«Навбат Ўзбекистонга келди» – сиёсатшунослар жиддий хатардан огоҳлантирмоқда
Рус пропагандачи-амалдори Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш ҳақидаги даъвоси мамлакатимиз аҳлининг кескин эътирозига сабаб бўлди.
Провокацион баёнот ортидан Россиянинг Тошкентдаги элчиси Олег Малгинов Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига чақирилди.
Куракда турмайдиган иддаога собиқ ва амалдаги депутатларимиз муносабат билдириб чиқди.
Прилепин оддий бир қаламкаш бўлганида, эҳтимол, унинг таҳдиди бу қадар жиддий қабул қилинмасди. Аммо у «Справедливая Россия – за правду» партияси ҳамраиси, «Росгвардия»нинг муҳим вазифалар бўйича полки командири ўринбосари саналади. Қолаверса, бу шахс «Путин командаси»нинг аъзоси деб таърифланади.
Шу боис ҳам бу борадаги муҳокама, мунозаралар давом этмоқда. Айрим таҳлилчи ва сиёсатшунослар Прилепин лафзида янграган босқинчилик даъвоси Путиннинг асл мақсад-муддаоси экани, Кремль империячилик ғоясидан воз кечмаслиги, бинобарин, шунга мувофиқ равишда керакли чоралар кўриш кераклигини таъкидламоқда. Қуйида уч сиёсатшуноснинг мулоҳазалари эътиборингизга ҳавола этилмоқда.
Рус сиёсатчилари агрессия билан дўст орттириб бўлмаслигини англаши зарур
Бобур Бекмуродов, «Юксалиш» ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати:
«Захар Прилепиннинг «Ўзбекистонни босиб олиш» таҳдиди – мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат. Рус сиёсатчиларининг бундай қарашлари, шубҳасизки, ўзбекистонликлар орасида Россия Федерациясига салбий муносабатни кучайтирмоқда. Унинг тобора камайиб бораётган нуфузини янада пасайтирмоқда. Рус сиёсатчилари агрессив кайфият ва сўзлар билан дўст орттириб бўлмаслигини англаб етиши зарур. Айнан шундай агрессив ҳаракатлари дўстона муносабатдаги мамлакатлар билан алоқаларнинг ёмонлашишига сабаб бўлмоқда.
Иккинчидан, Захар Прилепинни бундай ҳаракат Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддасида назарда тутилган жиноий жавобгарликни келтириб чиқариши ҳақида қатъий огоҳлантирамиз.
Учинчидан, Прилепин ва бошқа рус сиёсатчилари илгари сураётган бундай қарашлар иллюзиядан бошқа нарса эмас. Кимгадир ёқадими, ёқмайдими, Ўзбекистон мустақил, мустаҳкам суверенитетга эга мамлакатдир.
Қолаверса, қарийб 60 минг аъзога эга бўлган Ҳаракат номидан Россия расмийларини иттифоқчи мамлакатга нисбатан бундай агрессив баёнотларга эътибор қаратишга ва батамом чек қўйишга чақираман.
Прилепин бу гаплари билан Россия Конституциясининг ўзга давлатлар билан тинч ҳаёт кечириш, ички ишларига аралашмасликни назарда тутувчи 79.1- моддасига қарши чиқмоқда».
Прилепиннинг баёноти Кремлнинг қараши бўлиши эҳтимоли юқори
Камолиддин Раббимов, сиёсатшунос:
«Ўзбекистонни босиб олишни таклиф ва тарғиб қилаётган Захар Прилепин бир вақтлар мухолифатда бўлган. Қрим босиб олинганидан кейин Путинга муносабати ўзгарган, ижобийлашган. Украина урушига қадар, Прилепин жуда кўп марта «Украинани босиб олиш керак!» деган чақириқлар билан чиққан. Шунинг учун Европа Иттифоқи санкцияларига тушган. Бугун эса Прилепин Кремлга яқин сиёсатчи сифатида Марказий Осиёни, Ўзбекистонни босиб олиш керак деган фикрни олдинга сурмоқда.
Прилепин – расмий сиёсатчи, расмий рўйхатдан ўтган партия лидери ва «Справедливая Россия» билан бирга тузилган коалицияда лидерлардан бири. Яъни Прилепиннинг баёноти – Кремлнинг қараши, лойиҳаси, кайфияти бўлиши эҳтимоли юқори. Прилепин эмоцияга берилиб гапирмади. Ўйланиб, сўз излаб гапирди. Давлат учун жиддий сигнал!
Ҳали Украина енгилгани йўқ, ҳали уруш давом этяпти. Лекин россиялик империячилар, пропагандачилар бошқаларга тажовуз қилишни бошлаб юборишди. Сабаби – улар «Украинани ютдик, энди навбат қолганларга!» деган хулосага келиб бўлишди. Агар Россия Украинани тўлиқ ва осон ютганида эди, бугун уруш бошқа давлатларда кечаётган бўларди. Мен бунга ишонаман. Балки уруш гибрид шаклида кечарди. Лекин Путин Россияси империячиликдан воз кечмайди. Бу кайфият кучайиши мумкин, пасайиши мумкин, лекин йўқолмайди».
Қон ҳидини олган одамхўр
Фахриддин Низомов, сиёсатшунос:
«2014 йилда Қрим аннексия қилиниши ва ўтган йил февралида Украинага аҳмоқона баҳоналар билан бостириб кирилишидан анча олдин Россия ахборот маконида гўё Қрим Украинага нотўғри бериб юборилгани ҳақида турли гап-сўзлар болалаб кетган эди ва улар нима билан тугаганини бугун кўриб турибмиз.
Путиннинг Қозоғистонда давлатчилик бўлмагани ҳақидаги иддаолари ортидан Россиянинг миллатчи шовинистлари унинг шимолидаги ҳудудлар гўё руслар ери экани хусусида очиқча гапира бошлади.
Энди навбат Ўзбекистонга келди. Украинадаги урушда қатнашиб, қон ҳидини олган одамхўр Прилепин меҳнат мигрантлари баҳонасида Ўзбекистонни Россияга қўшиб олиш ҳақида очиқ гапиряпти.
Жамоатчилик ижтимоий тармоқлар, нодавлат интернет ресурслари орқали унинг иддаоларини танқид қиляпти, ҳатто айримлар уни ўлдиришга ҳам даъват этяпти. Лекин гап Прилепинда эмас. Рус шовинистларининг СССРни тиклашдай ёвуз ва одамхўрлик ғояси у қулагандан бери мавжуд ва борган сари кенг тарқалиб бормоқда.
Токи Ўзбекистон Россия ахборот маконидан чиқиб кетмас ва Россия телеканалларини тақиқламас экан, ўша ғоя ватандошларимиз онгига чуқурроқ илдиз отаверади. Афсуски, ҳокимият бунинг йўлига тўсиқ қўйиш борасида деярли ҳеч иш қилаётгани йўқ.
Вазият тобора таҳдидли тус олаётганини тўғри баҳолай олишимиз ва жавоб чораларини кўришимиз, яъни халқни мустақилликни ҳимоя қилишга тайёрлашимиз шарт. Қўлидан ҳеч иш келмайдиган икки-уч депутатни Прилепинга қарши гапиртирган билан ҳеч нарса ўзгармайди».
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter