарихи йўқлиги, миллат сифатида мавжуд эмаслиги, Ленин яратган сунъий давлат эканлиги ҳақидаги чўпчаклар рус халқи онгига сингдирилган ва бугун бунинг оқибатини ҳаммамиз кўриб турибмиз», – дейди блогер.

Х.Худойбердиевнинг куюниб ёзишича бу каби ахборий ҳамлаларни жиддий қабул қилиш, Ватанимиз мустақиллигини ҳимоя қилиш учун ақлни ишлатиш ва керакли чораларни кўриш керак. Агар ҳозир ақл ишлатилмаса, эртага Ватан ҳимояси учун қурол ишлатишга тўғри келади.

«Нега биз мана шунақа исқиртларга қарши бирор чора кўра олмаймиз? Нега доим рус шовинистларига қарши мулойим ва бағрикенг муносабатда бўламиз? Нега Россия элчисини «чақиртирмаймиз-у», шунчаки «таклиф этамиз»? Нега бутун бошли Ўзбекистонни босиб олиш ҳақида гапирганларга қарши жиноят иши қўзғатмаймиз? Нега ўзбек халқини ерга урганларни Ўзбекистонга киришини тақиқлаш ҳақида қарорлар қабул қилмаймиз? Нега доим қўрқиб яшашимиз, «катта оға» нима деркан деб, оғзини пойлаб туришимиз керак?» – дея оғриқли саволларни қўяди у.

Блогер россияпараст ўзбекистонликларни ҳам кўзини каттароқ очишга ундаган.

«Ижтимоий тармоқларда ҳам доим Россиянинг ёнини оладиган, у нима қилса тўғри деб ҳисоблайдиган ва минг афсуски, миллионлар афсуски, миллиардлар афсуски, ҳатто Ўзбекистонни Россия босиб олишини ҳам қўллаб-қувватлайдиган юртдошларимиз ҳам борки, улар ҳам кўзларини очишлари керак. Сал одамга ўхшаб мантиқий фикрлашни бошлаши, пушти кўзойнакни ечиши керак. Ватанини севиши керак. Бунинг учун эса энг аввало ифлос рус пропаганда телеканалларини Ўзбекистонда чеклаш керак. Бу илк қадам бўлиши шарт! Ҳоооой, ғафлат уйқусидан уйғонинглар!» – дея хитоб қилади Х.Худойбердиев.

Бошқа бир гуруҳ фаоллар ҳам Ўзбекистон ҳудудида Россиянинг барча пропаганда каналларини ёпиш, зудлик билан Ўзбекистонга кириши тақиқланган кишилар рўйхатини жорий қилиш ва ушбу рўйхатга М.Смолин каби шахсларни тиркашни таклиф қилган.

Бу Кремль пропагандачиларнинг яқин вақт ичидаги иккинчи кучли ахборий хуружидир. 2023 йил декабрь ойида «Справедливая Россия – за правду» партияси ҳамраиси Захар Прилепин Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш даъвоси билан чиққан эди.  Провокацион баёнот ортидан Россия элчиси Олег Мальгинов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилган.

Кейинроқ «Справедливая Россия – за правду» партияси раҳбарияти Захар Прилепинга нисбатан ҳеч қандай жазо қўлланмаслигини маълум қилган.

Ўшанда ҳам бир гуруҳ сиёсатшунослар Прилепин лафзида янграган босқинчилик даъвоси президент Владимир Путиннинг асл мақсад-муддаоси экани, Кремль империячилик ғоясидан воз кечмаслиги, бинобарин, шунга мувофиқ равишда керакли чоралар кўриш кераклигини уқтирган эди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг